Барча касблар бирдек муҳим: биржа чайқовчиларининг ўрни ҳақида

Сўм барқарорлигини таъминлаш учун валюта биржасига “валютачи”лар – биржа чайқовчиларини киритиш ниҳоятда муҳимлиги ҳақида сўз юритамиз.

волк с уолл-стрит

Бехзод ХошимовБеҳзод Ҳошимов – иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти. 2016 йил май ойидан Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Сингапурдаги Нанянг технология университети математика бакалаври даражаларига эга. Висконсин университети жамоаси вакили сифатида Федерал захира тизими томонидан 2015 ва 2016 йилларда ўтказилган монетар сиёсат соҳасидаги энг яхши таклифлар танловида қатнашган.

Иқтисодчилар ишининг бир қисми хатоларнинг олдини олишдан иборат. Бу эса, хатога йўл қўйишга қараганда анчайин қийин (лекин анча қизиқарлироқ) ишдир.

Роберт Солоу

Ўзбекистонда узоқ вақт эркин конвертациянинг мавжуд бўлмаганлиги бозорга янги иштирокчилар киришига (маҳаллий ёки хорижий инвесторларга) тўсқинлик қилиб, рақобатга салбий таъсир кўрсатди.

Ва ниҳоят, узоқ кутилган кун етиб келди – конвертация жорий этилди, аҳоли ва фирмалар энди валютани эркин харид қилиши ва сотиши мумкин. Фақат кичик чеклов мавжуд: валютани фақат конверсия картасига олиш мумкин, нақд берилмайди. Бу – нақд долларга талабнинг ҳаддан ортиқ ошиб кетишидан хавотирланиш ва ҳукуматнинг иқтисодиёт долларизациясига қарши курашиш, мамлакатимизда жамғармалар ва транзакциялар фақат миллий валютада бўлиши истагидан келиб чиққан вақтинчалик ҳолат эканига аминман.

Долларизацияга қарши кураш энди бошланди, аҳолининг миллий валютага ишончини тиклаш учун катта ишларни амалга ошириш керак, аввалги мақолада мен бу ҳақда қисман тўхталиб ўтгандим. Иқтисодиётда аксарият жамғармалар, кредитлар ва транзакциялар миллий валютада амалга оширилгандагина мамлакат мустақил монетар сиёсатини юрита олади. Бунинг яна бир шарти – валюталар курсининг туридир. Улар икки турли бўлади – қайд этилган ва сузувчан. Биринчисида мустақил пул сиёсатини ўтказишнинг иложи йўқ.

Эркин конвертация – курснинг эркин сузиши эмас

Ўзбекистондаги валюта курси борасидаги мунозараларда сузувчан ва эркин конвертацияланадиган курс тушунчалари чалкаштириб юборилаётганлигини кузатаман. Биздаги курс либерализацияси долларни харид қилиш ва сотиш мумкинлигини билдиради аммо бу курс сузувчан бўлганлигини мутлақо англатмайди. Боз устига, валюта бозорининг ҳозирда мавжуд ликвидлик муаммоларини инобатга олсак, сузувчан курсга эга бўлиш ниҳоятда хавфли саналади. Яъни, бизда валюта курси ҳозирча эркин сузувчан эмас, лекин эркин конвертацияланадиган валютага эга бўлдик.

Бозор ликвидлиги

Бозор ликвидлиги (баъзида “бозор чуқурлиги” дейилади) – бу бозорнинг талаб ва таклифдаги ўзгаришларни, улар нархнинг кескин ўзгаришини юзага келмайдиган қилиб амортизациялаш қобилиятидир. Валюта бозорининг ликвидлиги – бу бозор иштирокчилари битимларни енгиллик билан туза олишлари ёки бозорнинг йирик харидлар ёхуд сотувларни нархларга жиддий таъсир кўрсатмаган ҳолда “ҳазм қилиши” қобилиятидир. Дейлик, иқтисодиётимизга пул тикаётган хорижий инвестор катта миқдордаги доллар (масалан, мамлакат ойлик экспорт ҳажмининг 50 фоизи)ни сўмга (ёки аксинча) алмаштирса ва бунда курс ўзгармаса, бозорни ликвид (чуқур) дейиш мумкин бўлади.

Волатиллик деб курс тебраниши, яъни муайян вақт оралиғида курс қанчалик ўзгаришига айтилади. Агар бугун курс 8100, эртага 7500 бўлса – бу юқори волатилликдир. Юқори волатиллик – анчайин ёмон жараён, чунки у курснинг ҳақиқий қийматининг ноаниқлигини туғдиради, турли транзакциявий харажатларга сабаб бўлади ва ушбу валютадаги жамғармаларнинг тўпланиб қолишига сабаб бўлади (эртага қандай курс бўлишини билмайсиз).

Ўтган ҳафтада, Ўзбекистонда валюта бозорининг либеризацияси эълон қилингани ҳақидаги хабар тарқаши билан, Bloombergда “Ушбу валютанинг тўсатдан 50 фоизлик девальвацияси енгил ўлжа мазахўракларини жалб қилиши мумкин” деган мақола чоп этилди. Валюта бозоримиз янги шаклда энди шакллана бошлагани сабабли, валюта бозорининг йирик иштирокчилари ўлжа иштиёқида, ликвидликнинг етарли эмаслигидан фойдаланиб, курсга жиддий таъсир кўрсатишлари мумкин. Албатта, хавотирга ўрин йўқ – бизнинг МБ буни олдиндан кўра билди: фақат маҳаллий тижорат банкларигина республика валюта биржасида хорижий валюта олди-сотдисини амалга ошира оладилар. Хорижий “мазахўраклар” у ерда савдо қилиш имконига ҳозирча эга эмаслар.

Лекин, шуниси ҳам борки, муаммо ва унинг ечимининг бири иккинчисини тақозо қилади. Бозорни очиш орқали биз уни кўпроқ волатилли қиламиз (бошида), очмасак эса, уни волатиллик ва бозордаги тил бириктиришларга доимо таъсирчан бўлишга маҳкум этамиз (ликвидликнинг пастлиги сабабли).

Кам сонли иштирокчиларга эга шаклланаётган бозорлар ноликвид бўлиб, уларда волатиллик жуда юқори бўлади. МБ пресс-релизида марказий банкнинг роли биржа савдоларининг иштирокчиларидан бири бўлишдангина иборатлиги жуда тўғри кўрсатилган. Эътиборли жиҳати шундаки, МБ савдоларда фақат курснинг фавқулодда волатиллигининг олдини олиш учун (қонун бўйича, МБ фойда олишга ҳаққи йўқ) қатнашади. Бироқ транзакцияларнинг кам миқдордалиги, биржа ўйинчиларининг сони чекланганлиги (фақат тижорат банклари) ва профессионал чайқовчилар (валютачилар)нинг биржага қўйилмаслиги – юқори волатиллик ва валюта биржасида ликвидлик йўқлигининг бош сабаби мана шу.

Биржа чайқовчисининг ижтимоий роли

Бутун дунёда трейдерлар (биржа чайқовчилари)ни бирор нарса яратмай, олиб-сотарлик орқасидан пул топишлари учун танқид қиладилар. “Валютачи” ёки “чайқовчи” сўзлари ижобий оҳангга эга эмас. Бироқ, фойда кетидан қувадиган (бозорнинг бошқа иштирокчилари сингари) ушбу инсонлар ўта муҳим ижтимоий функцияни бажарадилар – бозор чуқурлигини таъминлайдилар ва бу билан курснинг кучли тебранишининг олдини оладилар. Биз барқарор курсга эга бўлишдан манфаатдормиз, айнан транзакцияларнинг кўп миқдорда бўлиши эса валюта талаби ёки таклифидаги кескин ўзгаришларни амортизациялаши мумкин.

Мисол учун: трейдерларнинг жаргонида “спред” тушунчаси бор. У бир вақтдаги сотишга буюртмалар (аск) ва харидга буюртмалар (бид)  ўртасидаги фарқни англатади. Аксарият ўзбекистонликлар буни яхши биладилар – конвертация жорий қилингунига қадар доллар олиниши ва сотилиши ўртасидаги фарқ тахминан 100–150 сўм бўлган, валютачилар долларни бироз арзонга олиб, бироз қимматга сотишарди ва фаолиятларининг даромадлилиги шунга боғлиқ эди. 100–150 сўм – бу жуда катта спред. Масалан, евронинг АҚШ долларига нисбатан котировкаси 1,2033/1,2037 даражасида кўрсатилган, яъни спред $0,0004 ни ташкил этади, бу ҳозирги курс (8092,13 сўм) бўйича 3,24 сўм деганидир.

Шаклланган бозорларда спред биздагига қараганда 30–50 баробар (!) кам, бу айнан чайқовчиларнинг шарофатидир. Валюта бозорларининг аксарият иштирокчилари қисқа муддатли истиқболда савдо қиладилар ва мана шу спредда пул ишлайдилар. Ўз навбатида, улар ўзаро савдо қилиш давомида яратадиган ликвидлик аҳоли ва корхоналарга фойда келтиради. Аҳоли долларга нисбатан жамғармаларининг қадри тушмаслигига ишончлари ортади, чунки тебранишлар жуда суст. Бизнес учун эса, режалаштириш уфқлари кенгаяди, инвестиция лойиҳаларини тузишда ёки халқаро савдода қатнашишдаги ноаниқликлар қисқаради.

quotes_miniПаст волатилликда хом ашё, жиҳозлар ва хорижий кредитлар нархлари, маҳаллий валютага чаққанда, кескин ўзгармайди.

Корхоналарга узоқ муддатли режалаштириш учун қулай шароитлар яратилади. Истеъмолчилар ҳам бундан фойда кўради – валюта тебранишининг ноаниқлигига боғлиқ хатарлар учун, алал-оқибат, истеъмолчи ўз ҳамёнидан тўлайди. Иқтисодиётда хатарларнинг камайиши, сўзсиз, нархлар пасайишига ва самарадорлик ортишига олиб келади.

Валютамизнинг юқори ликвидли бўлишига эришиш учун валюта биржасида кўплаб транзакциялар ўтказилишига эришишимиз керак. Агар бу биржага профессионал фаолияти валюта олди-сотдисидан иборат компаниялар – ўша “чайқовчилар” ҳам киритилса, бундан бозор фақат фойда кўради. Қолаверса, МБ кучли тебранишларни интервенциялар орқали текислашга ваъда берган – ҳеч вандай “валютачи” МБ билан кўтариш (ёки тушириш)га беллаша олмайди, Валюта захиралари МБникидан катта бўлган компания Ўзбекистонда йўқлигига аминман. Яъни, чайқовчилар “кўзбўямачилик” қила олмайдилар, барибир ютқазадилар. Бозор муайян чуқурликка эга бўлиб, транзакциялар сони ортганидан кейин эса, хорижий институционал инвесторларни киритиш ҳам мумкин бўлади. Уларга сўм иқтисодиётимизга инвестициялар киритиш ёки, шунчаки, портфелларини диверсификациялаш учун керак бўлиши мумкин.

Савдоларда биржа чайқовчиларини рағбатлантириш фойдасига яна бир кучли далил бор. Савдо иштирокчилари кам сонли бўлса, улар ўзаро тил бириктириб олишлари осон бўлади, чунки тил бириктирувнинг транзакциявий харажатлари кам бўлади.

Иштирокчилари сони оз бўлган ким ошди савдосини кўз олдингизга келтиринг: улар ўзаро тил бириктириб олишлари, ўзларига нима кераклигини айтишлари ва шу билан сотиладиган товар нархини оширишга йўл қўймасликлари мумкин. У ёки бу товарнинг сотилишида тил бириктирганлар нарх ошишига ўйнамайдилар ва ошналарига шу товарни асл нархидан арзонроққа олиш имконини берадилар, келгусида ошналари уларга худди шундай “ёрдам” кўрсатади.

Албатта бундай ишни ким ошди савдосида қатнашиш чекланган ҳолдагина амалга ошириш мумкин. Аввалига тил бириктиришга қўшилишни истамаган ўйинчилар эса, “ош-қатиқ” бўлган кўпчилик томонидан осонгина жазоланишлари ҳам мумкин. Ўйинлар назариясида бу “такрорланувчи ўйин” деб аталади ва валюта бозорида ўйинчилар сони камайгани сари тил бириктириш эҳтимоли орта боради. Албатта, бу ноқонуний, лекин, ким ошди савдоларида бўлгани каби, бу ерда ҳам жиноят изини топиш анча мушкул бўлади.

Масалан, АҚШда (баъзи турдаги аукционлар кашф этилгунига қадар) ҳукумат телефон тармоқларини одатий аукционлар орқали сотган ва телекоммуникация компаниялари (улар бир нечтагина бўлган) давлатга камроқ пул тўлаш мақсадида тил бириктириб олганлар. Назорат органи тил бириктириш мавжудлигини аниқлаши жуда қийин бўлган. Тил бириктирганлар аукциондаги очиқ эълонлар орқали ўзаро мулоқот қилиш учун ҳатто махсус тил ўйлаб топишганди.

Валютачиларга валюта биржасида чайқов билан қонунан шуғулланиш имкони берилса, тил бириктириш эҳтимоли кескин камаяди, чунки энди тил бириктириш учун бир нечта тижорат банклари эмас, балки ўн минглаб йирик ва майда чайқовчилар билан келишишга тўғри келади, бунинг эса иложи йўқ. Валюта олиниши ва сотилиши бозор механизмлари барқарор бўлиши учун валюта биржаси фойда кетидан қувиб, бир-бирига боғланиб қолмаган ҳолда катта миқдорда транзакцияларни амалга оширувчи кўплаб ўйинчиларга эга бўлиш лозим. Ўйинчилар қанчалик кўп бўлса, транзакциялар шунчалик кўпаяди ва тил бириктириш эҳтимоли шунчалик камаяди.

Такрорланувчи ўйиннинг яна бир хусусияти – иқтисодий интеракциялар такрорлануви сабабли икки томон жазоланиши эҳтимоли мавжуд. Ҳатто маҳбус дилеммасида ҳам, агар ўйин бир хил иштирокчилар ўртасида кўп бора такрорланадиган бўлса, оптимал стратегия кооперация саналади.

Буни мисолда тушунтириш осонроқ бўлади. Агар бозордаги бир раста олдига борсангиз-у сотувчиси бўлмаса, ёнидаги растада савдо қилаётган одам келиб, нарх қанчалигини айтиши ва, ҳаттоки, рақобатчисининг товарини сотиши ёки: “эгасини кутиб туринг, бу нархда мен бера  олмайман”,– дейиши мумкин.

Бир қарашда, бу – оқилона иш эмас, чунки у бевосита рақобатчисига ёрдам беряпти. Лекин буни соддагина изоҳлаш мумкин: бу сотувчи бирор иш билан кетганда, қўшниси унинг молини сотиб туради. Мана шу такрорланувчи ўйин саналади: ҳа, рабоқатчига кўмак беришдан воз кечиб, у йўғида кўпроқ фойда олиш яхшироқ кўринади, лекин унинг ҳам ёрдами қачондир керак бўлиб қолади ва шу сабабли, кооперация оптимал стратегия саналади.

Бундай мисоллар кўп. Автомобиль суғуртаси компаниялари фаолиятини ўрганиш кўрсатдики, ҳайдовчилар уйларидан узоқда бўлган жойларда автомобилни нисбатан қўпол ҳайдар эканлар. Ўз маҳаллаларида эса, улар бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан эътиборли бўлиб қоладилар. Ўз қўшнисининг олдидан кесиб чиқиш –ҳурматсизлик, чунки кўз кўзга тушади, қўполлигингиз учун ҳижолатда қолишингиз мумкин, бегона эса – бегона-да.

Валюта бозорида ҳам шундай вазият юзага келиши мумкин. Соддалигимизга бориб, банклар тил бирктириб олмайдилар, деб ҳисобласак ҳам, биржа такрорланувчи ўйиннинг яққол намунаси бўлади. Валюта биржасидаги жўшқин савдо – қўшнининг машинаси олдидан кесиб чиққандек гап. Банклар, айтиш мумкинки, бир лаҳзада келадиган фойда имкониятидан фойдаланмайдилар. Бу бутун жамиятга зарарлидир, чунки валюта нархи банкчилар бир-бирларига олдиндан келишиб олмаганлари ҳолда кўрсатадиган “мулозамат”ни ҳам ҳисобга олади (ҳайдовчиларда бўлгани каби, ким кесиб чиққанини аниқлаш жуда осон).

Биржа чайқовчиларининг роли ва аҳамиятига беэътибор бўлмаслик керак, чунки айнан улар туфайли замонавий бозорлар муваффақиятли фаолият юритади, ҳар биримизнинг турмушимиз сифатини яхшилайди. Барчамиз чайқовчилар меҳнати натижаларидан фойдаланамиз, жамиятда эса, улар баъзида мутлақо қадрланмайди. Ҳолбуки, бу жамият учун жуда муҳим ва керакли касб, мактабда бизга “ҳамма касб бирдек муҳим ва ҳар касбнинг ўз ўрни бор” деб ўргатганлари бежиз эмас. Дарвоқе, барча биржа чайқовчилари ҳам бойваччалар эмас. Бу бозорда ҳар куни пул йўқотадиганлар кунда туққа эришадиганлардан анча кўп.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган