Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши валюта бозори ислоҳотлари яқинлашаётганига далолат қилади

Марказий банк бошқаруви 28 июндан қайта молиялаш ставкаси ҳозирги 9% ўрнига йилига 14% этиб белгиланиши ҳақида қарор қабул қилди. Бу қарор нималарга асосланган ва иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатади?

Stavka-refinansirovaniya-chto-e`to-takoe-prostyimi-slovami

Қайта молиялаш ставкаси (ҳисоб ставкаси) – марказий банклар тижорат банкларига берадиган кредит фоизидир. Бу пул-кредит сиёсатининг ўта муҳим воситаси бўлиб, марказий банкларга қуйидаги имкониятларни беради:

инфляция даражасини бошқариш (ҳисоб ставкаси қанчалик баланд бўлса, пул эмиссияси шунчалик камаяди, чунки пуллар “қиммат”лашади),

банк фоиз ставкалари даражасига таъсир кўрсатиш (банклар МБдан пулларни қанчалик арзонга “харид” қилсалар, бизнес ва аҳоли учун кредитлар шунчалик арзон бўлади).

Бироқ Ўзбекистонда ҳисоб ставкаси пул муомаласига ва бутун иқтисодиётга ўзгача таъсир кўрсатади.

Гап шундаки, мамлакатимизда МБ тижорат банкларига муайян даражадан юқори фоиз ставкалари белгилашни тақиқлайди. Бу даража эса, қайта молиялаш ставкасига боғлиқдир. Ҳолбуки, тижорат банклари МБдан қайта молиялаш ставкаси бўйича кредитлар олиш кафолатига эга эмаслар. Бинобарин, қайта молиялаш ставкасининг ўзгариши тижорат банклари фоиз ставкаларига бозор механизмлари орқали эмас, балки мутлақ маъмурий чоралар орқали таъсир кўрсатади.

Қайта молиялаш ставкаси ва унга боғлиқ бўлган банклар фоиз ставкалари реал инфляция даражасига нисбатан паст эканлиги сабабли, тижорат банклари кредитларига (демак, МБнинг кредитларига ҳам) талаб катта. Лекин МБ, нархларни кескин кўтармай ва пул муомаласи тизимини барбод этмай, иқтисодиётга бунчалик катта миқдорда пул кирита олмайди. Шу билан бирга, бизнес ва аҳоли томонидан пул маблағлари киритиш ҳам чекланган бўлади – паст фоиз ставкалари сўмдаги депозитларни очиш ва тўлдиришга рағбат уйғотмайди.

Тегишлича, банклар ўз мижозларининг амалдаги фоиз ставкалари бўйича талабларини қондириш имконига эга бўлмайдилар. Классик вазият юзага келади: товар нархи (бу ҳолда фоиз ставкаси)нинг сунъий туширилиши оқибатида талаб таклифдан ортиқ бўлади ва сурункали танқислик юзага келади. Натижада, кредит олишда қарздорлар кўплаб қўшимча мураккабликлар (кредит олиш ва унга хизмат кўрсатишдаги учига чиққан қоғозбозчилик, гаров таъминотига талабларнинг юқорилиги)га ва ортиқча харажатлар (“рози қилиш”, “хизмат кўрсатиш” учун комиссия)ларга дуч келадилар. Буларнинг бари кредитга талабни чеклайди.

Бу вазият валюта бозорини бошқаришга жуда ўхшаб кетади. Расмий курс бор, лекин МБ у бўйича валютани сотиш мажбуриятини олмаган. Бу курс бўйича валюта фақат сараланган омадлиларгагина сотилади. Экспортчилар расмий курс бўйича валютани сотишдан манфаатдор эмас. Пировардида расмий бозорда валюта танқислиги юзага келади, бу эса турли оқибатларга: кети узилмайдиган навбатлар, “рози қилиш”лар, қора бозор кабиларга олиб келади.

Давлат нарх шаклланишига маъмурий услублар билан аралашадиган ҳар қандай бозорда шу каби вазият юзага келади. Бунда гап валюта бозори ҳақида кетяптими ёки картошка савдоси ҳақидами – фарқи йўқ.

Қайта молиялаш ставкасининг оширилиши нимани англатади?

Биринчидан, ҳақиқий инфляция Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинадиган истеъмол нархлари индекси (ИНИ) расмий кўрсаткичларидан юқори эканлиги. Савол туғилади – қанчалар юқори? МБда “осмондан олинган” эмас, балки реал нарх кўтарилиши суръатлари ҳақида маълумотлар бормикан? Бор, дея умид қиламиз, чунки, акс ҳолда, самарали пул сиёсатини ўтказишнинг иложи йўқ.

Иккинчидан, бу чора инфляция кучайиши эҳтимоли катта бўлгани сабабли, келгусида нархлар кўтарилиб кетишининг олдини олишга қаратилган. Инфляциянинг кескин ўсиши валюта бозори эркинлашувида ҳам, нақд пул муомаласига чекловлар бекор қилинганда ҳам рўй бериши мумкин.

Учинчидан, ҳисоб ставкасининг оширилиши кредит тизимини ислоҳ қилишда ўта муҳим саналади. Агар банкларга кредит сиёсатини мустақил амалга ошириш, жумладан фоиз ставкасини ўз ихтиёрига кўра белгилаш имконияти тақдим этилса, қайта молиялаш ставкаси ўзининг бозор иқтисодиётига хос бошқарув функциясига эга бўлади. Бундай ҳолда у жуда арзон бўлмаслиги лозим, акс ҳолда МБ кредитларига талаб ниҳоятда ўсиб кетади ва инфляция кескин тус олади.

Тўртинчидан, ҳисоб ставкасини ошириш валюта бозори эркинлашуви арафасида муҳим бўлади. Ўта паст ҳисоб ставкаси оқибатида банклар МБдан кредитларни валюта чайқови учун ола бошлайдилар. Натижада чет эл валютасига ниҳоятда катта талаб пайдо бўлиши ва сўм алмашинув курски кескин тушиб кетиши мумкин.

Бинобарин,  МБ ҳаракатлари буткул ўзини оқлайди ва яқин келажакда валюта бозори ва кредитлаш тизими ислоҳ қилиниши ҳақида хабар бериши мумкин.

Пул сиёсатини кучайтириш бўйича қабул қилинаётган чоралар (бу ҳаракатлар ҳали яна давом этадиган кўринади), шубҳасиз, банк фоиз ставкалари ошишига олиб келади. Албатта, бу банклардан кредит олиш имконига эга потенциал ва амалдаги кредит олувчилар манфаатига зид.

Шу билан бирга, қуйидагиларни ҳам аниқ тушуниб олиш зарур:

– кредит олувчилар учун кредит олиш ва уларга хизмат кўрсатишга оид реал харажатлар эълон қилинадиган фоиз ставкаларидан анча катта ва кредит тизимининг либераллашуви бу қўшимча харажатларни сезиларли даражада қисқартириш, шунингдек бугунги кунда бундай имкониятдан маҳрум бўлган тадбиркорларни ҳам банк кредитларидан фойдаланишга жалб қилиш имконини беради;

– жорий фоиз ставкалари ниҳоятда пастга тушириб юборилган бўлиб, кредит тизими либераллашуви шароитида бундай қола олмайди;

– фоиз ставкаларининг ошиши банк депозитларига омонатлар келишини рағбатлантиради, бу эса, келгусида кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг мақбул даражасини таъминлаш имконини беради;

­– ҳисоб ставкасини оширмай туриб, инфляцияни жиловлаб бўлмайди, бинобарин, фоиз ставкаларини тушириш ва келгусида инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш имконсиздир.

МБ томонидан қабул қилинаётган, пул сиёсатини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар инфляцияни жиловлаш борасида ўз самарасини беради ва валюта бозорининг либераллашуви ва мамлакат кредит тизимининг ислоҳ қилиниши учун шароит яратади, деб умид қиламиз. Зеро бу яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган тизимли ислоҳотлар (жумладан банк ислоҳотлари)нинг муҳим узвий қисмидир.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган