Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш: самарадорлик қандай оширилади?

2022 йил бошидан кўп тармоқли фаолиятни ўзлаштирмаган фермерлик хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари бекор қилинади. Ўз ер майдонларидан самарасиз фойдаланган фермерлар ерларидан маҳрум бўлишлари мумкин. Мустақил эксперт Юлий Юсупов қишлоқ хўжалигига оид сўнгги фармон юзасидан фикрларини билдиради.

workers on cotton fields

Қишлоқ хўжалигига оид охирги фармон юзасидан менда кўпгина саволлар туғилди.

Номи жуда чиройли: “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”.

Менинг тушунчамда, ердан фойдаланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш – бугунги кунда аграр тармоқ олдида турган муҳим масаладир. Ҳозирда деҳқончилик учун ажратилган қишлоқ хўжалиги майдонларининг аксарияти фермерлар тасарруфида. Шундай экан, келинг, аввало улар ҳақида сўз юритайлик.

Фермерлар ҳуқуқ ва манфаатларини бузилиши нималарда кўринади? Назаримда, бунда икки ҳолат мавжуд.

1. Исталган пайт, ҳар қандай важ билан, улардан ерни тортиб олишлари мумкин. Бу маҳаллий ҳокимият идораларининг инжиқлигига кўра ҳам, марказий ҳокимият топшириғига кўра ҳам рўй бериши мумкин. Эсга олиб кўрайлик, мана шундай қарорлар билан, ерни узоқ муддатга ижарага бериш борасида тузилган шартномаларни бузган ҳолда, ерлар неча марта қайтадан тақсимланган? Мамлакатимизда қаёқдаги шартномаларга ким ҳам қараб ўтиради?

2. Давлатнинг пахта ва буғдойга мажбурий буюртмаси. Фермерларни, улар учун манфаатсиз бўлса ҳам, муайян маҳсулот етиштиришга ва пасайтирилган нархларда давлатга сотишга мажбур қиладилар (очиғини айтган яхши).

Иккала ҳолатда ҳам, фермерлар ҳуқуқларини поймол қилувчи бўлиб, афсуски, давлат қатнашмоқда.

Менинг тасаввуримда, иккала ҳолат ҳам, ерлардан самарасиз фойдаланишнинг (бу ҳақда фармоннинг иккинчи қисмида сўз боради) бош сабаби бўлмоқда.

Агар фермер ўзини ернинг ҳақиқий эгаси деб эмас, муваққат фойдаланувчиси деб ҳис этса, у ерга ҳам шунга яраша муносабатда бўлади: етарлича парвариш қилмайди, “дам олиш”га қўймайди, аксинча, қисқа муддатларда кўпроқ фойда олишга интилади.

Ерлар сифатининг бузилиши мана шундан келиб чиқади.

Ердан самарасиз фойдаланишнинг иккинчи томони – фермерга кераклича даромад келтирмайдиган экинларни етиштиришдир, бунда ҳосилдорлик пастлигига бундай экинларни улар учун яроқсиз ерларда етиштиришга тўғри келиши сабаб бўлади. Бундан ташқари, режани бажариш учун (бажармасанг, ерни тортиб оладилар), ер беаёв равишда ишлатилади, бу ҳам, алал-оқибат, унинг унумдорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Йўқ, мен пахта ёки буғдой етиштиришга қарши эмасман. Гап ҳар бир фермер, ўз ерларининг хусусиятларидан, суғориш имкониятларидан, минтақанинг иқлим шароитидан, ресурслар ва маҳсулот бўйича юзага келган бозор нархларидан келиб чиқиб, нима етиштиришни ўзи ҳал қилиши ҳақида бормоқда. Унинг танлови оптимал кўринишда бўлиши учун, пахта ва буғдой бозорини тўғридан-тўғри давлат аралашувидан озод қилиш, эркинлаштириш керак. Шундан кейин фермерлар нима етиштириш кераклигини ўзлари ҳал қиладилар.

Давлат қандайдир миқдорда пахта ёки дон харид қилмоқчи бўлса, буни бозор нархлари асосида амалга оширсин. Ушбу маҳсулотларни етказиб бериш бўйича фермерлар билан узоқ муддатли контрактлар тузилиши мумкин, фақат булар ихтиёрий асосда бажарилса, бас.

Агар ерлардан фойдаланиш самарадорлигини кўтармоқчи бўлсак, биринчи навбатда қуйидагиларга эътибор бериш керак:

а) фермерлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, ерларининг ўзбошимчалик билан тортиб олинишидан ҳимоя қилиш;

б) қишлоқ хўжалиги экинларига мажбурий давлат буюртмасидан воз кечиш (босқичма-босқич амалга ошириш мумкин).

Шубҳасиз, фойдаланишга берилган ерлардан мақсадли фойдаланиш механизмларини қайта кўриб чиқиш зарур. Ер узоқ муддат ташлаб қўйилмаслиги ва талаб даражасида парвариш қилиниши зарур. Кўплаб мамлакатларда бундай механизмлар татбиқ этилган. Лекин, бунинг учун, ноқобил фойдаланувчилардан ерларни тортиб олишнинг аниқ мезонлари белгилаб олиниши лозим.

Тортиб олиш мезонлари ва механизмлари қонунда ёзиб қўйилган бўлиши, тортиб олиш механизми суд орқали амалга оширилиши керак.

Бироқ фармонда нимани кўрамиз?

Фермерлик, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерлари эгаларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратишга чақириқлар билан бир қаторда, қуйидагиларга чорлов ҳам мавжуд:

– ер майдонларини самарали фойдаланиш устидан парламент, ҳокимият ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;

– экин майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича давлат бошқаруви ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари масъулиятини кучайтириш;

– ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган ердан фойдаланувчиларга нисбатан ер майдонларига ҳуқуқларни бекор қилишга қадар қатъий жавобгарлик чораларини қўллаш.

Шу билан бирга, ерлардан самарасиз фойдаланишнинг энг асосий омилларидан бири – пахта ва буғдой бўйича мажбурий давлат буюртмасидан воз кечиш ҳақида бир оғиз сўз йўқ.

Амалиётда, айниқса, “салласини олиб кел, деса калласини қўшиб келтирадиган” амалдорларимизнинг менталитетини инобатга олсак, бу нималарга олиб келиши мумкин? Ердан фойдаланувчиларнинг шусиз ҳам заиф ҳуқуқларини поймол қилувчи навбатдаги ер тақсимотига сабаб бўлмаса эди, деб қўрқаман. Қолаверса, ушбу навбатдаги тақсимот, фермерлар билан бирга, дўҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларига ҳам тааллуқли бўлади.

Такроран айтаман: ерлардан самарали фойдаланишни назорат этиш зарур. Лекин буни ялпи кампания кўринишида эмас, балки қатъий, шаффоф, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган қоидаларга асосан ва суд тартибида амалга ошириш керак.

Мени ҳайратга солган яна бир жиҳат: “Белгилаб қўйилсинки, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади”. Кўп тармоқли деганда фермерларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан бошқа фаолиятлари тушунилади. Бунда, аввало, “тайёр маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш, сотиш ва хизматлар кўрсатиш”га оид фаолият назарда тутилади.

Кўп тармоқли фермерлик фаолиятига мутлақо қаршилигим йўқ. Лекин нега энди фермер айнан кўп тармоқли бўлиши кераклигига асло тушунмайман. Нега қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан кифояланмай, албатта яна нимадир билан шуғулланиши лозим? Йўқса, ундан ерни тортиб олишаркан! Фермерлар ҳуқуқларини бузиш учун яна бир “ажойиб” баҳона.

Менга тушунарсиз яна бир жиҳат – бундай муҳим ҳужжатнинг ими-жимида, жамоатчилик ва мутахассислар иштирокида муҳокама қилинмай тайёрланганидир.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган