Иқтисодиётнинг “ўзбек модели”: воқеликка назар

Биз ўзгаришлар даврида яшамоқдамиз. Мана, ислоҳотлар, жумладан узоқ кутилган валюта бозори ислоҳоти бошланди. Шубҳасиз, бу иқтисодий тараққиёт моделининг алмашинувини тақозо этади. Хўш, эски модел-чи, у нима бўлади?

узбекская модель превью

“Ўзбек модели”ми ёки меркантиллик?

1996 йилнинг ёз-куз ойларида Ўзбекистонда конвертацияни чеклаш ва валюта ресурсларини асосан инвестициявий лойиҳаларга қайта тақсимлашга қаратилган механизм яратилганига ҳам 21 йил тўлибди.

Бу жараён иқтисодий тараққиётнинг “ўзбек модели” шаклланишининг бошланиши эди.

Ушбу моделнинг ўзига хос жиҳатлари қуйидагилар эди:

divider 01

Пул-кредит муносабатларини тартибга солишга, иқтисодий жараёнларга давлатнинг фаол, жумладан, маъмурий услублар билан аралашуви, бунга ресурслар (кредит, хом ашё, меҳнат ресурслари)нинг марказлашган тартибда тақсимланиши, нархлар, фоиз ставкалари ва валюта курсининг белгиланиши, хусусий корхоналар мол-мулки ва молиявий воситаларининг тақсимланишида “маъмурий ресурс”дан фаол фойдаланиш кабилар киради.

divider 02

Гиперфаол инвестициявий сиёсат. У, “иқтисодиётнинг стратегик тармоқлари”га кенг кўламли инвестициялар киритишни назарда тутиб, жумладан, қуйидагиларга таянади:

– валюта бозорини тартибга солиш (конвертацияни чеклаш, расмий ркус бўйича конвертацияда инвестициявий лойиҳаларга устуворлик бериш);

– кредит сиёсати (пасайтирилган фоиз ставкалари, имтиёзли кредитлар бериш, давлат тузилмалари кўрсатмалари бўйича қайтарилмас кредитлар бериш);

– бюджет сиёсати (давлат инвестициялари, юқори солиқ юкламаси ва солиқ имтиёзларининг кенг миқёсда тақдим этилиши уйғунлиги).

divider 03

Импорт ўрнини босиш моделини қўллаш: халқаро меҳнат тақсимотида қатнашиш ва товарлар ҳамда хизматларнинг чекланган турларини ишлаб чиқаришга ихтисослашув ўрнига, кенг миқёсдаги товарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, бу импортга боғлиқликнинг камайишига ёрдам беради. Импорт ўрнини босишнинг асосий воситаси – протекционизм, яъни тайёр маҳсулот импортини тариф ва тарифдан бошқа тўсиқлар билан чеклашдир.

Юқорида зикр этиб ўтилган барча воситалар “иқтисодиётнинг стратегик тармоқлари”ни, биринчи навбатда саноат тармоқларини ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишни жадаллаштириш учун қўлланилди.

Кичкинагина сирни ошкор этамиз: аслида, “ўзбек модели” мавжуд эмас. Турли-туман мамлакатлар ўз вақтида иқтисодий сиёсатда шунга ўхшаш ёндашувлардан фойдаланганлар. Бу модель, айниқса, 1950–70 йилларда, собиқ Иттифоқ билан “дўст”ликка мўлжал олган ривожланаётган мамлакатлар орасида машҳур эди. Машҳур иқтисодчи Эрнандо де Сото бу моделни меркантилизм деб атайди ва ундан бугунга келиб ривожланган иқтисодиётга эга бўлган давлатлар ҳам ўтмишда фойдаланганини таъкидлайди. Лекин мамлакат меркантилизмдан қанчалик тез воз кечган бўлса, кейинчалик у шунчалик тезроқ ривожланган.

1980–90-йилларда “социалистик лагерь” қулаши, Шўро Иттифоқи томонидан бундай тажрибаларнинг молиялаштирилиши бас қилиниши туфайли меркантил сиёсатга қизиқиш йўқолади. Ривожланаётган давлатларнинг аксарияти халқаро меҳнат тақсимоти, бозор муносабатлари ва рақобатни ривожлантириш, экспортга йўналганликни танлай бошлайди. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам ёрқин натижаларга эриша олгани йўқ — меркантилизм анъаналари жуда мустаҳкам экани ўзини кўрсатди. Лекин ким қатъий ва изчил ислоҳотлар ўтказган бўлса, ўз иқтисодиётининг муваффақиятли равнақи учун шароит ярата олди. Собиқ Иттифоқ ҳудудида бунга яққол мисол – Эстония ва Гуржистон, эски социалистик ҳудудда эса  Хитой, Вьетнам ва Шарқий Европанинг кўплаб давлатларини келтириш мумкин.

Импорт ўрнини босишга берилганлик ва иқтисодиётга давлат аралашувини очиқ эълон қилган давлатлар деярли қолмаган эди. Лекин 1996 йилда Ўзбекистон де-факто ана шундай ягона мамлакат бўлиб қолди.

Қиёсий таҳлил

«Ўзбек модели»нинг 21 йил мобайнида амалда бўлишининг якунлари қандай? (Қайд этиш жоизки, 2003–2008 йилларда иқтисодиётимизда жорий операциялар бўйича чекловли бўлса-да, конвертация жорий этилиб, бизнесни юритиш учун кўп тўсиқлар олиб ташланган, ўзига хос «илиқ» давр кузатилган эди).

Ҳаммаси қиёсда билинади. Хўш, меркантил сиёсат (де Сото қўллаган атамадан фойдаланамиз) бошқа социалистик давлатлар билан солиштирилганда Ўзбекистонга бирор устунлик тақдим этдими?

Агар иқтисодий ўсиш суръатларининг (ялпи ички маҳсулот ошиши) расмий кўрсаткичларига эътибор берсак, иқтисодиётимиз етакчилар сафида бўлади: тўпланган иқтисодий ўсиш қийматлари бўйича 1995 йилдан кейин собиқ социалистик давлатлар орасида Ўзбекистон Хитой, углеводородларга бой Озарбойжон ва Туркманистондан кейинги ўринда.

Гўёки барчаси бинойидек. Лекин, бизнинг расмий кўрсаткичларимиз реалистик бўлмагани сабабли, унга ишониш қийин.

Унда «Ўзбек модели» ўзини қанчалик оқлаганини қандай текшириб кўрса бўлади? Бунинг учун ишончлилиги шубҳа остида бўлган кўрсаткичларни бир четга йиғиштириб, очиқ миллий ва халқаро статистикага таянамиз.

У ёки бу иқтисодий моделнинг муваффақияти ёки инқирозининг асосий мезони – у мамлакат аҳолиси турмуш даражасини нечоғлик яхшилашга хизмат қилгандир. Турмуш даражасининг кенг фойдаланиладиган кўрсаткичларидан бири – аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад (ЯМД). Жаҳон банки мамлакатларни даромади бўйича табақалаштиришда айнан шу кўрсаткичдан фойдаланади.

Қуйида собиқ Иттифоқ ва Осиёнинг социалистик давлатларида аҳоли жон бошига тўғри келувчи ЯМД ҳақидаги маълумотлар келтирилган:

2015 йил учун аҳоли жон бошига ЯМД (ялпи миллий даромад), АҚШ долларида

ЮЮ-1Манба

Қайд этиш жоизки, ЯМД Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий айрибошлаш курсига нисбатан шакллантирилган. Агар у бозор (ҳаққонийроқ)  курси бўйича ҳисобланса ЯМДни деярли иккига бўлишга тўғри келади.

Қуйида берилаётган сурат ҳам шундай манзарани акс эттиради. Унинг муаллифлари айнан бозор курси бўйича (расмий ва бозор курси орасида фарқ бўлган мамлакатларда) ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқишган.

ЮЮ-2
Манба

Афтидан, тезкор саноатлаштириш сиёсати бизнинг давлатимизга тезда бойиш имконини бермаганга ўхшайди. Аксинча, ўрганилаётган давлатлар ичида бизнинг ўртача даромадларимиз энг пастларидан бири бўлиб турибди. Бироқ, «Ўзбек модели» бўлмаганида балким даромадлар янада пастроқ бўлармиди?

Афсуски, қуйида келтирилаётган жадвал 2000 йилдан буён аҳоли жон бошига ЯМДнинг ўсиши қаралаётган давлатлар ичра энг пасти бўлганини намойиш этиб турибди.

2000 йилдан бошлаб аҳоли жон бошига ЯМДнинг ўсиши, АҚШ долларида

ЮЮ-3Манба

Муваффақиятсизлик сабаблари

1990-йилларда мамлакатимиз олдида бир йўла икки масалани ҳал қилиш вазифаси турган эди:

– бозор институтлари ва механизмларини шакллантириб, хусусий тадбиркорлик ва бозор рақобатини ривожлантириб бозор иқтисодиётига ўтиш (чунки бунгача Ўзбекистонда маъмурий-буйруқбозлик (режали) иқтисодиёт ҳукмрон эди);

– истиқболда ривожланиш ва аҳоли турмуш фаровонлиги бўйича ривожланган давлатларни етиб олишга имкон берувчи барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;

Бироқ иқтисодиётга маъмурий аралашув воситасида тезкор саноатлаштириш сиёсати туфайли бу вазифаларнинг бирортаси ҳал этилмади.

Бозор ислоҳотлари амалда музлатиб қўйилганди

– Иқтисодий жараёнларга давлатнинг маъмурий аралашуви бозор механизмлари ишига халақит бераётгани маълум бўлди, у бозор рақобатини йўққа чиқаради, тижорат банкларининг самарали секторини шакллантиришга имкон бермади.

– Юқори солиқ юкламасининг бир вақтнинг ўзида турли солиқ имтиёзлари билан биргаликда жорий этилиши рақобатбардош хусусий бизнес ривожланишини қийинлаштирди.

– Импорт ўрнини эгаллаш ва протекционизм бизнеснинг рақобатбардошлиги пасайиши ва рақобат йўқолигига ўз ҳиссасини қўшди.

– Бозор механизмларининг нормал ишлашига тўсқинлик қилувчи аксилбозор институтлари шакллантирилди (конвертация эркинлигига чекловлар, алоҳида қишлоқ хўжалигини маҳсулотларининг мажбурий давлат харидлари, корхоналар ишига маъмурий даражада аралашув ва бошқалар).

Пировард натижада — жуда ёмон инвестицион муҳит юртимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар кириб келишини чеклаб қўйди. Аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри жамғарилган хорижий инвестициялар кўрсаткичи бўйича қаралаётган давлатлар ичида Ўзбекистон энг сўнгги ўринда. Ҳолбуки, муваффақиятли саноатлаштиришга хорижий капиталларни кенг жалб қилмасдан туриб эришиб бўлмайди.

Барқарор иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратилмаган

Саноат сиёсати фаоллашган даврлар (1996–2001, 2008–2016 йиллар)да инвестицион харажатлар анча юқори бўлганига қарамасдан, инвестициялардан олинадиган (реал иқтисодий ўсиш билан кўзга ташланадиган) даромад жуда паст бўлган. Нега?

Ўзбекистон ЯИМда инвестицияларнинг ўртача улуши, фоизларда

ЮЮ-4
Манба

divider 01Биринчидан, меркантилистик модел доирасида инвестицион ечимларни амалдорлар, боз устига, бозор механизмлари (нарх ҳосил қилиниши ва рақобат) деформацияга учраган шароитда қабул қилишади.

Бироқ амалдорлар хусусий тадбиркорлардан фарқли ўлароқ:

а) ўзининг эмас, ўзгаларнинг пулларини тасарруф этади;

б) инвестицион лойиҳалар муваффақиятга учраганда ёки барбод бўлганда моддий жавобгарликни зиммасига олмайди.

Шу сабабли давлат инвестицион лойиҳалари, қоидага кўра, хусусий сектор лойиҳаларига нисбатан самарасиз ҳисобланади. Боз устига, давлат лойиҳаларида коррупция ва хуфиёна схемалар гуллаб яшнайди.

divider 02Иккинчидан, кўп сонли имтиёзлар ва чекловлар сабабли инвесторларнинг рағбати ўзгаради. Улар инвестицияларидан узоқ муддат даромад қилишни ўйлаш ўрнига, берилаётган имтиёзлар ва рақобатнинг чекланиши ҳисобига қисқа муддатда фойдани қўлга киритиш устида бош қотира бошлашади. Масалан, сармоядор ишлаб чиқаришга ётқизган сармоясидан эмас, имтиёзли конвертация фактининг ўзидан даромад қилиши мумкин. Натижада, харид қилинаётган ускуна ва унинг ишлатилиши «инвестор»ни сўнгги ўринда ташвишлантиради. У сохта фирмалар орқали, «абжағи чиққан», ҳеч кимга керак бўлмаган ускунани сариқ чақага сотиб олиб, ўзи ўзидан жуда катта нархга харид қилиши мумкин. Бу битимга имтиёзли конвертация олади. Бундай «инвестиция»ларнинг фойдаси паст (баъзи ҳолларда нолга тенг) бўлишининг бош сабаби шу.

divider 03Учинчидан, молия институтлари ва рақобатнинг ривожланмагани инвестицион лойиҳаларни уларнинг самарадорлиги устидан бозор назорати ўрнатилишидан маҳрум қилади. Бозор иқтисодиётида рақобат самарасиз бизнес-лойиҳаларни ғалвирдан ўтказиб, ишбилармонларни доимо ўз фаолиятини такомиллаштириб боришга мажбур қилади. Самарадорлик устидан молиявий институтлар ҳам қўшимча назорат ўрнатади: банклар ва хусусий инвесторлар ҳам фақат ўз қобилиятини намоён эта олган ва ўз лойиҳаларининг ютуқларини исботлай олган инсонларгагина молиявий ресурслар ажратади.

Бозор муносабатлари, хусусий тадбиркорлик ва рақобатнинг ривожланмаганлиги, шунингдек, хўжалик юритишнинг бозор тутумида сиёсий-ҳуқуқий тизим шаклланмагани туфайли иқтисодиётимиз инновацияларни қабул қилиши жуда қийин, бу эса рақобатбардош ишлаб чиқаришни барқарор ривожланишини таъминлашда тўсиқ бўлади.

Энди нима бўлади?

Юқорида айтилганлардан қандай хулоса чиқариш мумкин? Биз бозор иқтисодиётини танлаб, иқтисодий ривожланишнинг меркантилистик моделидан воз кечишимиз керак.

Бозор иқтисодиётининг ҳам кўплаб моделлари борлигидан, ислоҳотлар ўтказишда биз ўз самарадорлиги ва яшовчанлигини исботлаб бўлган моделлардан андоза олишимиз керак. Замонавий рақобатбардош иқтисодиётлар учта асосий хусусиятга эга:

– Бу ерда инновациялар фаол ишлаб чиқилиб, жорий этилади, боз устига, иқтисодий жараёнларнинг миллионлаб иштирокчилари — ишбилармонлар, оддий ишчилар (инженерлар, менежерлар, маркетологлар, молиячилар), амалдорлар, олимлар ва ихтирочилар ҳам инновация «юқтириб» олмоғи талаб этилади. Бунинг учун рақобат ва шахсий манфаат механизмлари яхши ишлаши керак. Шунингдек, иқтисодий сиёсат барқарор ва олдиндан айтиш мумкин бўлиши учун мулк ва бизнес ҳуқуқини ҳимоялаш ўта муҳим.

– Бу ерда юқори қўшилган қийматли товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарилади (фойдали қазилмаларни сотиш ҳисобига фаровон турмуш кечирувчи давлатлардан мустасно, албатта). Бунинг учун миллий бизнесга хомашёни чуқурлаштирилган қайта ишлаш бўйича узун савдо-ишлаб чиқариш занжирлари яратиш учун шароит, ишлаб чиқариш миқёслари ҳисобига иқтисод ва фойда олувчи йирик ишлаб чиқариш бирлашмаларини шакллантириш керак. Бу эса ўз навбатида, бизнес муҳит ва солиқ тизими сифатига, эркин бозорлардан молиявий ресурсларни жалб қила олиш имкониятига боғлиқ.

– Барча замонавий самарали иқтисодиётлар халқаро меҳнат тақсимотида фаол иштирок этади. Чунки бир мамлакат чегарасида кўп турдаги рақобатбардош товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш имконсиз. Рақобатбардошлик учун ихтисослашув керак, бу эса миллий иқтисодиётларга ўзлари нисбатан устун бўлган фаолият тури билан шуғулланиш имконини беради, бинобарин, улар бу борада кам харажат билан юқори сифатга эришишлари мумкин. Халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиш миллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотни сотиш учун кенг имкониятлар очади. Буларнинг барчаси — нафақат ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини ошириш манбаи, шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳам демакдир.

Замонавий, рақобатбардош иқтисодиёт яратиш учун иқтисодий ривожлантиришнинг мавжуд моделини янада салоҳиятлироғига алмаштириб берувчи комплекс бозор ислоҳотлари керак.

Хусусан, яқин ва ўрта истиқболда қуйидаги ҳаётий зарур ислоҳотлар амалга оширилмоғи керак:

– хусусий тадбиркорлик, бозор муносабатлари ва рақобатнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган давлат тузилмаларининг функциялари ва ваколатларини тубдан қисқартириш, давлат бошқаруви тизимининг марказлаштирилишидан воз кечиб, ҳудудлар ва туманлар даражасига функциялар ва ваколатларнинг кенг кўламини бериш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган маъмурий ислоҳот;

– Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатининг бозор бошқарувига ўтиши, жумладан, нақд пул муомаласига маъмурий чекловларнинг бекор қилиниши;

– банк ислоҳоти, Марказий банкнинг фоиз ставкаларини маъмурий тартибга солишидан воз кечиши, молиявий соҳада рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

– солиққа тортиш тизимининг ислоҳоти, жумладан, солиққа тортишнинг умумбелгиланган тизимини тубдан ислоҳ қилиш (солиқлар сонини кескин қисқартириш, солиқ юкламасини камайтириш, тушумлардан солиқни бекор қилиш), меҳнатга нисбатан солиқни қисқартириш, индивидуал солиқ имтиёзларидан сўзсиз воз кечиш, солиқ маъмурчилиги тизими ва солиқ ҳисоботларини соддалаштириш;

– ташқи савдо сиёсатини ислоҳ қилиш, жумладан, жорий операциялар ҳисоби бўйича миллий валютанинг эркин конвертациясини жорий этиш, аввало импорт акцияларидан воз кечиб божхона тўловларини қисқартириш, импорт ва экспорт олдидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш;

– аграр ислоҳот (мажбурий давлат буюртмасидан воз кечиш, фермерларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоялаш);

– иқтисодиётнинг давлат секторини ислоҳ қилиш (бошқарувнинг қайта тизимлаштирилиши ва кенг миқёсдаги хусусийлаштириш)

– суд ислоҳоти;

– ва бошқа ислоҳотлар.

Иқтисодиётнинг меркантелистик моделидан нечоғлик тез ва ақл билан иш тутиб қутула олсак ва бозор механизмлари ҳамда хусусий тадбиркорлик учун шароит яратсак, келажагимиз, фарзандларимиз ва авлодларимизнинг келажаги ҳам шунга боғлиқ бўлади.

Бизга бу йўлда омад ёр бўлсин!

Таржима матни

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган