Кремний водийси ва Венециянинг ўхшаш томонлари: иқтисодий муваффақиятнинг икки омили

Венеция империяси ва Кремний водийси иқтисодий феноменларини нима бирлаштириб туради? Биринчи навбатда – хусусий мулк ҳимояланганлиги кафолати ва адолатли мустақил судлар. Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов тарихий ўхшашликлар ҳақида сўз юритади ва бу икки омилсиз иқтисодий ўсиш мутлақо иложсиз эканлигини исботлайди.

Бехзод ХошимовБеҳзод Ҳошимов – иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти. 2016 йил май ойидан Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Сингапурдаги Нанянг технология университети математика бакалаври даражаларига эга. Висконсин университети жамоаси вакили сифатида Федерал захира тизими томонидан 2015 ва 2016 йилларда ўтказилган монетар сиёсат соҳасидаги энг яхши таклифлар танловида қатнашган.

 

Империя гуллаб-яшнаши

Венеция империясининг юксалиши ва сўниши – чексиз илмий баҳслар мавзуи. Америкалик иқтисодчилар Дарон Ажамоглу ва Жеймс Робинсон ўзларининг “Нега бир мамлакталар бой, бошқалари эса қашшоқ” номли асарларида Венеция қулаши даврига бутун бошли бобни ажратадилар ва уни истеҳзо билан “Венециянинг музейга айланиши” деб номлайдилар. Даниэл Трефлер (Торонто университети) ва Диего Пуга (Испания Марказий банки) ўзларининг янги тадқиқотларида ушбу масалани тарихий маълумотлар ва назарий моделлар ёрдамида чуқурроқ ўрганадилар. Лекин ушбу тадқиқотда ҳам муаллифлар империя гуллаган даврга эмас, балки унинг таназзулига эътибор берадилар.

XIII аср охирига келиб Венеция Муқаддас Республикаси, эҳтимол, Рим давридан кейинги Ўрта ер денгизидаги энг улуғвор давлат бўлди.

800 йилдан 1350 йилга қадар Венеция гуллаб-яшнаши – бу савдонинг ўсиши туфайли юзага келган, ғаройиб сиёсий ва интитуционал ўзгаришлар тарихидир. Ўрта асрлардаги асосий савдо маркази сифатида, Венеция нафақат меъморчилиги, балки тараққий этган институтлари билан ҳам ҳайратга соларди.

площадь св маркаВенециядаги Муқаддас Марк майдони. Ўнг томонда – Дожлар саройи – дожлар қароргоҳи, сенат ва Олий суд мажлислари ўтадиган бино. Фото: TripSavvy

IX асрдаги қатор қулай воқеалар натижаси ўлароқ, Венеция алал-оқибат сиёсий мустақилликни қўлга киритди. Сиёсий нуқтаи назардан омадли жойлашувга эга эканлиги, мустақилликка эришганлиги Венецияга Ғарбий Европа ва Шом ўртасидаги савдо кўприги вазифасини ўташ имконини берди. Шарқ билан савдо мисли кўрилмаган даромад эшигини очди.

Аммо Ўрта асрлар Ғарбий Европаси феодал савдо институтлари фақат ўта бой қатлам – йирик ер эгалари ва феодал (қирол)га яқин одамларгагина савдо билан шуғулланиш имконини берарди. Бундан ташқари, денгиз савдоси жисмонан оғир иш эди: Шарққа сафар қилишга тахминан уч ой вақт кетарди. Касалликлардан, кемалар ҳалокати ва қароқчиликдан ҳалок бўлиш одатий ҳол саналарди. Анча йирик бизнес-хатарлар ҳам мавжуд эди: агар кема Акко ёки Константинополга, бир ойга бўлсин, кечикиб келса, бозорда жуда кам мол қоларди ва уни юқори нархларда харид қилишга тўғри келарди (бозорнинг саёзлиги). Ва ниҳоят, об-ҳаво туфайли кўрилган зарар бор фойдани йўққа чиқариб юборарди.

КартаСавдо йўлларининг харитаси

Лекин буларнинг ҳеч бири ўлжа кетидан қувган асл сайёдларга тўслқинлик қила олмади. Энг катта тўсқинлик савдо анча миқдорда бошланғич пул тикишни талаб қилиши бўлди. Савдо кемаси жуда қиммат турар ва техник хизмат кўрсатиш, бошқариш ва қўриқлашга ҳам озмунча пул кетмасди. Савдо моли эса, кеманинг ўзидан ҳам қиммат бўларди. Архив ҳужжатларига кўра, бутун Венецияда бир нечта оилаларгина бундай сафарни мустақил уюштира олардилар.

Денгиз савдоси капитал бозорига ноёб талаблар қўярди, у, пировардида, янги контрактлар институтларининг юзага келишини тақозо қилди.

Талабларнинг ноёблиги қуйидагиларда кўринарди:

  1. Савдо, қишлоқ хўжалиги ёки ҳунармандчиликка қараганда, анча катта бошланғич капитални талаб қиларди.
  2. Кредит гаровининг иложи йўқ эди, чунки бутун қарз суммаси кўздан “ғойиб” бўларди.
  3. Савдо сафарига отланган савдогар омонатчининг кўзи остидан йўқоларди, натижада капитал эгаси на иш сифатини, на ўзи ёллаган савдогар (менежер)ниинг виждонан ишлашини назорат қила оларди. Ёлланган савдогар бизнес-жараёнларга яқинроқ тургани боис, у кўпроқ ахборотга эга бўлиб, инвесторни осонгина алдаши мумкин бўларди. Бу – принципал-агентнинг классик муаммосидир.

Бу муаммолар бизнеснинг ва ҳуқуқий муносабатларнинг янги шакллари юзага келишига сабаб бўлди. Айнан Венецияда масъулияти чекланган шерикликнинг ўта муҳим институти – коллагенца (баъзида комменда деб аталарди) юзага келди. Контрактнинг бу кўринишини инсониятнинг келгуси ривожидаги асосий институтлардан бири дейиш ҳам хато бўлмайди.

Коллагенца қуйидаги тартибда ишларди: икки томон мавжуд – саёҳат қилувчи савдогар ва инвестор (ёки ўтроқ савдогар). Венецияда ўтроқ савдогар буюм (масалан, жун мато) ва пулларни саёҳатчи савдогарга беради, у, айтайлик, Константинополь томон сузади. У ерда товарларни сотади, тушган пулга бошқа буюмлар (масалан, қалампир) харид қилади, уларни Венецияга келтириб сотади. Фойда аввал-бошда қандай келишилган бўлса, ўша бўйича тақсимланади. Эътиборли жиҳати шундаки, коллеганца қўли калтароқ савдогарларга ҳам денгиз савдоси билан шуғулланиш имконини берарди.

Венеция Коллеганца (2)Заккария Страганарио ва Агади Жованни (ўтроқ савдогар) ўртасидаги коллеганца, 1199 йил, август.

Таржимаси: “Сафарга чиқувчи савдогар, Заккария Страганарио исмли йигит, қўриқчилар назоратида Константинополга йўл олувчи хусусий кемага чиқиши лозим. Бошқа ҳеч қандай тижорат йўриқномалари берилмайди: Страганарио бошқа барча қарорларга, жумладан “менга яхши кўринган бошқа ҳар қандай ерга” сафарни давом эттириш учун масъул. Фойданинг тақсимоти қуйидаги улушларда бўлади: ўтроқ савдогар учун ¾ ва саёҳатчи садвогар учун ¼ улуш. Агар фойда ўрнига зарар кўрилса, уни тўлиқлигича ўтроқ савдогар кўтаради: “Денгиз ва одамлардан ўз танига зарар кўради”. Сафарга чиққан савдогар, ўтроқ савдогарга маблағ тўламаган ҳолда, катта жаримага тортилади”.

Замонамиз Венеция савдогарлари – венчур капиталистлари

Замонавий технологиялар ва интернетга қизиқадиганлар учун юқоридаги гаплар Ўрта асрлар ҳақида эмас, балки Кремний водийси тўғрисида кетаётгандек кўринади. Бу ерда, Калифорниядаги Сан-Франциско ярим оролида, Стэндфорд университетидан бироз нарида, бутун дунёга машҳур Intel, AMD, Oracle, Apple, Cisco, Yahoo!, eBay, Google, Facebook и Twitter компаниялари ташкил топган.

HPHP асосичлари Уильям Хьюлетт ва Дэвид Паккард – аввал ушбу компания, кейин бутун Водий юзага келган гараж олдида. Фото: LinkedIn

Кремний водийсида коллеганцанинг ўхшаши – венчур контракти мавжуд. Ўтроқ савдогарлар стант деб эмас, балки венчур капиталистлари деб аталади.

“Сафарга чиқувчи савдогарлар” ҳам бор – стартапчилар, улар, Венецияда бўлгани каби, бошланғич капиталга эга эмаслар ва, қўлларида гаров моли бўлмагани боис, банклар каби анъанавий молиялаш манбалари уларга кредит бермайдилар.

Шарққа йўл оладиган савдо сафарлари каби, венчур инвестицияларида ҳам муваффақият эҳтимоли жуда кам – яхши инвесторда 16 та компаниядан биттасигина фойда келтиради. Хатарнинг юқори эканлиги капитал жалб қилишнинг мураккаблигига сабаб бўлади. Водийдаги тадбиркорлар – ўта юқори малакали, катта амбицияларга эга одамлар бўлиб, ўз ғояларини амалга оширишлари учун катта миқдорда пулга муҳтожлар. Минг йил аввал капитал билан денгиз сафарига чиққан ўтмишдагилар каби, Водий тадбиркорлари ҳам лойиҳа муваффақиятсизликка учраса инвесторга қайтариб бериш иложсиз бўлган маблағларни сарф этишлари лозим. Мана шу жиҳатидан бу фаолият, масалан, саноатдан фарқ қилади – унда қарзни қайтариш учун, ҳеч бўлмаганда цехни, жиҳозлар ёки хом ашёни сотиш имкони мавжуд.

Тадбиркорлар (стартапчилар) ва  венчур капиталистлари коллеганцалар каби шартнома тузадилар. Гаров ўрнига капиталистлар стартапдан улуш оладилар, тадбиркорлар эса – бизнесни ривожлаштириш учун маблағга эга бўладилар.

Кремний водийси – XXI аср Венецияси

Ўрта асрлар Венецияси ва замонавий Кремний водийси ўртасидаги ўхшашликлар яна кўп топилади. Мисол учун, қадимда сиёсат ва бизнес марказлари Рим ва Флоренция бўлган  эса, ҳозирда Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарларидир. Водий ва Венеция эса, нисбатан чеккада жойлашган бўлсалар ҳам, инновациялар локомотивига айландилар ва аъанавий марказлар “панжасига панжа урдилар”.

Кремний водийси тажрибасини бутун дунёда такрорлашга уринмоқда: Хитой, Россия, Жанубий Корея, Сингапур, Ҳиндистон, Бразилия, Қозоғистон ва бошқа мамлакат ҳукуматлари вакиллари Водийга ташриф буюриб, ўзларида шу каби лойиҳани жорий қилиш ҳақида сўзлайдилар. Худди шу сингари, деярли барча Европа монархлари ўзларида “янги Венеция” қурмоқчи бўлганлар.

Медведев ДжобсРоссия Бош вазири Дмитрий Медведев ва Apple асосчиси Стив Джобс. 2010 йил. Фото: Дмитрий Астахов/AFP/Getty Images

Ўрта асрлар Венециясида ҳам ўзининг қаҳрамонлари бўлган, улар, Марк Цукерберг ёки Сергей Брин каби, бизнес юритиш муҳитини тубдан ўзгартириб, кескин бойиб кетганлар. Заккария Страганарио (суратда унинг 1199 йилдаги шартномаси акс этган) – хорватиялик қулнинг набираси, коллеганца туфайли бойликка эга бўлган. Илк сафаридан етти йил ўтиб, у Константинополдаги биринчи Венеция ҳокимининг консули лавозимини эгаллаган ва герцог Критдан етти баробар бой бўлган.

цукерберг и гейтсFacebook асосчиси Марк Цукерберг ва Microsoft асосчиси Билл Гейтс. Фото: YouTube

Заккария тарихи – ўша пайтлардаги Европа мезонларига кўра, бемисл иқтисодий ва сиёсий мобиллик намойишидир. Айнан Венецияда бунга эришилди ва бунинг ўз сабаблари бор.

Нега энди Калифорния?

Экспертлар Кремний водийсининг Гарвард ва Массачусетс технологик институти жойлашган Массачусетсда эмас, айнан Калифорнияда эканлигига юридик асослар ҳам бор, дейишади. Ушбу штатдаги меҳнат қонунчилиги ижросида бир ўзига хослик бор – рақобатдан воз кечиш бўйича келишувларга оид баҳслар (моҳиятан бу ходимларни жалб қилиб олишга тақиқ) иш берувчининг эмас, ходимнинг фойдасига ҳал этилади. Шу тариқа қобилиятли кадрлар салбий юридик оқибатларсиз бошқа компанияларга ишга ўтишлари ёки ўзларининг рақобатчи бизнесларига асос солишлари мумкин. Стэнфорд ҳуқуқшунослари фикрига кўра, айнан мана шу сабабли кўплаб компаниялар бош қароргоҳларини Водийда жойлаштирадилар.

mit-vs-stanfordФото: netivist.org

Стартапларда, ҳайратланарли инновациялардан ташқари, кўзга ташланмайдиган жиҳат ҳам бор, бу – суд можаролари, минглаб варақли ҳуқуқий ҳужжатлар, адвокатлар қўшини, патентлар уруши ва интеллектуал мулкни сақлаб қолиш учун кураш. Судлар ва юридик контрактлар – венчур капиталистлари ва IT-компаниялар кундалик ташвишидир. Тадқиқотларга кўра, венчур контракт қанчалик мураккаб бўлса, фирма муваффақияти эҳтимоли шунчалик юқори бўлади (бу сабаб-оқибат боғлиқлиги эмас, балки шунчаки барқарор статистик кўрсаткичдир).

Бунинг ҳаммаси учун ўта мукаммал суд ва шартномалар ижроси инфратузилмасига эга бўлиш керак.

Бирорта ҳам штатда судьялар малакаси ва контрактлар бажарилиши юзасидан муаммолар йўқлигига қарамай, бир кичик жиҳат Бостонни эмас, айнан Сан-Францискони технологик инновациялар марказига айлантирди.

Коллеганцадан кейинги Венеция

Институциявий яхшиланишлар Венецияни бой қилибгина қолмай, даромадлар тақсимотида ҳам сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлди. Мерос туфайли эмас, ўз саъй-ҳаракатлари билан бадавлат бўлган тоифалар юзага келди. Бу савдогарлар, уларнинг инвесторлари каби, алоҳидаликка ва хусусий мулк ҳуқуқлари ҳимоясига талабни ярата бошлади. Рўй берган ўзгаришларнинг афзал жиҳатлари ҳақида узоқ сўзлаш мумкин: дожлар (Италия денгизбўйи республикаларидаги давлат бошлиқлари)нинг мерос қолувчи монархиясига чек қўйилиши, мустақил парламент яратилиши, унинг тасдиғисиз дож ҳеч қандай қарор қабул қила олмаслиги шулар жумласидан. Лекин бизга бу жараёнларга узоқ тарихий истиқболдан назар ташлаш қизиқроқ.

Интитуционал иқтисодиёт нуқтаи назаридан беқиёс илгарилаш рўй берди.

Нобель мукофоти лауреати ва иқтисодий тарихчи Дуглас Норт, жамиятлар тараққиётининг тамаддуний тажрибасини ўрганиб, иқтисодий (ва бошқа соҳаларда ҳам) ривожланишнинг “юксак траекторияси”га ўтишнинг зарурий шарт-шароитлари учта эканлиги ҳақида хулосага келди. Венецияликлар уларнинг биринчисини бажаришга муваффақ бўлдилар. Олий табақа ўзи учун қонунлар ёзишни ва бошқаларга ҳам ёйишни бошлади, кўпчилик мамлакатларда бунинг акси кузатиларди: аҳоли учун – қонунлар, ўзлари учун – истиснолар.

Шубҳасиз, Венециядаги сиёсий ўзгаришларнинг муҳим якунларидан бири сифатида ундаги суд тизимини келтириш мумкин.

Венеция судлари

Константинополь жойлашган Румда венециялик савдогарлар византияликлар билан эмас, ўз ватандошлари билан савдо қилардилар. Талабнинг катталиги Заккария Стагнарио (Ўрта асрлар Цукерберги) каби кўплаб савдогарларнинг Константинополда қолиб кетишларини тақозо қилди.

Замонавий Истамбулга келадиган сайёҳлар шаҳарнинг Европа қисмидаги ҳашаматли Бейўғли тумани туташган Галата минорасига ҳайратланиб боқадилар. Айнан ўша ерга, қарийб минг йил аввал Венециялик савдогарлар, кейинроқ эса, Генуя банкчилари кўчиб келишган. Олтин Мугузнинг у томонида тижорат тили, шубҳасиз, итальян тили бўлган. Бу жойнинг номи – “Бейўғли” – венециялик бой савдогар Людовико Гритти ўғли ҳурматига қўйилган. Унинг саройида бугунги кунда Италия консуллиги жойлашган. Венецияликлар византияликларни уларнинг бозорларидан сиқиб чиқарганликлари ҳайратланарли кўринади, аммо бунинг содда изоҳи мавжуд.

Галатская башняГалата минораси. Фото: Google Plus

Кремний водийсида бўлгани каби, муваффақият тарихи ҳуқуқни қўллаш институтлари билан боғлиқ. Венеция судларининг сифати ва уларнинг нисбатан холислиги савдо контрактларини рўйхатга олишда катта афзаллик берарди. Тадбиркорлар ва инвесторлар потенциал суд муҳокамалари учун Венецияни маъқул кўришарди. Четдан келган савдогарлар Венеция фуқаролари билан иш юритишса, транзакциялар Византия эмас, балки Венеция судлари юрисдикциясига ўтарди. Тижорий можаролар чиқса, иккала томон кўпроқ Венеция судларига ишонарди.

Агар византиялик қирол саройида таниш-билишга эга бўлса, чет элликлар адолатли суд ҳукмига умид қилмасдилар. Бу эса, ҳатто Акко, Константинополь ёки Искандариядаги хорижий портларда ҳам бизнес муносабатлари мутлақо венецияликлар ўртасида амалга оширилишига сабаб бўлди.

XIII аср охирларига бориб Венеция энг бой давлатлардан биригина бўлиб қолмай, тижорат соҳасида кўплаб замонавий анъаналарга ҳам асос солди. Молиявий инновациялар қуйидагиларда кўринарди: масъулияти чекланган акциядорлик жамиятлари, қарз мажбуриятлари (айниқса векселлар!)нинг чуқур (ликвидли) бозорлари, қарз, улуш ва ипотека воситалари кенг кўлами учун иккиламчи бозорлар, банкротлик тўғрисидаги қонунчилик (унда ноликвидлик тўловга лаёқатсизликдан фарқланарди), бухгалтериядаги иккиланган ёзув тамойили (иккита бухгалтерия юритиш билан адаштирманг – уларда солиқ тизими анча яхши бўлган), бизнес-таълим (жумладан, валюта конвертацияси учун алгебрадан фойдаланилган), депозит банкинг ва барқарор валюта (Венеция дукати).

Бундан ташқари,  Венеция адолатли судлов анъанаси ғарб ҳуқуқий тизимига асос солди, у тижорий қонунлар (Law Merchant)ни, жумладан тижорат контрактлари мониторинги ва бажарилишининг оммавий таъминланишини, юридик шахс – тижорат корпорациялари тушунчасининг юзага келишини ўз ичига олди. Бу инновацияларнинг барчаси хусусий мулкни ҳимоялаш институти самараси бўлиб, у сиёсий бошқарувининг судларга босим ўтказиш имкониятини чекларди.

Мана шу жараёнларни тарихчилар Ғарб цивилизацияси гуллаб-яшнаши ва келгусида бутун дунёда ҳукмрон бўлишининг бошланиши деб санайдилар.

Ўша давр Венеция адолатли судлови ҳақида  Уильям Шекспирдан ўтказиб ҳеч ким ёза олмаган.

Шекспир – бадиий адабиёт эмас

Адабиётни бадиий ва илмий (fiction ва non-fiction)га тақсимлашни нохолис ва нотабиий деб ҳисоблайман. Кафканинг “Жараён”и, Оруэллнинг “1984” ёки Макиавеллининг “Ҳукмдор”и адолатли судлов ва ҳокимият табиатини Афлотуннинг “Давлат” ёки Ролзнинг “Адолат назарияси”дан кам муҳокама қилмайди. Шекспирнинг “Венециялик савдогар” ёки “Меъёр устидан меъёр” комедиялари – ҳам мазмунан, ҳам моҳиятан яққол юридик асарлардир. Машҳур ҳуқуқшунос олим Корнштейн айтганидек, “Венециялик савдогар” пьесаси “адабиётчиларга қараганда, ҳуқуқшунослар томонидан кўп изоҳларга сабаб бўлди”.

Асар кульминацияси суд залида рўй беради. Муҳокамаларда молиячи Шейлок (миллати – яҳудий) қатнашади, у бой савдогар Антониога унинг коллеганцалари ҳисобига қарз берган бўлади (қарз мажбуриятлари бозорига саломлар!). Агар Антонио қарзни муддатида қайтармаса, Шейлок унинг танасидан бир фунт гўшт кесиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Антонио кемалари ҳалокатга учрайди, вексель бўйича тўлов муддати тугайди. Суд Шейлокнинг ўз ҳақини олиш ҳуқуқини тан олади, лекин ундан раҳмдил бўлишни сўрайди. Аммо яҳудийларни ёмон кўргани учун Антониодан нафратланувчи Шейлок сўзида туриб олади. Суднинг ҳаққонийлиги ва (инглизлар учун) ақлга сиғмайдиган даражада адолатлилиги – сюжет комедиясининг бир қиррасидир. Яна бир муҳим қирра – яҳудийнинг венециялик танасидан бир фунт гўшт кесиб олишни талаб қилишга ҳақли эканлигидир. Бундан ҳам ҳайратланарли факт – Антонионинг дўсти Бассанио малика Порцияга уйланган бўлиб, уларнинг никоҳ тўйлари  Антонио қарзга ботиши учун асосий сабаб бўлади. Шунга қарамай, суд шартнома бажарилишини таъминлайди.

джереми айронс“Венециялик савдогар” фильмидан кадр (The Merchant of Venice, 2004). Антонио ролида – Жереми Айронс. Фото: Empire

Сюжетнинг фожеавий комедия эканлигини тушуниш учун ўша пайтларда Европада яҳудийларнинг ҳуқуқий аҳволи қандай бўлганлигини эслаш кифоя. Комедия яҳудийлар Испанияда оммавий тазйиқ ва қатл қилинишга учраб, кейин буткул ҳайдалганига энди 100 йил бўлганида ёзилган. Келиб чиқиши яҳудий бўлган битирувчига Оксфорд университети дипломи берилиши эса, биринчи бор 1856 йилда – пьеса ёзилганидан 250 йил кейин рўй беради. Шекспир даврида Европанинг аксарият мамлакатларида, маҳаллий аҳоли, боз устига бадавлат акобир билан можарода яҳудий адолатли судловга эришиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилиш қийин эди. Яъни, Венеция суди томонидан қонуннинг ҳаддан ташқари сўзма-сўз талқин қилиш факти кулгу остига олинади. Адолатли судлов ўша пайтдаги инсонларнинг ижтимоий, диний ва маънавий қарашларига зид бориши эса, манзарани янада бўрттиради.

Тарих сабоқлари ва замонамиз тажрибалари

Ўрта асрлар Венецияси (ва Кремний водийси ҳам) бизга берадиган биринчи сабоқ – бу хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳимлиги ва судларнинг холислиги (табиийки, малакали эканлиги ҳам)нинг муҳимлигидир.

Технологик тадбиркорлик ривожланишининг яна бир шарти – компания акцияларини фонд биржасида сотиш орқали венчур капиталининг чиқиш имкониятидир. Венеция қарз мажбуриятлари бозори тажрибаси – қулай шароитларда фонд ва инвестиция бозорларининг юзага келиши шубҳасиз эканлигининг яна бир исботидир. Бироқ бу кейинги босқич, илк қадам қўйилмаса, фонд бозори мутлақо фаолият юрита олмайди.

карта капиталВенчур инвестициялари ҳажмининг аҳоли жон бошига нисбати географияси

Технологик бизнес фаолият юритиши учун зарур бўлган яна кўп омиллар мавжуд: замонавий университетлар, фундаментал илмий тадқиқотлар, юқори малакали меҳнат ресурслари, технопарклар, хусусий тармоқнинг тадқиқот марказлари билан ҳамкорлиги, қимматбаҳо илмий лойиҳаларни молиялаштириш, жаҳон илм-фан ва инновация марказлари билан мустаҳкам алоқа шулар жумласидан.

Тошкентдаги Инҳа университети базасида Mirzo Ulugbek Innovation Center қурилиши биз тўғри йўлда эканлигимизга далолат қилади. АКТ вазирлигининг технологик стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларини фақат қўллаб-қувватлаш мумкин. Лекин, афсуски, бу йўналишдаги муваффақиятлар бошқа ҳокимият органларига боғлиқдир.

Профессионал венчур капиталистларни (ҳатто  ўзимиздагиларни) қизиқтириш учун хусусий мулк ҳуқуқлари ҳимояланишини кафолатлаш зарур. Шунингдек, бизнес юритишдаги юқори тузилма ва мамлакат хатарларини пасайтириш зарур. Америкалик венчур капиталистлар – ўта гардкам ўйинчилар, ҳатто улар ҳам Ўзбекистонга инвестиция кирита олмаётганликлари бизнес юритишнинг ниҳоятда юқори хатарга эгалигидан сўзлайди.

Шубҳасиз, бир кунда самарали суд тизимини қуриш ва хусусий мулк ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш имконсиздир. Адолатли судлов ижроси институтларини қуриш ва қўллаб-қувватлаш бўйича жуда катта ишларни амалга ошириш керак. Бироқ бир фактни тўлиқ англаш лозим: иқтисодиёт илм-фани ягона хулосага келган – тараққиёт учун ўзга йўл йўқ.

Венеция сабоғи адолатли судловнинг сифатли институтлари аҳамиятини яна бир бор намоён этади. Ботқоқда барпо этилган кичик шаҳарча мудратли империяга айланиб, тарихни ўзгартириб юборди, адолатли судлов институтлари эса, бунда асосий ролни ўйнадилар.

 

Энг кўп ўқилган