ҚҚСнинг нимаси ёмон ва нега уни ўзгартириш лозим?

Мустақил солиқ маслаҳатчиси ҚҚС иқтисодиётга қандай таъсир кўрсатиши ва уни қандай ўзгартириш кераклиги ҳақида мулоҳаза юритади.

Солиқ эксперти ва “Exact advicer” МЧЖ солиқ маслаҳатчилари ташкилоти маслаҳатчиси Бахтиёр Нормирзаев мамлакатимиздаги қўшимча қиймат солиғини ўрганиб, солиқ ислоҳотлари бўйича ўз қарашларини тақдим этади.

Мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади – жумладан чет эл инвестицияларини жалб қилган ҳолда, юксак (имкон қадар икки хонали сонларда) иқтисодий ўсиш эканлигидан келиб чиқадиган бўлсак, солиқ сиёсати воситалари ҳам ушбу мақсадга хизмат қилмоғи лозим.

Буни биз Корея Республикаси иқтисодий тараққиёт модели мисолида кўришимиз мумкин: у ўтган асрнинг 50- йилларида дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлганди (1953 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 65 долларни ташкил қилган). Бугунги кунда Корея ЯИМ 1 трлн. доллар, аҳоли жон бошига 40 минг доллардан тўғри келади. Ушбу мамлакатдаги энг муҳим ислоҳотлардан бири солиқлар ставкаларини пасайтириш бўлган бўлиб, бугунги кунда Кореяда ҚҚС ставкаси 10 фоизни ташкил қилади.

ҚҚСда нимаcи ёмон?

Президентнинг ПҚ-3454-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа идораларга 2018 йил 1 июлга қадар, тақдим этилган имтиёзларнинг бекор қилиниши ва бу солиқ тўловчилар доираси кенгайишини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча қиймат солиғи ставкаларини пасайтириш бўйича таклифлар киритиш топширилган.

Бу ҳол, ҳар қалай, ҚҚС ўзгартирилишини англатади.

Солиққа тортиш тизими олдида турган энг катта муаммо – солиқдан қочиш ҳолларнинг кўп учраши бўлиб, уни оптимал солиқ ставкаларини жорий этиш орқали ҳал этиш мумкин.

“Википедия” маълумотларига кўра, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҚҚС – 12%, ХХРда – 17%, РФда – 18%, Сингапурда – 5% ва Корея Республикасида – 10%.  2018 йил учун Ўзбекистонда ҚҚС 20 фоиз этиб белгиланди. Бу ерда яна бир муҳим жиҳатни инобатга олиш керак: ҚҚС тўловчи корхоналар, бундан ташқари, давлат мақсадли жамғармаларига умумий сотув ҳажмининг 3,2 фоизи миқдорида мажбурий ўтказмалар ҳам тўлаши керак бўлади. Бундан ташқари, уларда Ягона ижтимоий тўлов ставкаси меҳнат ҳақи фондининг 25 фоизи миқдорида белгиланган.

Солиққа тортишнинг соддалаштирилган тизимига ўтган корхоналар эса (ЯСТ тўловчилар) давлат мақсадли жамғармаларига  мажбурий тўловлардан озод қилинган, ЯИТ улар учун 15 фоиз этиб белгиланган. Демак, Ўзбекистонда ҚҚС тўловчилар учун солиқ юки юқорида келтирилган рақобатчи-мамлакатлардагига қараганда анча оғир.

nds-1-

Шу сабабли бизнесга яхлит йирик ҳолда фаолият юритиб, солиққа тортишнинг умумбелгиланган тизими асосида умумий солиқлар тўлашдан кўра, ўз бизнесини парчалаб, соддалаштирилган солиққа тортиш тартиби тизимида қолиш манфаатлироқ.

Мавжуд солиқ тизим ҚҚС ставкасини бюджетда йўқотишларсиз қисқартириш имконини бермайди. Чунки солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартибида солиқ тўловчилар ҚҚСни мутлақо тўламайдилар.

Масалан, ЯСТ тўловчи қурилиш компаниялари республикада ишлаб чиқарилган  (цемент, арматура ва ш.к.) ва импорт (лифт, қулфлар, гулқоғозлар ва ш.к.) қурилиш материалларини ҚҚС билан харид қиладилар лекин асосан ўзлари ҚҚС тўламайдилар. Ёки тўқимачилик соҳасини олайлик – деярли барча корхоналар ҚҚС тўловидан озод қилинган, бир неча компаниягина умумбелгиланган солиқ тизимида қолган.

Солиқ сиёсатини юритишда барча тармоқлар ва солиқ тўловчилар тоифаларига бир хил ёндашув талаб этилади. Бугунги кунда ЯИМдаги солиқлар улуши 21 фоиз экан, барча тоифадаги солиқ тўловчилар учун солиқ юкламаси 21 фоиз бўлиши лозим.

Нима қилиш мумкин?

ҚҚС ставкасини пасайтиришда юзага келиши мумкин бўлган бюджетдаги йўқотишларни яширин иқтисодиётни қисқартириш ва ҚҚС тўлайдиган корхоналар доирасини кенгайтириш орқали қоплаш мумкин.

Идеал ҳолатда биз барча солиқ тўловчилар (жумладан хусусий тадбиркорлар) томонидан ҚҚС тўланишига эришишимиз лозим. Бироқ, солиққа тортишнинг кичик бизнесни ривожлантирувчи соддалаштирилган тартиби юзага келгани боис, биз барча солиқ тўловчиларни ҚҚСни мажбурий тўлашга ўтказа олмаймиз.

nds-2-

Шу сабабли солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича солиқ тўловчиларнинг ўз айланмаларидан келиб чиқиб ҚҚСни ихтиёрий тўлаш тизимидан воз кечиб, шу орқали аалдаги солиқ юкламасини пасайтириш керак бўлади.

Солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартиби тизимига ўтиш учун, ходимлар сонидан ташқари, компания айланмаси чегарасини қўшимча кўрсаткич сифатида белгилаш лозим. Товар, иш, хизматлар ойлик айланмаси ҳажми муайян кўрсаткич (масалан, 100 минг АҚШ доллари ёки 1 млрд. сўм)дан ошганидан кейин, бу корхоналар кейинги ойдан ҚҚСни мажбурий тўлаш тизимига ўтишлари талаб этилади.

Қўшимча қиймат солиғи билвосита солиқ бўлгани боис, пировардида уни истеъмолчи, яъни, асосан, паст даромадга эга аҳоли тўлайди, чунки унинг бор даромади истеъмолга сарфланади. Аҳолининг яхшироқ таъминланган қатлами эса, ўз даромадининг маълум қисминигина истеъмолга, яъни ҚҚСни тўлашга сарфлайди.

Шу сабабли ҚҚС тўлашни аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорликка тежаш орқали фуқаролар даромадининг муайян қисмини қайта тақсимлаш воситаси сифатида кўриш мумкин.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган