Компаниялар муассислари учун қўлланма: Стратегик инвестор маъқулми ё молиявий?

Эксперт Дониёр Исломов инвесторларнинг фарқли жиҳатлари ва уларнинг қай бири компаниянгизга мос келиши ҳақида сўзлайди.

Компанияга инвестиция жалб қилишни режалаштирганингизда инвестиция маслаҳатчингиз билан ҳал этиш зарур бўлган биринчи вазифа потенциал инвесторлар рўйхатини тузиб чиқиш бўлади. Бу рўйхатга ўз лойиҳангизга инвестиция киритишни таклиф этадиганингиз компаниялар, инвестиция жамғармалари ва хусусий инвесторларни киритасиз.

Инвесторларни иккита асосий турга бўлиш мумкин

Стратегик инвесторлар – бу, асосан, рақобатчи-компаниялар, товар етказиб берувчилар ва компаниянгиз мижозларидир. Улар компаниянгиз билан боғлиқ бўлмасликлари, балки янги бозорга чиқиш ёки маҳсулотлар қаторини диверсификациялаш истагида бўлишлари ҳам мумкин.  Бу турдаги инвесторларнинг асосий мақсади – синергетик самара кўришдир. Стратегик инвесторлар тажриба, технологиялар, ноу-хау, контактлар ва бошқа тармоқ билимлари олиб келишлари, шунингдек қўшимча дистрибуция каналларини тақдим этишлари мумкин. Шу тариқа, мавжуд ресурсларнинг янада самарали ишлатилишига, тушум ортишига ва компания капитализациясига эришилади.

Молиявий инвесторлар компания капиталига пул тикишда унинг кўпайиши ва аниқ белгиланган истиқболда қайтарилишига умид қиладилар. Бундай тоифага тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармалари, венчур жамғармалар, хедж-жамғармалар, оилавий жамғармалар, хусусий инвесторлар ва бошқалар киради.

Молиявий инвесторларни компания ривожланиши босқичига қараб, икки гуруҳга бўлиш мумкин:
3F (Friends, Family and Fools – дўстлар, оила ва нодонлар) – қоидага кўра, энг дастлабки босқичда бизнесни ривожлантириш учун пулни фақат кўрсатилган гуруҳ вакиллари бериши мумкин. Бу босқичда хатар жуда катта бўлади, лойиҳада активлар базаси ҳали шаклланмаган. Шу сабабли бирор жиддий инвесторларни, айниқса жамғармаларни жалб қилиш имконияти жуда кам. Бундай гуруҳ бериши мумкин бўлган инвестициялар ҳажми ўнлаб минг АҚШ доллари.

Бизнес-фаришталар (Business Angels) – ўсаётган бизнесга илк босқичларда пул тикувчи хусусий инвесторлар. Бунда стартапнинг расмийлаштирилган патенти, шаклланган жамоаси ва, баъзида, маҳсулот прототипи бўлиши назарда тутилади. Бундай лойиҳаларда хатар юқори. Росмана бизнес ҳали мавжуд эмас, шу сабабли кўплаб келишувлар англашув қабилида бўлади. Ғарб бозорига солиштирганда, Ўзбекистонда бизнес-фаришталар сегменти жуда заиф ҳолатда. Улар киритадиган инвестициялар ҳажми – ўн-юз минг доллар.

Венчур инвесторлари (Venture capitalists, Venture funds) – истиқболли, асосан юксак технологик тез ривожланадиган компанияларга инвестициялар киритувчи ташкилотлар ва хусусий шахслар. Бизнес-фаришталарга солиштирганда, венчур инвесторлар компанияда муайян малака омиллари (масалан, амалдаги прототип мавжудлиги ва бозорга кенг кўламда чиқишга тайёр бўлиш ёки илк муваффақиятли сотувлар мавжудлиги – турли жамғармаларда турлича мезон)ни талаб қилади. Умуман олганда, венчур инвесторлар билан ишлаш расмийроқ ёндашувни талаб қилади. Битта компанияга инвестиция киритиш бир неча юз мингдан бир неча (одатда икки-уч) миллион АҚШ долларигача боради. Инвестициялар киритиш даври – икки-уч йил. 2018 йилда Ўзбекистонни ривожлантириш дастурига кўра, венчур жамғармалари учун солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Бу ҳол жамғармалар Ўзбекистондаги юксак технологик корхоналарга инвестиция киритишни кўриб чиқишларига туртки бўлиши мумкин.

Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармалари (Private Equity Funds) бозорда муайян ўринни эгаллаган ва фаол ўсиш босқичида бўлган компанияларга пул тикадилар. Бир компанияга киритиладиган инвестициялар ҳажми – 5 млн АҚШ доллари ва ундан юқори. Сотиб олинадиган улуш – одатда 10 дан 49 фоизгача. Шу тариқа, бизнесни баҳолаш жалб этилаётган ресурслар ҳажмига мувофиқ келиши учун, инвестиция объекти бўлмиш компания етарли даражада тушум ва фойдага эга бўлиши лозим.

Бошқа профессионал инвесторлар, масалан, инвестицион компаниялар IPO (initial public offering – акцияларни бирламчи жойлаштириш) давомида акциялар пакетини харид қиладилар. Компаниянинг IPOга чиқиши яхшигина ресурсларни талаб қилади, шу сабабли, уни, одатда, шаклланиб бўлган ташкилотлар қўллайди.

Pepperdine (АҚШ) университетининг 2017 йил учун ҳисоботига мувофиқ, битимларнинг 55 фоизи стратегик инвесторлар, қолган 45 фоизи – молиявий инвесторлар томонидан амалга оширилган. Стратегик инвесторлар томонидан амалга оширилган битимлар сони юқорироқ, бунинг ўзига яраша сабаби бор. Асосий сабаблардан бири – молиявий инвесторлардан фарқли ўлароқ, стратегик инвесторлар тўлайдиган мукофотдир. Фақат 27 фоиздагина стратегик инвесторлар мукофот тўламаганлар, битимларнинг 30 фоизида эса, мукофотлар 11 дан 20 фоизгачани, 9 фоизида – 50 фоиздан ортиқни ташкил қилади.

Стратегик ва молиявий инвесторларнинг олтита фарқи

Ушбу тур инвесторлар мақсадлари ўртасида туб фарқлар мавжуд, бу инвесторлар компаниянгизга инвестиция киритиш имкониятини кўриб чиқишларига таъсир кўрсатади. Қуйида олтита фарқли жиҳатни кўриб чиқамиз.

1- фарқ: Бизнесдаги улуш

Энг асосий фарқ инвесторларнинг у ёки бу турини компаниянинг қандай улуши қизиқтириши ва, шундан келиб чиқиб, қандай ваколатларга эга бўлишида кўринади. Стратегик инвесторларни 51 фоиздан 100 фоизгача улуш қизиқтиради. Бунинг сабаби – улар кўп ҳолларда бизнесни ўзлари тўлиқ бошқаришга ўрганган бўладилар. Бунинг учун уларга компания назорат пакети ва, ҳатто, 100 фоизлик улуш керак бўлади.

Молиявий инвесторларга келсак, назорат пакети қизиқтирадиган жамғармалар (Buy-out funds) ҳам бор, лекин, асосан, 10 фоиздан 49 фоизгача бўлган миноритар улушга пул тикувчи жамғармалар кенг тарқалган (Growth funds). Ушбу жамғармалар вакиллари компаниянинг амалий бошқарувига қизиқмайдилар, балки фақат директорлар кенгаши даражасида стратегик қарорлар қабул қилишда қатнашадилар.

2- фарқ: Бизнесни ўрганиш

Стратегик инвесторлар компанияни ўз бизнеслари фонида, бизнесингиз уларнинг амалдаги бизнесларига  ва узоқ муддатли тараққиёт стратегияларига қанчалик мос келишини ўрганишади. Уларни қизиқтирадиган масалалар: миқёс эвазига тежашга эришиш мумкинми, сизнинг товарларингиз уларнинг мижозларига сотиладими, янги сотув каналларига эга бўладиларми, янги бозор сегментларига чиқа оладиларми?

Молиявий инвестор эса, инвестиция имкониятини алоҳида компания сифатида ўрганади. Уни юқори даражада даромадлиликка эришиш учун бизнес нархини қанчалик тез кўтара олиши ўйлантиради.

Инвесторларнинг иккала тури компанияни изчил ўрганиб чиқади, бунда стратегик инвесторни синергия ва интеграция имкониятлари, молиявий инвесторни эса – бизнеснинг ва даромадлиликнинг ўсиш имкониятлари қизиқтиради.

3- фарқ: Иқтисодиёт тармоғи инвестицион жозибадорлигини аниқлаш

Тармоқ бўйича ахборотга тўлиқ эгалик қиладиган стратегик инвестор учун бозорни ўрганишга вақт керак бўлмайди.

Бироқ, кўпинча иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция киритувчи молиявий инвестор, инвестицион жозибадорликни ўрганиш учун, бозор ва унинг узоқ муддатли ривожланишининг батафсил таҳлилини ўтказади.

4- фарқ: “Бэк-офис” аҳамияти

Стратегик инвестор учун “Бэк-офис” (АТ, HR, бухгалтерия, молия бўлими ва ҳ.к.) инфратузилмаси унчалик муҳим эмас, чунки, битим имзолангач, одатда “Бэк-офис”нинг асосий қисмини ўз кадрлари билан алмаштиради.

Лекин молиявий инвестор нуқтаи назарига кўра, “Бэк-офис” – бизнеснинг муҳим қисми, у битим имзолангандан кейин ҳам ишини давом эттиради. Шу сабабли у компания операцион аудити мобайнида диққат билан ўрганиб чиқади.

5- фарқ: Инвестиция киритиш уфқларининг таъсири

Стратегик инвестор бизнесга узоқ муддатли тасарруф қилиш ва интеграция мақсадида киради. Молиявий инвесторлар тўрт йилдан етти йилгача (ўртача беш йил) муддатга, кейинчалик ўз улушини бошқа инвесторларга сотиш мақсадида киради. Шу сабабли молиявий инвестор учун бизнес ва иқтисодий циклларнинг тўғри даврида инвестиция киритиш ўта муҳим.

6- фарқ: Битим самарадорлиги

Молиявий инвесторнинг асосий фаолияти битимни амалга ошириш саналади. Қисқа муддат ичида битим тузилиши улар ваколатларининг энг муҳимларидан саналади. Лекин стратегик инвесторда инвестициялар учун жавоб берувчи алоҳида жамоаси бўлмаслиги, шунингдек битим директорлар кенгаши ва турли ички бўлимлар орасида қолиб кетиши мумкин.

Кимни танлаш керак?

Қайси инвесторни танлаш турли омилларга боғлиқ, бир неча сценарийларни кўриб чиқайлик:

Компанияни қимматроққа сотишни истасангиз – стратегик инвесторларни жалб қилинг. Назорат ва жамоани сақлаб қолишни истасангиз – молиявий инвесторларни танланг. Ҳар бир инвестор ўзига хос ваколатлар ва имкониятларни келтириши мумкин, шу сабабли, инвесторни танлашда иккала турини кўриб чиқиш ва, муқобил вариантларни ўрганиб, энг оптималини танлаш керак.

150БИО: Дониёр Исломов, RB ASIA бошқарувчи директори, Association of Chartered Certified Accountants (UK) ассоциацияси аъзоси, Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) иқтисодиёт магистри, Япония, Россия ва Ўзбекистонда чоп этилган 15дан зиёд мақолалар муаллифи.

 

 

Энг кўп ўқилган