Маълумотнома: протекционизмнинг иқтисодиётимизга таъсири

Kommersant бизнес вакиллари билан биргаликда протекционизм нима эканлиги ва у Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ҳикоя қилади.

XVIII асрда протекционизм Европанинг ривожланган мамлакатларида иқтисодиётни ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришдаги асосий ёндашув бўлган. Аммо кейинроқ британияликлар эркин савдо доктринаси – фритредерликни ишлаб чиқдилар. Шундан буён икки мафкура тарафдорлари қай бири афзал экани ҳақида баҳслашиб келадилар.

“Коммерсант” протекционизм сиёсати яхшими ёки ёмонлиги ва у ҳақда бизнес қандай фикрда эканлигини ўрганди.

Баҳс моҳияти

Протекционизм – давлатнинг, ЯИМни ошириш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш баробарида, бир турдаги товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатга импорт ҳажмини чегаралашга қаратилган сиёсати. Иқтисодиётда у фритридерлик – эркин савдонинг зидди ўлароқ намоён бўлади.

Протекционизм сиёсати мамлакатга товарлар импортини қийинлаштиради: божхона божлари, импортга квоталар ва савдо эмбаргоси, маъмурий тўсиқлар, бюрократик тақиқлар, келишувлар, “фақат ўзимизникини харид қил” қабилидаги сиёсий-ватанпарварлик кампаниялари, хорижий ишчи ва сармоядорларни камситиш – бу ҳали импортга таъсир кўрсатиш механизмларининг тўлиқ рўйхати эмас.

Фойдасидан зарари кўп

Зафар ХашимовЗафар Ҳошимов,

Корзинка.уз асосчиси

АҚШ металлургия корхоналари вакилларининг Дональд Трамп билан яқинда ўтказган учрашувларида у янги импорт тарифларини киритишга ваъда берди. Бунинг натижаси ўлароқ, нометаллургик тармоқлар котировкалари кескин тушиб кетди, қизиқ жиҳати – рақобатбардошлиги кучлироқ бўлган соҳалар кўпроқ йўқотди. Агар металлургия корхоналарининг ўсишини бошқа тармоқлардаги пасайишлар билан солиштирсак, арзимас юқорилаш ўнлаб баробар катта йўқотишларга олиб келганини кўрамиз.

Тўсиқлар ва тарифлар натижасида мамлакат эришганидан кўра кўпроқ йўқотди. Биринчидан, сиёсатчиларга ёрдам сўраб фақат рақобатбардошлиги паст тармоқлар мурожаат қилади, иккинчидан, мамлакат ўзининг рақобатбардош бўлмаган тармоқларини турли тариф тўсиқлари билан қанчалик кўп қўллаб-қувватласа, рақобатбардош тармоқларини шунчалик оғир жазолаган бўлади, боз устига, буларнинг кўрган зарарлари ҳар доим ҳимояга олинган тармоқлар ютуқларидан устун туради.

Шу тариқа, импорт борасидаги ҳар қандай чеклов ва тарифлар оширилиши аслида бутун мамлакат экспорт салоҳияти учун тўсиққа айланади.

Импортсиз экспорт бўлмайди

Без-имени-1Азиза Умарова,

Smartgov.consulting консалтинг бюроси Евроосиё бўйича ижрочи директори

Шунча йилдан бери бизда “протекционизм” ва импортни чеклаш мадҳини қилиб келадилар, лекин дунёга пахтаси билан донг таратган 32 миллион аҳолили мамлакатимиз аёллар, эркаклар ёки ёшлар либослари бўйича ўзининг оммавий бозори учун ҳам бирорта таниқли бренд ярата олгани йўқ. Мен донабай дизайнерлик шоурумлари ҳақида эмас, оммавий ишлаб чиқаришлар ҳақида айтяпман.

Латвия ва Украинада, Қирғизистон, Россия ва бошқа МДҲ мамлакатларида эса, бир қанча маҳаллий, яхши сифатга эга тўқимачилик брендлари мавжуд. Дидли, ҳамёнбоп, ўзиники ва таниқли. Собиқ Иттифоқ мамлакатларига чиққанда, савдо марказларида мен асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига қизиқаман ва, албатта, нимадир харид қиламан. Лекалоларнинг аниқлиги, чок ва ишланмалар сифати, маркетинг савияси, сервис ва сотув – булар иқтисодиёт ва саноатлашувни баҳолаш учун асл мезондир. Таллинга борганимда маҳаллий брендлар – Mosaic, Ivo Nikkoloнинг ривожланганлик даражасидан ҳайратга тушдим. Москвага охирги боришимда Екатеринбургнинг 12Storeez бренди билан танишдим. Танишув Россияда тикилган, турк молларидан асло қолишмайдиган бир қанча маҳсулотлар харидига уланиб кетди. Буларга ҳеч қандай протекционизмсиз эришилган. Бу брендларнинг барчаси бутун дунё бўйлаб онлайн-сотувларни, кассадан узоқлашмай экспортни таклиф этади.

Энди қайсар статистикага ўтайлик. Қирғизистон ЯИМдаги тўқимачилик саноати улуши биздагига ўхшаш – тахминан 20 фоиз. Шу билан бирга, Қирғизистон 1998 йилдан буён ЖСТ аъзоси, улар Марказий Осиёдаги энг очиқ иқтисодиётга эга. Ҳеч қандай протекционизм йўқ, тўлиқ бозор иқтисодиёти тамойиллари ва кучли уюшмалар фаолияти кузатилади. Бунга қандай эришилди? Бозор очиқлиги ва импорт – тўқув дастгоҳлари, тикув жиҳозларидан ортиб, энг оддий картон ёрлиқ, тугмача ёки кўйлакдаги сифатли махфий молния кўринишидаги фурнитураларгача экспортга муносиб, рақобатбардош маҳсулот чиқариш учун тўғри йўл.  Импортни чегаралаш Россия бозори учун трикотаж ва болалар кийимлари чиқариш ёки Туркиянинг LC Waikiki бренди учун майкалар тикишга ўралишб қолишни англатади. Нафақат ассортимент чегараланади, балки мамлакатимизда либослар конструкторлари йўқ, тўқимачилик материаллари ассортименти бўйича мақсадли ишлар юритилмайди. Ишлаб чиқарувчилар сифатли лекало қила олмайдилар – оммавий сегментда битта ҳам модага мос аёллар пиджагини тикиб бўлмайди. Мамлакатимиз шаҳарларида монобренд дўконларни очиш каби бошқа орзулар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ечим нимада?

ҚҚС шаклланиши сиёсатини қайта кўриб чиқиш йўли билан қўшимча қиймат занжирини ривожлантиришга юзланиш керак. Шунингдек, тўқимачилик соҳасида давлат бошқарувини минималлаштириш ва асосийси – халақит бермаслик. Мустақил тўқимачилар уюшмаларини тузиш, ишлаб чиқарувчиларга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун шароитлар яратиш зарур. Шунда беш-олти йилдан кейин бизда ҳам оммавий бозор сегментида маҳаллий кучли либослар брендлари юзага келади ва биз ҳам сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ўрганиб оламиз. Импортсиз экспорт бўлмайди.

Устуворлик – самарадорликда

Ораз билайнОраз Абдуразаков,

“Buzton” ҚК МЧЖ бош директори

Агар иқтисодий назария асосида эмас, соддагина қилиб, оддий истеъмолчи нуқтаи назаридан фикр юритсак,  протекционизмнинг камида иккита тури борлигини кўрамиз.

Биринчи ҳолатда давлат муайян турдаги маҳсулотни олиб киришни тақиқлайди ёки тақиқловчи божлар жорий этади. Бу анчайин осон, ижроси ёқимсиз чора. Иккинчи вариантда эса, давлат ўз иқтисодиёти муайян тармоқларидаги ишлаб чиқарувчиларни “узун” пуллар – ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва замонавий жиҳозларни харид қилиш мақсадларига имтиёзли узоқ муддатли мақсадли кредитлар билан таъминлайди.

Табиийки, бу мураккаброқ жараён, лекин иккала ҳолатда ҳам биз протекционизмга дуч келамиз. Айрим нозик жиҳатлари: биринчи вазиятда хорижий товар нархи сунъий равишда кўтарилади, бу импортни қиммат қилади ёки умуман мақсадга номувофиқ ҳолга келтиради. Бунинг қўшимчасига, ички ишлаб чиқарувчи қасддан “инкубатор” шароитига тушади ва сифат устида ҳам, нархларни пасайтириш устида ҳам ишлашга туртки сезмайди. Иккинчи вариантда эса, маҳаллий бизнес янги даражага чиқибгина қолмай, хорижий ишлаб чиқарувчилар билан тенгларча рақобат қила олади ва муайян босқичда экспорт ҳақида ҳам ўйлай бошлайди. Шундай экан, протекционизм сиёсати ҳам самарадорлик устуворлигини инкор қилмайди.

 ──────────

Протекционизм – бу ўз ишлаб чиқаришини авайлаш ва импортдан ўзини иҳоталовчи иқтисодий сиёсат. Ўзбекистон кичик Хитойни эслатади – мамлакатнинг ички ишлаб чиқариши, Хитойда бўлгани каби, яхши йўлга қўйилган. Лекин бу мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатдими? Афсуски, тўлиқ ҳа, дея олмаймиз. Аҳолида танлаш ихтиёри йўқ, рақобат ва рақобатбардош товарлар мавжуд эмас. Шундай эса-да, Шавкат Мирзиёев қабул қилаётган барча чоралар – конвертация очилишидан то ЖСТга киришга уринишларгача – Президент протекционизм сиёсатидан воз кечиш ниятида эканлигини кўрсатади. Раҳбарият, афтидан, импортдан ҳимоялашга қаратилган аввалги курс самарасиз бўлганлигига ишонади. Ўзбекистон барчаси очиқ бўлган умумжаҳон клуби аъзосига айланади.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган