Компанияни инвестицияларга тайёрлашдаги 10 та ўта муҳим қадам

Эксперт Дониёр Исломов компанияга пул жалб қилиш услублари ҳақида сўзлайди.

Компаниялар муассислари муваффақиятли бизнесни йўлга қўйиш учун йиллаб, ўн йиллаб инвестиция киритадилар. Бизнесни бутунлай ёки қисман инвесторга сотиш масаласи юзага чиққанда, чеккан заҳматларга яраша энг юқори нархда пуллаш истагида бўладилар.

Ниятлар осмонда экан, компания ҳам бунга тайёр бўлиши зарур. Инвестицияга нечоғли яхши тайёрланганлигига қараб, бизнеснинг нархи ўзгаради.

Инвестор жалб қилишга ярим йил борми ё уч йилми – фарқи йўқ, агар компанияни ҳозирдан тайёрлашни бошласангиз, бу инвестор билан тузиладиган битимга бевосита таъсир қилади.

1. Инвестициялар жалб қилишга доимий тайёргарлик

Инвесторлар излашдан анча олдиндан компанияни тайёрлаш керак. Ҳозирнинг ўзида унинг амалий самарадорлиги ва даромадлилигини ошириш, шу тариқа компания муваффақияти тарихини яратиш лозим.

Бундан ташқари, бевосита муассиснинг иштирокисиз ишлай оладиган кучли бошқарув жамоасини тузиш жуда муҳим. Янги инвесторда ҳам жамоа ўз вазифаларини муваффақиятли давом эттира олишини кўрсатиш зарур.

2. Келгуси ривожланиш ҳақида узоқ муддатли тасаввур мавжудлиги

Инвесторларни ўтмишдан ҳам кўра кўпроқ келажак қизиқтиради. Бинобарин, Компаниянинг узоқ йиллар давомида гуллаб-яшнашини таъминловчи келгуси ривожланиш жараёнларининг равшан ва асосли манзарасини тасвирлаш талаб этилади.

3. Бизнес қийматини ва нарх омилларини тушуниш

Бизнеснинг нархи у инвестор-компанияга қанчалик мувофиқ келишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу сабабли аксарият муассислар бизнеснинг потенциал қийматини тўғри баҳолай олмайдилар. Бизнеснинг айланмага ёки EBITDA нисбатан (фоизлар, солиқлар ва амотизация минус қилингунгача бўлган даромад суммаси) қиймати каби бизнес нархи мультипликаторлари қайсидир маънода баҳо чиқаришга асос бўла олади, лекин бизнеснинг якуний баҳоси улардан мутлақ фарқ қилиши мумкин.

Нега бундай бўлади? Бунда потенциал инвестор нуқтаи назаридан бизнеснинг қийматини тушуниш муҳим. Ҳолбуки, кўп ҳолларда инвесторнинг асл нияти унчалик ҳам аниқ бўлмайди.

Масалан, муассис нуқтаи назарига кўра, компаниянинг энг кучли жиҳати маҳсулот сифати саналади. Лекин потенциал инвесторни компаниянинг дистрибьюторлик тармоғи қизиқтириши мумкин ва бунинг учун у, эҳтимол, яхшигина мукофот тўлашга тайёр бўлади.

Кўпинча инвесторлар бўлажак уйғунлик, мақсадларга эришиш ва, ҳатто, обрў учун мукофот тўлашга тайёр бўладилар. Шу сабабли, бизнес баҳосини тушириб юбормаслик ва музокаралар столи устида пулларни бой бермаслик учун компания қийматини шакллантирувчи барча омилларни англаш лозим.

4. Сюрпризлардан четланинг – мустақил аудит

Ҳар қандай жиддий инвестор музокаралар жараёнида битим тузишдан олдин компания аудитини ўтказиш учун маслаҳатчилар ёллайди. Бу босқичда ҳар қандай сюрприз битимга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ишонч – муваффақиятли битимнинг асосий омили.

Муассислар, олдиндан компаниянинг мустақил аудитини ўтказиш орқали, ушбу муаммони четлаб ўтишлари ва барча заиф жиҳатларни барвақт аниқлашлари мумкин. Шу зайлда,  компания то инвестор билан битим бошлангунига қадар муаммоларни ҳал этиш ёки уларнинг таъсирини камайтириш учун етарли вақтга эга бўлади.

5. Харидорлар ва етказиб берувчилар концентрациясининг пасайиши

Инвестор нуқтаи назарига кўра, бизнеснинг узлуксизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган иккита хатарли зона мавжуд – харидорлар концентрацияси ва етказиб берувчилар концентрацияси: компания сотувлари ёки харидларининг асосий қисмини уч-тўртта контрагент эгаллаб олганлиги. Бундай ҳолда портфелни кенгайтириш ва уларга боғлиқликни сусайтириш учун барча чораларни кўриш лозим бўлади.

6. Молиявий ҳисобдорликнинг тўғрилиги

Потенциал инвестор тақдим этилган молиявий ҳисоботнинг тўғрилигига мутлақ ишонч ҳосил қилиши керак. Бу ҳолатда ҳисобот сифати аҳамиятга эга бўлади. Шунингдек, компания яхши йўлга қўйилган ички назоратга ҳам эга бўлмоғи даркор. Агар биз хорижий инвестор ҳақида гапирадиган бўлсак, яхшиси, ҳисобот халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари бўйича тайинлангани, аудитни халқаро компания ўтказгани маъқул.

7. Айланма капиталини оптималлаштириш

Компания муассислари айланма капиталини бошқара олмаганликлари сабабидан музокараларда анча пул бой беришлари тез-тез кузатилади. Айланма капиталининг ортиқчалиги бизнес қийматини оширмайди, балки камайтиради. Шундай экан, агар айланма капитали самарали бошқарилса, бизнес қийматини ошириш мумкин.

8. Солиқлар

Пировардида, муассис учун битим  тузилганда, барча солиқлар тўлангандан кейин қўлига қанча тегиши муҳим. Агар бу ҳақда ҳозир, битимдан анча олдин ўйланса, солиқ оқибатларини юмшаиш мумкин бўлади.

9. Тажрибали жамоа

Муассис биринчи ва охирги марта инвестор жалб қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, бу битимнинг молиявий оқибати ниҳоятда муҳимлиги боисидан, хато қилишга имкон берилмайди.

Айнан шу сабабли тажрибали инвестиция маслаҳатчиларини жалб қилиш аҳамиятга эга, улар муассисга битимнинг барча босқичлари бўйича маслаҳат берадилар. Ўнлаб бундай битимларни амалга оширган профессионалларнинг тажрибали жамоаси кўплаб қимматга тушувчи хатоларни четлаб ўтиш имконини беради.

Кўп ҳолларда битимни муваффақиятли тузиш учун биргина имконият бўлади ва бу ерда ҳамма ишни тўғри бажарувчи тажрибали маслаҳатчилар жамоасига ишонган маъқул.

10. Фокусни сақлаб қолиш

Инвесторни жалб қилиш ишлари кетаётганига қарамай, муассислар ўз бизнесини юритишда давом этишлари зарур. Бунда ҳам муассисни асосий ишидан чалғитмай битимни юрита олувчи инвестиция маслаҳатчилари кўмак берадилар.

Бу босқичда рўй бериши мумкин бўлган охирги вазият – бу компания фаолиятига инвестор билан битим салбий таъсир кўрсатишидир.

Бизнесни бошқаришга эътиборни жамлаш бизнес қийматини битим тугалланишига қадар сақлаб туриш имконини беради.

  • Демак, агар компания муассислари бизнес ривожланишининг қайсидир босқичида янги инвестор-шерик ёки харидор жалб қилиш имконияти билан қизиқадиган бўлсалар, компанияни бугундан тайёрлаш керак. Юқорида кўрсатилган ҳаракатлар, тўғри амалга оширилганда, инвестор жалб қилишдаги муваффақият эҳтимолини оширибгина қолмай, компания қийматини ҳам яхшигина юқори бўлишига хизмат қилади.

──────────────

150Дониёр Исломов, RB ASIA бошқарувчи директори, Association of Chartered Certified Accountants (UK) ассоциацияси аъзоси, Москва давлат халқаро муносабатлар институти иқтисодиёт магистри, Япония, Россия ва Ўзбекистонда чоп этилган 15дан зиёд мақолалар муаллифи.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган