Ўзбекистонда солиқ юки оғирми?

Ўзбекистонда солиқ юки қай даражада эканлигини таҳлил қилиш учун турмуш тарзи бизникига ўхшаш бўлган мамлакатлар билан қиёслаш керак бўлади, деб ёзади иқтисодчи-эксперт Юлий Юсупов. Мақолада мобил алоқа тармоғи мисолида баъзи собиқ совет республикаларидаги солиқ юки таққосланади.

30 налоговая нагрузка превью

Олдинги бир қанча мақолаларда, юртимиз солиқ тизимидаги муаммоларни кўриб чиқиш асносида, бизнес зиммасига тушувчи оғир солиқ юкини ҳам бошқа муаммолар қаторида тилга олиб ўтгандим.

Жумладан, Ўзбекистондаги ҳолатга қиёслаган ҳолда, кейинги йилларда энг жўшқин ривожланаётган Осиё мамлакатларидаги солиқ юки тўғрисидаги маълумотларни келтиргандим:

Осиёнинг баъзи мамлакатларида давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадининг ЯИМга нисбати (фоизларда),
Осиё тараққиёт банки маълумоти

Юсупов-1

Диаграммадан кўринадики, мамлакатимизда солиқ юки 1,5–2 баробар юқори. Бундай шароитда тадбиркорларимиз қандай қилиб рақобатбардош бўлишлари мумкин? Бундай солиқларда иқтисодиётимизга инвестицияларни қандай жалб этиш мумкин?

Кўплаб баҳсларда амалдорлардан (ва нафақат улардан) кўп бора контраргумент эшитганман: “Нега фақат Осиё мамлакатлари билан қиёслайсиз? Масалан, Ғарбий Европадаги баъзи мамлакатлар (Голландия, Швеция, Франция)да солиқ юки бизникидан ҳам юқори!”

Бу даъвони рад этиш жуда осон. Солиқ юки даражаси, жумладан фаровонлик даражасига, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажмига боғлиқ: мамлакат қанчалик бой бўлса, бизнес ва аҳоли шунчалик кўп солиқ тўлайди, бу нафақат мутлақ, балки нисбий кўрсаткичларда ҳам амал қилади.

Бу ҳол бой мамлакатларда солиқ юки камбағал давлатлардагига қараганда ўз-ўзидан юқори бўлади, дегани эмас. Солиқ юки нисбатан паст бўлган бадавлат мамлакатлар ҳам бор (АҚШ ва Япония бунга мисол). Бу ерда гап умумий фаровонлик даражаси ўсгани сайин солиқ юки ҳам ўсиши ҳақида бормоқда.

quotes_miniҒарбий Европа мамлакатларида ҳам, АҚШ ва Японияда ҳам, ЯИМ кам бўлган пайтларда солиқ юки ҳам ҳозиргига қараганда анча паст бўлганди.

Яна бир гап: ривожланган мамлакатлар олдида кимгадир етиб олиш мақсади йўқ. Биз эса, ўн йиллардан кейин бадавлат мамлакатлар ҳаёт даражасига етишиш учун бир неча баробар тезроқ ривожланишимиз лозим. Юқори солиқ юки биз учун кечирилмас дабдаба саналади.

Шу сабабли “ўзимиз тенгилар”, турмуш даражаси Ўзбекистон даражасига ўхшаш мамлакатлар билан қиёслаш керак.

Шундан келиб чиқиб, бошқа бир мақолада мен Жаҳон банки экспертларининг собиқ совет республикаларида умумбелгиланган солиқ тизими доирасидаги нисбий солиқ юки бўйича ҳисоботини келтиргандим:

Шартли корхона учун солиқ юки ҳисоби (фойдадан, фоизда),
Жаҳон банки маълумоти (2012 йил)

юсупов-2

Бу ердаги ҳаёт даражасини Ўзбекистон билан тенглаштирса бўлади (ҳар қалай, Голландия ва Швеция билан қиёслагандан кўра тўғрироқ). Қолаверса, мустақилликка эришилгандан кейин бошланғич шароитлар жуда яқин бўлган:уларда ҳам, солиқ юкини камайтиришга қаршилар важ сифатида келтирадиган, бюджетга юк бўладиган ижтимоий мажбуриятлар Ўзбекистондаги билан деярли бир хил бўлган.

Графикда, худди аввалгисидагидек, солиқ юки борасида сезиларли фарқ борлигини кўрамиз.

Бунга қандай жавоб берадилар, биласизми? “Жаҳон банки экспертлари адаштириб юборишган. Бизда Грузия ёки Эстонияда қандай бўлса, худди шундай солиқлар жорий қилинган. Ставкалар ҳам ўрта ҳисобда юқори эмас”.

Мен иқтисодчиман, солиққа тортиш соҳасидаги эксперт эмасман. Қўққисдан бундай важларга раддия бериш қўлимдан келмайди. Шу сабабли қарши фикр тарафдорларининг даъволарини аниқ мисолларда текшириб кўришга қарор қилдим.

Лекин турли мамлакатлардаги солиқ юкламасини қандай солиштириш мумкин? Жаҳон банки экспертлари шартли корхонани олдилар, унинг иш фаолиятини тузиб чиқдилар ва амалдаги қонунчилик қоидаларига кўра, у қанча солиқ тўлашини ҳисобладилар. Мухолифчиларимизни бу ёндашув қониқтирмайди: “Бу жуда мавҳум, амалда бизнес бунча солиқ тўламайди”.

Хўп. Келинг, амалда қанча тўлашларини кўриб чиқамиз. Бир қанча мамлакатларда бизнес юритадиган халқаро компаниялар мавжуд, улардан бири – “Билайн” компанияси. Мен тез-тез яқин хорижга чиқиб тураман, сафарларда асосан мана шу компания сим-картасидан фойдаланаман.

“Билайн” компаниясининг собиқ совет республикалари, жумладан Ўзбекистондаги корхоналарига тушадиган солиқ юкламаси ҳақида маълумотлар олишга муваффақ бўлдим:

Турли мамлакатларда “Билайн” корхоналари амалиёт даромадларида
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар улуши. 2016 йил, фоизларда

юсупов3

Солиқ юки компания амалиёт даромадларидаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг улуши кўринишида ҳисобланди. Аслида бу маълумотлар умумий солиқ юкламасини қиёслаш нуқтаи назаридан унчалик тўғри эмас, чунки улар ҚҚС тўловини (бу солиқни гўёки компания эмас, харидор тўлайди) ва меҳнатга баъзи солиқларни (уларни ҳам расман ходим тўласа-да, амалда компания зиммасига тушади) ўз ичига олмайди. Бу солиқлар ҳақида қуйироқда алоҳида сўз юритамиз. Ҳозирча эса, бор маълумотлардан фойдаланамиз, зеро улар қиёслашга осон: бизнеснинг бир тури, қиёслаш учун бир хил база (амалиёт даромадлари), ҳеч қаерда ҚҚС ва меҳнатга солиқлар ҳисобга олинмайди.

Диаграммадан кўринадики, Ўзбекистонда “Билайн”га тушадиган солиқ юкламаси Украинадагига қараганда икки баробарга, Грузия, Қирғизистон ва Қозоғистондагига нисбатан тахминан уч баравар, Арманистонга нисбатан ундан ҳам кўп, Россиядагига қараганда эса, қарийб олти марта юқорироқдир. Жаҳон банки экспертларининг “мавҳум” ҳисоб-китобларини эсга солиб юборади, шундай эмасми?

Энди биздаги солиқлар ва солиқ ставкалари “бошқа мамлакатлардагидек” бўлса ҳам, нега бундай катта фарқ борлигини тушунишга ҳаракат қиламиз. Солиқ бир хил бўлса, нега натижа буткул ўзгача?

Фойда солиғи

Ўзбекистонда “Билайн” амалиёт даромадларининг 40 фоизи солиқларга кетадиган бўлса, шуларнинг ярми фойда солиғига тўғри келади. Агар буни бошқа мамлакатлардагига қиёсласак, солиқ юки ниҳоятда юқори эканлигини кўрамиз:

Турли мамлакатларда “Билайн” корхоналари амалиёт даромадларидаги фойда солиқлари бўйича тўловлар улуши.
2016 йил, фоизларда.

юсупов-4

“Туҳмат,– қаршилик қилишади мухолиф томон. – Бизда дунёдаги энг паст фойда солиғи ставкаси – 7,5%. Қандай қилиб солиқ ставкаси 15% бўлган Грузияда солиқ юки 0,3%, Россияда – 20%ли ставкада – 1,3% бўлиши мумкин?”

Дунёдаги “энг кичик солиқ ставкаси”га эга бўлган ҳолда, нима учун бошқаларга қараганда кўпроқ солиқ тўлашимизни аниқлаб олиш учун яхши баҳона топилди.

Биринчидан, биздаги ўта кичик солиқ маддоҳлари “арзимас” жиҳатга – солиқ солиш базасига, яъни солиқ нимадан ҳисобланишига эътибор беришмаяпти. Ваҳоланки, бошқа мамлакатлар тадбиркорлари солиқ солинадиган базадан турли харажатларни чиқариш борасида анча кенг имкониятларга эгалар.

Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, вакиллик харажатлари тушумнинг 1 фоизи доирасидагина солиқ базасидан чиқарилиши мумкин. Инвестицияларга харажатлар кўпинча бевосита (йил давомида қанча сарфлаган бўлсанг, шунча) эмас, балки амортизация ажратмалари орқали базадан чиқарилади (яъни чиқариш кўп йилларга чўзилади). Хайрия ёрдами, ходимларга моддий ёрдам (таътилдаги, меҳнатга боғлиқ шикастланишлар ва ўлимга оид моддий ёрдам бундан мустасно), йилда бир мартадан кўп аудит ўтказишга харажатлар, ходимларни тиббий суғурталашга харажатлар солиқ солиш базасидан чиқарилмайди.

Бизда солиқ базасидан чиқариладиган харажатлар рўйхати ёпиқ, чиқарилмайдиган харажатларники очиқ саналади, яъни муайян муддат бўйича корхона фаолият юритиши учун зарур бўлган, лекин солиқ солиш базасидан чиқарилувчи харажатлар рўйхатида кўрсатилмаган барча харажатлар автоматик равишда базадан чиқарилмайдиган харажатларга айланади ва солиқ солиш базасини камайтирмайди. Шундай экан, Ўзбекистондаги ва, айтайлик, Россиями, Грузиядаги “солиқ солинадиган фойда” – бошқа-бошқа тушунчалардир. Амалда тадбиркорлар бу солиқни нафақат фойдадан, балки солиқ солиш базасидан чиқариб бўлмайдиган харажатлардан ҳам тўлашларига тўғри келади.

Иккинчидан, Ўзбекистондаги баъзи тармоқларда (жумладан мобил алоқа тармоғида), ўта паст 7,5 фоизли фойда солиғидан ташқари, ўта юқори – 50 фоизли (!) юқори фойда солиғи ҳам қўлланилади.

quotes_miniАгар уяли алоқа операторида рентабеллик 20%дан юқори бўлса, юқори фойда (20 фоизли чегарадан ошувчи фойда) 50%ли ставкада солиққа тортилади.

Ана сизга дунёдаги энг кам солиқ…

Бундан ташқари, эътиборга олиш керакки, фойда солиғидан ташқари, корхоналар фойдадан бошқа солиқлар ҳам тўлашлари керак бўлади:

– ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи (8%, у фойда солиғи чиқариб ташланган, бошқа солиқлар тўлангунгача бўлган фойдадан олинади) – бу солиқни фойда солиғи билан қўшиб юборилишидан биргина нарса – “дунёдаги энг паст” фойда солиғи билан фахрланишимиз зарурияти ушлаб туради;

– дивидендлар солиғи (10%), агар муассис бошқа мамлакат резиденти бўлса-ю, Ўзбекистон билан у мамлакат ўртасида икки томонлама солиққа тортмаслик келишуви имзоланмаган бўлса, бу солиқ ҳисобдан чиқарилмайди.

Мана энди, “дунёдаги энг паст солиқ ставкаси” бўла туриб, бошқалардан кўпроқ солиқ тўланиши маълум бўлди.

Абонент рақамини ишлатганлик учун тўлов

Бу – “Билайн”нинг Ўзбекистондаги катталиги жиҳатдан иккинчи ўриндаги солиқ харажатлари моддасидир (бугунги кунга амалиёт даромадининг 12%дан кўпроғини ташкил этади). Уяли алоқа операторлари 2012 йилдан бошлаб ҳар бир фаол абонент рақами учун ҳақ тўлайдилар. Жорий йилнинг 1 июлидан тўлов миқдори яна кўтарилиб, бир рақам учун ойига 2750 сўм этиб белгиланди. Қиёслаш учун: биз кўриб чиқаётган мамлакатларнинг бирортасида бундай тўлов мавжуд эмас.

Мана шу тўлов сабабли Ўзбекистонда (бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ) абонент тўловисиз тарифлар мавжуд эмас.

Абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳажми ўсиб бормоқда (2016 йилда у 1500 сўм бўлганди). Ҳозирда операторлар (бунга асос бор деб қўрқаман) 1 январдан навбатдаги ўсиш рўй беришини хавотир билан кутишмоқда.

Тушум солиғи

Ўзбекистонда умумбелгиланган солиқлар тўловчилари бўлган корхоналар тушумдан Республика йўл жамғармасига (тушумнинг 1,4%), бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига (1,6%), бюджетдан ташқари Таълим муассасаларини реконструкция қилиш жамғармасига (0,5%) мажбурий ажратмалар ўтказадилар. Жами – 3,5%.

Ўзбекистондаги ижтимоий меҳнат тақсимотини бўғувчи энг катта куч – бу тушумдан солиқлар эканлигини кўп ёзганман. Зеро улар, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган режимлари ўртасида солиқ юкламасидаги катта фарқ билан биргаликда, иқтисодиётимизда юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулот яратиш учун ҳеч қандай имконият қолдирмайди.

Тушум солиғи – “Билайн”нинг Ўзбекистондаги солиққа харажатларидаги катталиги бўйича учинчи модда (амалиёт даромадларининг 3,5 фоизи). Яна бир эслатиб ўтаман, бунда биз меҳнатга солиқлар ва ҚҚСни ҳисобга олмаяпмиз.

Энди юқоридаги 40%га киритилмаган бошқа солиқлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Қўшимча қиймат солиғи

Солиққа тортиш соҳасидаги мутахассислар айтишларича, ушбу солиқни ҳисоблаш услублари бизда жуда мураккаб бўлиб, бошқа мамлакатларда кўзда тутилган чегирмаларнинг барчасини ҳам амалга ошириб бўлмайди. Чунончи, Ўзбекистонда нотижорат ва давлат ташкилотларига мол-мулкни беғараз бериш ҚҚСга тортиладиган айланмага киритилади. Агар товарни таннархидан арзонга сотсангиз (бозор шароитида бундай ҳоллар кўп учрайди), ҚҚСни тушумдан эмас, таннархдан тўлаш талаб этилади, яъни солиқ даромадга қаратилмайди.

Солиқ ставкасининг ўзини ҳам (20%) дунёдаги энг паст ставка деб бўлмайди. Масалан, Россия ва Грузияда у18%ни, Қозоғистон ва Қирғизистонда – 12%ни ташкил қилади. Яъни, бу солиқ бўйича ҳам биз шубҳасиз кўпроқ тўлаймиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҚҚС бўйича солиқ юкламаси, ҚҚС тўлаш занжиридаги узилишлар сабабли, яна ҳам катталашиб кетади. Бу ҳақда олдин кўп ёзгандим. Муаммо шундаки, мамлакатда бу солиқни тўловчилар жуда кам, чунки корхоналар умумбелгиланган солиқ режимининг (бунда ҚҚС ҳам тўлаш керак бўлади) ниҳоятда оғирлигидан қочиб, соддалаштирилган режимни танлашади (унда ҚҚС тўлаш шарт эмас).

Шу сабабли, ҚҚС тўламайдиганлардан (булар аксариятни ташкил қилади) ресурс харид қилиб, ҚҚС тўловчи корхона аввалда тўланган ҚҚСни ҳисобга ололмайди. Натижада бу солиқ қўшимча қиймат солиғидан тушум солиғига айланади. Балки, бу муаммо хом ашё ва материаллар ишлатмайдиган уяли алоқа операторлари учун унчалик долзарб эмасдир, лекин умумбелгиланган режимда ишловчи ишлаб чиқарувчи, айниқча материалталаб саноат корхонаси учун бу жуда ўткир масала саналади.

Меҳнатга солиқлар

Мансур Тангишов яқинда чоп этган мақоласида Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Грузиядаги меҳнатга солиқ юкламаларини қиёслади. Бу соҳада ҳам биз “жаҳондан бир қадам олдинда”миз.

Меҳнатга солиқлар (даромад солиғи, ижтимоий ажратмалар) бўйича
тўловларнинг ҳисобланган маошдаги улуши, фоизларда

юсупов-5

Шу тариқа, агар ҚҚС ва меҳнатга солиқларни ҳам инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистон ва кўриб чиқилаётган мамлакатлар ўртасидаги фарқ янада катталашади.

Кўнгилларини хотиржам қилиш учун мухолифлар Франция ёки Швецияда қанча солиқ тўланишини мисол қилиб келтиришлари мумкин. Албатта, улар биздан ҳам кўпроқ тўлайдилар. Аммо солиқ юкини қиёслашдан олдин, мамлакатлар даромад даражасини тенглаштириб олиш талаб этилади. Қўшимчасига баъзи саволларга жавоб ҳам топиш керак бўлади: нега Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси бунчалик юқори ва нега маҳаллий корхоналар меҳнатга лаёқатли аҳолини иш ўринлари билан таъминлай олмаяпти?

Мамлакатимиздаги солиқ юки даромади ўхшаш юртлардагига нисбатан анчайин юқори эканлиги бунинг сабабларидан бири эмасми? Дарвоқе, бу даражадаги солиқ юки орзуимиздаги самарали иқтисодиётга эришиш учун ҳам анча оғирлик қилади.

Нима қилиш керак?

Бу ҳақда кўп бора ёзганман – қуйидагиларни ўз ичига оладиган солиқ ислоҳотларини ўтказиш керак:

1. Солиқ юкини кескин камайтиришга ва аксарият кичик корхоналарни умумбелгиланган солиқ солиш режимига ўтказиш мақсадида солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан:

– умумбелгиланган режимда тушум солиқларини бекор қилиш;

– солиқлар сони (жумладан, абонент рақамидан фойдаланиш тўлови каби ғаройибларини) сезиларли қисқартириш;

– солиқ солиш ставкаларини қисқартириш;

– инвестиция харажатларида 100 фоизли амортизация ва ҚҚС қайтарилиши тамойилларини жорий қилиш.

2. Солиқ солишнинг соддалаштирилган режимида фаолият юритувчи корхоналарнинг ҚҚСга ўтишини рағбатлантириш. Ёки чакана савдога солиқлар фойдасига ҚҚСдан воз кечиш (Япония ва АҚШдаги каби).

3. Меҳнатга солиқларни кескин камайтириб, даромад солиғи тўлашнинг “текис” шкаласига ўтиш.

4. Индивидуал ва тармоқ солиқ имтиёзларидан воз кечиш. Истиқболда – солиқ солишнинг турфа режимлари сиёсатидан воз кечиш.

5. Солиқ маъмурияти ва солиқ ҳисоботи тизимларини соддалаштириш.

Превью: Dreamstime.com

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган