“Компаниянгни инвесторга бепардоз кўрсатма” ёки инвесторни жалб қилиш йўллари

Эксперт Дониёр Исломов компаниянинг инвестицион жозибадор бўлишига қандай омиллар таъсир кўрсатиши ҳақида ҳикоя қилади.

Business documents

Мамлакатда кечаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар фонида Ўзбекистонга хорижий инвестициялар кириб келиши иқтисодиёт ривожланишидаги асосий масалалардан бири бўлиб, барча миқёсда, жумладан давлат даражасида унга катта эътибор берилмоқда. Kommersant, RB ASIA бошқарувчи директори, Association of Chartered Certified Accountants уюшмаси аъзоси  Дониёр Исломов билан биргаликда, компаниянинг инвестицион жозибадорлигига қандай ички омиллар таъсир қилиши, инвестор нуқтаи назаридан компанияни мафтункорроқ қилиш ва чет эл сармояларини олиб кириш имкониятини ошириш ҳақида ҳикоя қилади.

Бирламчи: компания инвестицион жозибадорлиги – бу нима?

Компаниянинг инвестицион жозибадорлиги – бу унинг ҳолатини акс эттирувчи кўрсаткичлар ва ташқи омиллар мажмуи бўлиб, улар асосида потенциал инвестор компаниянгизга пулини йўқотиш ёки тегишлича даромад ололмаслик хатарисиз пулини тика оладиган бўлади.

Инвестор учта асосий омилга таяниб сармоя киритиши мумкин:

– ички ва ташқи омиллар мажмуи асосида;

– инвесторларнинг мақсадлари асосида;

– даромадлилик ва хатар асосида.

Инвестициявий жозибадорлик омиллари

Ҳар бир инвестицияни баҳолашда инвестор компания инвестициявий жозибадорлигининг  ҳам ташқи, ҳам ички омилларини  ўрганади.

Ташқи омилларга минтақа, мамлакат ва тармоқнинг инвестицион жозибадорлигини киритиш мумкин. Минтақа ва мамлакат жозибадорлиги табиий ресурслардан фойдаланиш имконияти, барқарорлик, коррупция даражаси, солиқ афзалликлари, бозор очиқлиги, меҳнат ресурслари қиймати ва сифати, инновациялар каби омиллар мажмуидан иборат. Мамлакат инвестицион жозибаорлигини баҳолаш билан халқаро рейтинг агентликлари (S&P, Moody’s, Fitch), халқаро ташкилотлар (World Bank, World Economic Forum) ва баъзи нашрлар (Fortune, The Economist) шуғулланади.

Давлатлар мамлакат инвестицион жозибадорлигини инвесторлар учун рағбатлар тўпламини яратиш орқали яхшилаши мумкин. Масалан, инвестицияларни жалб қилиш бўйича жаҳон етакчиларидан бири Малайзия саналади, у, кема қуриш саноатига инвестициялар жалб қилиш мақсадида, шу соҳага маблағ киритадиган инвесторлар учун 2000- йиллар бошида беш йил муддатга 100 фоизлик солиқ таътилини эълон қилган.

Инвестицион жозибадорликнинг тармоқ омилларига тармоқдаги рақобат даражаси, унинг ривожланиш босқичи, нархларнинг ўсиш суръати, бозор ҳажми ва молиявий аҳволи, шунингдек, энг муҳимларидан бири – бозорга киришдаги тўсиқлар саналади.

Ички омилларга келсак, улар бевосита компаниянинг ўзига боғлиқ. Бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз.

Инвесторнинг қарор қабул қилишига бу омиллар кўрсатадиган таъсир салмоғи турлича. Масалан, мамлакат ичидаги қурилиш компаниясига инвестициялар киритишни кўзлаган инвестор қарор қабул қилишда биринчи навбатда компаниянинг инвестицион жозибадорлигига ва битим натижасидаги шериклик имконияти мавжудлигига қарайди. Бироқ, электроника ишлаб чиқарувчи ва Ўзбекистондаги ушбу тармоққа инвестиция киритиш имкониятини ўрганаётган Европа корпорацияси учун биринчи навбатда мамлакатнинг инвестиция жозибадорлиги муҳим бўлади.

Жозибадорликнинг ички омиллари

Ҳар қалай, қайси ички омиллар компаниянгизга инвестиция киритиш қарорига кўпроқ таъсир кўрсатади ва хориждан инвестор жалб қилиш учун нималарга эътибор бериш лозим?

Асосий ички омилларни кўриб чиқамиз.
1. Молиявий ҳолат – компания молиявий ресурслари ва улардан фойдаланиш самарадорлиги. Компаниянинг молиявий ҳолатини таҳлил этишнинг кўплаб услублари мавжуд, лекин амалда инвесторни кўпроқ тушум ўсиши суръати, рентабеллик, ликвидлик, қарз маблағларининг ўз капиталига  нисбати қизиқтиради.

2. Менежмент сифати бизнес-жараёнларнинг самарадорлиги, узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ва унга риоя этилиши, мижозлар ва етказиб берувчилар билан алоқаларига боғлиқ бўлади.

3. Ишлаб чиқариш ва инвестицион салоҳият – мавжуд ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ва бизнесни келгусида кенгайтириш имконияти. Бу ердаги асосий омиллар – ишлатиладиган технологиялар, меҳнат ресурслари сифати, инвестицион режа ва инвестицион лойиҳаларни самарали бошқаришдир.

4. Юридик жиҳат – инвесторларни бизнес эгалари таркиби, юридик тузилма, асосий активларга ҳужжатлар қанчалик тўғри тўлдирилгани қизиқтиради.

5. Бозордаги барқарорлик компаниянинг йириклиги ва бозордаги унинг улуши ҳамда чиқариладиган маҳсулот диверсификацияси ва маркетинг стратегиясининг самарадорлиги билан белгиланади.

Булар – инвестицион қарорга таъсир кўрсатувчи ва инвестицион меморандумни таҳлил этиш чоғида, шунингдек юридик, молиявий ва амалиёт аудитини ўтказиш жараёнида баҳоланувчи классик омиллардир. Тармоқдан, унинг кўлами ва мамлакатдан қатъи назар, ҳар қандай инвестор биринчи навбатда мана шу омилларни баҳолайди.

Cass Business School бизнес-мактаби ва Intralinks компанияси “Компанияни харид учун жозибали қиладиган омил” мавзуида тадқиқот ўтказди ва 23 йил давомидаги 34 мингта компания фаолиятини, 14 мингта битимни ўрганиб чиқди. Тадқиқотга кўра, хусусий компанияларда битимларни амалга ошириш эҳтимоли тушум ва компания рентабеллиги ўсишига, унинг қарз ва кредитлари, йириклиги ва ликвидлигига боғлиқ бўлишини кўрсатди.

Агар биринчи тўрт омил ижобий корреляцияга эга бўлса, ликвидликда салбий корреляция кузатилади. Яъни, агар хусусий компаниянинг ўтган йиллардаги тушуми ўсиши тармоқ бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли баланд бўлса, бу компанияга инвестор жалб қилиниши эҳтимоли ўртача ўсиш суръатларига эга компанияникига қараганда 30 фоизга юқори бўлиши мумкин.

Умумий омиллардан қайси бири Ўзбекистон шароитида энг долзарб саналади? Ўзбекистондаги компанияларга инвестициялар киритишни кўриб чиқишда хорижий инвесторлар дуч келадиган бир қатор муаммолар мавжуд.

Ривожланиш стратегиясининг йўқлиги
– йиллик бюджетлар бор, лекин 5–10 йилга мўлжалланган узоқ муддатли тасаввур мавжуд эмас.

Компания юридик тузилмасининг пухта эмаслиги
– шу билан бирга, бир нечта ўзаро боғлиқ бўлмаган юридик компания умумий бизнес таркибига киради.

Молиявий ёки бошқарув ҳисоботинотўғри юритилиши
– жамланма бошқарув ҳисоботининг мавжуд эмаслиги, шунингдек тасдиқланмаган айланмалар.

Инвестор учун солиқ ва юридик хатарлар мавжудлиги
-активлар олди-сотдиси бўйича битимларнинг нотўғри расмийлаштирилганлиги.

Сунъий равишда юқори баҳолаш
– қиймат асослануви мавжуд бўлмаганда компания қандай баҳоланиши лозимлигини инвестор жуда яхши тушунади.

Корпоратив бошқарув заифлиги
– барча бизнес-жараёнлар битта менежерга боғлиқ бўлиб, усиз қарорлар қабул қилинмайди.

Уларнинг баъзилари объектив, яъни бевосита компания билан эмас, балки маҳаллий қонунчилик ва умуман, иқтисодиёт билан боғлиқ. Уларга юқоридаги жадвалнинг 2- бандини, қисман 3 ва 4- бандларини ҳам киритиш мумкин.

Субъектив омилларга келсак, бу ерда ҳамма нарса кўп жиҳатдан компания топ-менежментига ва унинг самарадорлик ортишидан манфаатдорлигига боғлиқ. Масалан, ривожланиш стратегиясини олайлик. Инвестор учун бунинг муҳимлигига бир қанча сабаб бор:

– стратегия ташкилотнинг самарали тузилмасини ташкил этиш имконини беради ва иккинчи даражали бўлинмаларнинг кенгайишига йўл қўймайди;

– у бизнес эгаси, топ-менежмент ва оддий ходимларнинг бизнеснинг узоқ муддатли ривожланиши тўғрисидаги тасаввурларини мувофиқлаштиради;

– бизнеснинг инвестиция киритиш керак бўлган ва энг кўп фойда келтирувчи йўналишларини белгилайди;
– инвестор нуқтаи назаридан, стратегия компания узоқ муддатли ривожланиши истиқболларини англаш имконини беради, бу, ўз навбатида, компаниянинг бўлажак молиявий кўрсаткичлари ва бизнесини баҳолашнинг асоси бўлади.

Бизнесни баҳолашга ўтамиз. Амалиётда инвестор маслаҳатчини ёллайди, у компанияни учта услуб бўйича баҳолайди:
1. Ўхшаш битимлар услуби – ўхшаш ўлчамлардаги (тармоқ, йириклик, мамлакат бўйича) компания инвестиция объекти бўлган ҳолат танланади ва у баҳоланаётган компанияга нисбатан қўлланилади.

2. Оммавий компаниялар услуби бўйича – фонд биржасида савдода бўлган ўхшаш ўлчамлардаги (тармоқ, йириклик, мамлакат бўйича) компаниялар бўйича статистика йиғилади ва у баҳоланаётган компанияга нисбатан қўлланилади.

3. Дисконтланган пул оқимлари услуби бўйича – компаниянинг беш йиллик молиявий режаси тузилади ва дисконтлаш коэффициентини ҳисобга олганда, ушбу ва кейинги даврларда компания қанча ишлаб топиши ҳисоблаб чиқилади (инвестор учун хатар даражасини белгиловчи фоиз ставкаси).

Баҳолаш ўтказилганидан кейин, инвесторда ушбу компания учун қанча тўлашга тайёр эканлиги хусусида тасаввур шаклланади. Бироқ бизнеснинг амалдаги эгасида ўз бизнесини баҳолаш бўйича бутунлай бошқача ёндашув бўлиши мумкин ва инвестор ҳамда бизнес эгаси мўлжаллари ўртасидаги фарқ катта бўлиши ҳам кузатилади. Бундай тушунмовчилик ва англашмовчилик кўп учрайди, у битим бузилишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли инвесторлар билан музокаралар бошланишидан олдиноқ бизнес қийматининг мустақил баҳоланиши ўтказиш тавсия этилади.

****

Битимни муваффақиятли якунлаш учун инвесторни жалб қилишдан олдин ҳисобга олиш керак бўлган кўплаб омиллар ва ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар мавжуд.  Бироқ, уларнинг аксарияти салоҳиятли бошқарув жамоаси ва тажриба маслаҳатчи мавжуд бўлса, ҳал этиладиган масалалар. Қолаверса, компания инвестицияолди тайёргарлик босқичида амалга оширадиган инвестициялар бизнес қийматини ошириб, копанияни инвестор нутаи назаридан шаффоф ва  тушунарли қилиб, харажатларни бир неча баробарга қоплайди.
____________

150Дониёр Исламов, RB ASIA бошқарувчи директори, Association of Chartered Certified Accountants уюшмаси аъзоси, Москва давлат халқаро муносабатлар институти иқтисодиёт магистри, Япония, Россия ва Ўзбекистонда чоп этилган 20 га яқин мақолалар муаллифи.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган