Ўзбекистонда лоукостерлар истиқболи: манфаат нимада?

Аксарият ўзбекистонликлар мамлакат осмонининг хорижий лоукостерлар учун бир томонлама очилиши уларнинг гулга интилган асаларилардек ёпирилиб келишига ва парвозларнинг арзонлашувига сабаб бўлади, деб ишонади. Ҳолбуки, бошқа собиқ шўро республикалари тажрибалари иш бунчалик осон битмаслигини, арзончилик учун кимдир ҳақ тўлаши кераклигини кўрсатмоқда.

lowcoster
Фото:
We in Trip

Олександр Ланецкий кропОлександр Ланецкий – Friendly Avia Support (Литва) консалтинг фирмаси директори, Казимирас Симонавичус университети авиация бизнеси бошқаруви кафедраси ўқитувчиси, аввалда – Avia Solution Group авиахолдингининг сотувлар бўйича вице-президенти.

Лоукостерлар паст нархларга қандай эришадилар

Аввало лоукостер нима-ю, у қандай ишлашини аниқлаб олайлик. Паст нархли авиакомпаниялар ёки, инглизча айтганда, лоукостерлар 2001 йил кузида умумий авиация макони ҳақидаги шартнома кучга кирганидан кейин ёппасига ривожлана бошлади. Бу ҳол авиақатновлар тарихидаги энг катта инқироз даврига тўғри келиб қолди.

Бу эса, Европа Иттифоқида лоукост-қатновлар ривожланишининг мустаҳкам пойдеворини қўйишга имкон берди.

Ўша даврдан бошлаб, йирик лоукостер-ташувчиларда бошқа авиакомпанияларда бўлмаган бир қанча бозор афзалликлари мавжуд.

Биринчи афзаллик – самолётларга эгалик харажатлари йўқ

Биринчи ва энг муҳим афзаллик – ҳаво кемаларидан деярли бепул фойдаланиш.

2001 йил 11 сентябрдан кейин юзага келган инқирозда авиакомпаниялар янги самолётларга буюртмаларни ёппасига бекор қила бошлади. Boeing ва Airbus харидор топа олмай, самолётларни омборга тахлай бошладилар. Таҳлилчилар бу ишлаб чиқарувчиларни банкротлик кутаётгани, айниқса Америка компанияси аҳвол оғирлиги ҳақида сўзлай бошладилар.

Ирландиядаги Ryanair авиакомпаниясининг янги раҳбари Майкл О’Лири Boeingга ёрдам қўлини чўзди. Олдинлари у янги самолётлар хариди ва ижараси билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик лизинг компаниясини бошқарганди. Инқироздан бироз олдин компания банкротликка учрайди, лекин О’Лири самолётларни харид қилиш бўйича энг зўр мутахассис сифатида, ишлаб чиқарувчиларнинг барча нозик жиҳатларини биларди. У 100 та Boeing 737-800ни тахминан 70 фоизлик чегирма билан харид қилишга муваффақ бўлди, кейинроқ буюртма яна 150та техникага кенгайди, бугунга келиб эса, лоукостерда жами жами 500 тага яқин Boeing самолётлари мавжуд.


Ryanair компанияси раҳбари Майкл О’Лири (чапда) ва Boeing компанияси ижрочи вице-президенти Рей Коннер. Фото: Reuters

Ryanair ўзи учун қулай комплектацияда ва кафолатли хизмат кўрсатиш шартларида мутлақо янги самолётларга эга бўлди. Боз устига, улар фойдаланишнинг биринчи ўн йилида тежамкорлиги жиҳатидан анъанавий авиакомпанияларнинг асосий ҳаво кемаларидан устун бўлди, чунки бу самолётлар одатий Classic ўрнига янги NG авлодига мансуб эди. Йирик авиакомпаниялар бу авлод техникаларини 2010 йил ўрталаридан ишлата бошладилар. NGда ёқилғи сарфи Classicдагига қараганда 15%га кам саналади.

Олди-сотди шартлари эълон қилинмади, лекин бозорда тарқалган гап-сўзларга қараганда, авиакомпания самолётларни саккиз йил ишлатганидан кейин, биринчи капитал таъмирга қадар, сотиб олганидан кўра қимматроққа сотиш мажбуриятини олган.

easyJet ҳам, ўша пайтларда талабгир бўлмаган ва мунтазам рейслар учун муваффақиятсиз модель деб саналган Airbus 319ни сотиб олишда шу йўлни тутди.

Яъни, бу авиакомпаниялар учун ҳаво кемаларини тасарруф этиш бўйича амалиёт харажатлари нолга яқин бўлади. Мисол учун оладиган бўлсак, Россия авиакомпанияларида бу кўрсаткич, турли баҳоларга кўра, жами харажатларнинг 15–25 фоизини ташкил қилади.

Иккинчи афзаллик – йирик компаниялар билан рақобат йўқ

Ryanair, шундай катта чегирмада самолётларни харид қилиб, ўз томонидан унинг бозорини синдирмасликни ва анъанавий авиакомпаниялар билан рақобатга киришмасликни ваъда қилди. Асосий рақобатчилар сифатида автобус ва темир йўл ташувчилари белгиланди, қўниш аэропортлари деб иккинчи, ҳатто учинчи даражали шаҳарлар танланди.

Бу лоукостерларнинг навбатдаги муҳим афзаллигини таъминлади – йирик анъанавий авиакомпаниялар билан бевосита рақобат қилинмайди.

Албатта, таҳлилчилар ҳам, Европа Иттифоқидаги анъанавий авиаташувчиларнинг ўзлари ҳам лоукостерлар томонидан қаттиқ босим бўлаётганлигини таъкидлайдилар. Лекин бу фақат қисман тўғри. Ғарбий Европанинг асосий бозорлари (Германия, Франция, Буюк Британия ва камроқ даражада – Италия ҳамда Испания)да “об-ҳаво”ни ҳозирча анъанавий авиакомпаниялар бошқариб турибдилар.

British_Airways
British Airways йўналишлар харитасиМанба: Wikipedia

Мисол учун British Airwaysнинг Лондондан амалга ошириладиган парвозлар географиясини Ryanair, easyJet ва Wizzair йўналишлар жадвали билан солиштирсак, лоукостерлар Европаичи парвозларининг фақат 10%нигина такрорлашларини кўрамиз (узоқ масофаларда улар умуман учмайди, ЕИдан ташқарига парвозларга камдан-кам аралашади).

ryanair-11-2013-stn-route-map
Ryanair йўналишлар харитаси. манба: Wikipedia

Бозорда аниқ тақсимот кўзга ташланади: анъанавий флагман ташувчилар бизнес-йўловчиларни (иш берувчи ҳисобидан учадиганларни), шунингдек хусусий йўловчилар (асосан узоқ масофаларга, жумладан, ўз хаблари орқали, транзит билан) ташийди.

Лоукостерда эса (Ryanair, easyJet, Vueling, Transavia, Eurowings, Norvegian Air) йўловчилар оқимининг 75%идан зиёди Шимолий Европадан Ўрта ер денгизи ва Атлантика курортларига ёки шунга ўхшаш жойлар (тоғ чанғиси курортлари, йирик маданий-тарихий марказлар ва бошқалар)га учадиган сайёҳлар ташкил қилади. Қолган 25% меҳнат мигрантларига (асосан Шарқий ва Жануби-Шарқий Европадан қитъанинг шимолий ва ғарбий томонларига) тегишли. Бундан Wizzair ва Pegasus мустасно, уларда оқим 50%га 50% кўринишида тақсимланади.

pegasus flight-points
Pegasus
йўналишлар харитаси

Учинчи афзаллик – аэропортлар дотацияси

Албатта, Лондондан ва Британиянинг бошқа шаҳарларидан Шарқий Европа шаҳарларига кундалик, арзон рейслар British Airways мижозларининг бир қисмини оғдириб олди ва, пировардида, бу компаниянинг  баъзи йўналишлардан воз кечишига олиб келди. Лекин, умуман олганда, Европа лоукостерлари асосан Шарқий ва Жанубий Европадаги кичик авиакомпанияларга (улардан мигрант-йўловчиларни тортиб оладилар) ва чартер авиарейсларига кучли зарба беради. Кўплаб туроператорлар чартерни ижарага олишдан кўра, лоукостлардан блок-ўринлар сотиб олишни афзал биладилар, яна ҳам кўпроқ сонли оддий сайёҳлар индивидуал саёҳатга отланадилар.

Ryanair, унинг кетидан бошқа кўплаб лоукостерлар ҳам, кичик шаҳарларга учишга урғу бериш орқали, бундан ҳам пул ишлашнинг уддасидан чиқдилар ва яна бир бозор афзаллигига – маҳаллий ҳокимият ва аэропортлар дотациясига эга бўлдилар.

Лоукостернинг учта асосий ижтимоий функцияси: у меҳнат мигрантларини ташийди, анъанавий авиакомпаниялар учун қизиқиш уйғотмайдиган кичик аэропортларга учади,  сайёҳларни курортларга олиб келади. Биринчиси учун ҳеч ким очиқ ҳақ тўламайди, қолган икки иш учун эса, Европа ва Ўрта ер денгизидаги аксарият аэропортлар ёки шаҳарлар арзон авиакомпаниялар га расман ҳақ тўлашга тайёр. Авиакомпания аэропорт ёки курорт олдида, келишилган суммадаги дотация эвазига, бир йилда/мавсумда  муайян миқдорда йўловчиларни олиб келиш мажбуриятини олади.

ryanair
Фото: Business Insider

Айтайлик, лоукостер шартли Х аэропортига бир йилда 1 млн йўловчи олиб келиш мажбуриятини олади (йўловчи учун йиғим €10 бўлсин). Мажбуриятни уддалагач, авиакомпания аэропортга пул тўламайди, қўшимчасига ундан, дейлик, ҳар бир йўловчи учун €10 олади. Агар лоукостер мажбуриятни бажармаса, у дотация олмайди ва барча йўловчилар учун тўлиқ йиғимлар тўлашга мажбур бўлади.

Бир йил, баъзида ундан ҳам кейинроққа чипталар сотиш орқали, авиакомпания апрель-май ойларидаёқ мажбуриятни бажара олиш-олмаслиги намоён бўлади. Агар ишлар кўнгилдагидек бўлмаса, керакли ҳажмни тўплаш учун, аэропорт “Чипта нархи – €7” туридаги акцияларга киритилади. Ryanairда эълон қилинган чипталар таннархи €42 эканлигини инобатга олсак, шартли моделни кўз олдимизга келтира оламиз.

Акция доирасида 150 мингта чипта, ҳар бир чипта бўйича €35 зарарига сотилади – жами €5,25 млн соф зарар. Лекин авиакомпания йил охирида барча йўловчилар учун дотация (€10 млн) ва аэропортда йиғимлар бўйича чегирма (яна €10 млн) олади. Натижада, бошқа чипталарни авиакомпания 0 фоизли фойда билан сотган тақдирда ҳам, бир аэропортнинг ўзида €14,75 млн соф фойда кўрилади

Узоқ муддат Ryanair кўплаб кичик аэропортларда мутлақо ҳеч қандай йиғим тўламади, фақат йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича рамзий тўлов бундан мустасно. Лекин, рақобатчиларнинг кўп сонли шикоятларидан кейин, ЕИдаги монополияга қарши хизматлар бу масалага эътибор қаратдилар ва аэропортларда чегирмалар беришни қатъий тартибга солдилар.

Аниқ маълумотлар йўқ, лекин экспертлар баҳолашларига кўра, бевосита ва билвосита дотациялар ЕИ лоукост-ташувчилари етакчилари (Ryanair, easyJet ва Vueling) даромадининг 20 фоизини ташкил қилади. Қиёслаш учун: Россия авиакомпанияларида аэропорт йиғимлари, ер усти хизматлари ва аэронавигация харажатлари айнан 20 фоизга тенг.

easyjet
Фото: Belfast International Airport

Тўртинчи афзаллик – фақат ўз сайти орқали чипта сотиш

Охирги муҳим афзаллик – глобал чипталар сотуви тизимлари (Amadeus, Sirena ва бошқалар)дан воз кечиб, дистрибуцияни фақат ўз сайти орқали амалга ошириш. Бу лоукостерларга ҳар бир чипта сегментида $5-10 тежаш имконини беради, лекин бошқа рейсларга ўтиш учун очиқ чипталар сотиш иложи бўлмайди.

Лоукостерларнинг бошқа “оҳанжама”лари – бепул юк ва бортда таомланиш йўқлиги, суянчиқлар ётмаслиги – афсона. Булар бари ташиш таннархига жуда кам таъсир қилади (умумий олганда – 2%гача). Эндиликда буларнинг бари  умумевропа амалиётига айланди, UIA бўладими, Lufthansa ёки SAS – ҳаммасида бир хил. Фақат ҳозирча Turkish Airlines ва “Аэрофлот” мустасно бўлиб турибди.

“Аэрофлот”, аниқроғи, унинг арзон шўбаси – “Победа” ҳақида алоҳида сўз юритамиз.

“Аэрофлот”га лоукостер нега керак?

“Аэрофлот”нинг лоукостер-шўъба компанияси – “Победа” юқорида келтирилган арзон авиакомпаниялар бозор афзалликларидан ҳеч бирига эга эмас. Худди рақобатчилари каби, у ҳам самолётларни лизинг компанияларидан бирор-бир чегирмаларсиз ижарага олган. Аэропортлар ёки курортлардан бирорта дотация чиқмайди. Бошқа россиялик авиакомпаниялар, ўша “Аэрофлот”нинг ўзи ҳам қатнайдиган йўналишлар бўйича учади. Унда бу компанияни ташкил этишдан нима наф?

лоукост победа
Фото: Варламов

Жавоби оддий. У Россия авиацияси етакчисига бозордан маҳаллий рақобатчиларни сиқиб чиқариш учун керак. Айнан тажовузкор нарх рақобати, бошқа муаммолар билан қўшилиб, “Трансаэро” ва “ВИМ-Авиа”ни банкротликка олиб борди. Россиянинг ташиш ҳажми бўйича учинчи ўриндаги авиакомпанияси – “Ютэйр” ҳам сал қолса “ўйин”дан чиқай деди. Фақат маъмурий аралашув ва бизнеснинг жиддий қисқартирилиши уни банкротликдан асраб қолди. Лекин, ҳар қалай, бозорнинг катта қисми бўшади.

Бу банкротликлардан “Аэрофлот” гуруҳига кирувчи авиакомпаниялар, биринчи навбатда Россия миллий аваиташувчиси фойда кўрганлигини сезиш қийин эмас.

Ушбу россиялик “лоукостер” Марказий Осиё шаҳарларига ҳозирча қатнамаётганлигидан хурсанд бўлиш керак, акс ҳолда миллий авиаташувчилар молиявий аҳволи анча оғирлашган бўларди. Улар Россияга парвозларнинг бир қанчасини ёпишларига тўғри келарди, баъзилар рақобатга чидаш бера олмай қолиши ҳам мумкин эди. Бунга Қирғизистоннинг Air Kyrgyzstan миллий авиакомпаниясини мисол келтириш мумкин.

Оқилона лоукост

Лоукостерларни жалб қилишдан Ўзбекистон қандай манфаат кўриши мумкин? Ягона оқилона ечим – лоукостер Ўзбекистонга йўловчиларни олиб келади ва давлат буни қўллаб-қувватлаши лозим. Лекин, афсуски, асосан Россияга, қолаверса (анча кам кўламда), Туркия, Амирликлар ва бошқа юртларга учувчи ўзбек меҳнат мигрантлари ҳисобга олинмаса, ҳозирча бундай йўловчилар оқими кузатилмайди.

Ўзбекистоннинг бой тарихий-меъморий мероси бор. Сўзсиз, республика тарихий туризм учун минтақадаги энг хавфсиз жой саналади. Бу ерда европалик мухлислар орасида машҳур яхшигина сайёҳлик йўналишлари мавжуд.

Ҳамма гап шундаки, экскурсия туризми оммавийлашув бўйича курорт туризмидан юзлаб ва ҳатто минглаб марта орқада саналади. Бу ўта тор маҳсулот, уни оммавийлаштириш катта харажат ва саъй-ҳаракат талаб қилади. Лекин уддаласа бўлади – бунга Эйфель минораси, Буюк хитой девори ёки Венецияни мисол келтириш мумкин.

dreamliner
Фото: Азамат Файзуллаев, Kommersant.uz

Ҳозирда Ўзбекистон учун энг содда йўл – кирувчи сайёҳлик учун 8-10 та истиқболли йўналишларни белгилаб олиш (Германия, Хитой, Корея Республикаси, баъзи ЕИ мамлакатлари) ва бу йўналишларда ишловчи хорижий лоукостерларга, йўловчилар оқимини таъминлаш бўйича қатъий талаблар қўйган ҳолда, дотациялар беришдир.

Ўз фуқаролари учун янада мақбулроқ бўлган иккинчи йўл – Emirates Airlines ёки KLM/AirFrance каби, ўзининг арзон шўъбасини очиш. Flydubaiга ўхшаб, бу авиаташувчи, тўғри стратегия танланганда, ўзбек меҳнат мигрантларини арзонга олиб бориб, орқага қайтишда камхарж россиялик сайёҳларни келтирган бўларди. Тўғри, бош авиакомпания томонидан дотациялар ажратишнинг ўзи етарли эмас – бошқа бозор афзалликлари ҳам керак бўлади, акс ҳолда бу лоукостер эмас.

Дотацияларсиз эса, европалик йўловчи ташувчиларга қизиғи йўқ – лоукостер фақат катта йўловчи оқими бор йўналишларда қатнайди.

Ўзбекистондаги кам сонли ўрта табақа аҳолиси, арзонга курортларга учиш орзуида, ижтимоий тармоқларда лоукостерларга рухсат берилиши масаласини бот-бот муҳокама қилади. Афсуски, бу борада уларнинг манфаатлари давлат манфаатларига мувофиқ келмайди – Ўзбекистон хизматлар импортига эмас, миллий ташувчиларни ривожлантиришга урғу беради.

 

Энг кўп ўқилган