Валюта бозори либераллашувидан нимани кутиш мумкин?

2017 йил Ўзбекистон учун иқтисодий ислоҳотлар йили бўлиши лозим. Асосий ислоҳот – валюта бозорининг либераллашуви. У мамлакат иқтисодиётига ва унинг фуқаролари ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Оғир савол. Унга жавоб бериш учун иқтисодиётнинг баъзи назарий жиҳатларини чуқур ўрганиш талаб этилади...

валюта-1

 

Бир чимдим назария

Миллий валюта алмашинув курси даражаси ва ундаги ўзгаришлар ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ жараёнларга, улар орқали эса, бошқа барча иқтисодий жараёнларга ниҳоятда катта таъсир кўрсатади.

Алмашинув курсидаги ўзгаришлар аввало ташқи савдонинг икки таркибий қисмига: товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импортига таъсир кўрсатади. Миллий валюта қанчалик арзон бўлса, қоидага кўра, экспорт шунчалик кўп, импорт эса кам бўлади.

Айтайлик, қандайдир товарни маҳаллий ишлаб чиқарувчи 600 минг сўмга сотишга тайёр бўлсин. Сўм арзонлашди, деб тасаввур қилайлик ($1 доллар олдин 6000 сўм турган бўлса, энди 6500 сўмга тенг бўлди). Ишлаб чиқарувчи ё доллардаги нархни $92,3 гача пасайтириши ва ўзи мўлжал қилган 600 минг сўмга эга бўлиши, ёки доллардаги нархни ўша ҳолича қолдириб, қўшимча даромад олавериши мумкин. Унда ҳам, бунда ҳам экспортчи фойдада қолади: ё сотув ҳажми кенгаяди (чунки нарх тушиб, пировардида талаб ўсади), ёки фойда ўсади, шу сабабли унда даромадли товарни ишлаб чиқаришни ва экспорт қилишни кенгайтиришга қўшимча рағбат пайдо бўлади.

Импорт эса бунинг бутунлай акси: миллий валюта қанчалик арзон бўлса, импорт товарларнинг унда ифодаланиши шунчалик юқорилашади. Натижада импортга талаб камаяди. Рақамларга мурожаат қилайлик. 6000 сўм $1 га тенг бўлганда, юз долларли импорт товар истеъмолчиларга 600 минг сўмга айланарди, курс 6500 бўлганда – 650 мингга, айтайлик, курс 9000 бўлса –нақ 900 минг сўмга тенг бўлади. Фарқини сезгандирсиз?

Алмашинув курсининг аҳамияти яна қаерда билинади?

1. Меҳнат мигрантларининг мамлакатга келиб тушган валютадаги даромадларини миллий валютага алмаштиришда. 2014 йилда Россия рубли кескин тушиб кетганини эсга олайлик – ўшанда у амалда икки баробарга қадрсизланганди. Россияда ишлаётган меҳнат мигрантлари (жумладан, ўзбекистонликлар)нинг рублдаги даромадлари ўша-ўшалигича қолди. Уларнинг долларда ифодаланган даромадлари эса, рублнинг долларга нисбати қанчага пасайган бўлса, шунчага, яъни тахминан икки бараварга камайди. Бинобарин, ишчи кучини экспорт қилувчи мамлакатларга валюта тушуми сезиларли даражада қисқарди, бу, ўз навбатида, энди мана шу мамлакатларда миллий валютанинг алмашинув курслари тушиб кетишининг бош сабабларидан бири бўлди. Демак: миллий валютанинг мустаҳкамланиши (рубль курсининг тушиши сўмнинг рублга нисбатан мустаҳкамланишини англатади) меҳнат мигрантлари фаолиятидан даромад кўришни камайтиради. Ва аксинча: миллий валюта курсининг пасайиши бу тушумларни кўпайтиради.

2. Миллий валютани чет эл валютасига алмаштиришда, валютада олинган кредитларни қайтаришда (одатда валюта кредиторлари корхоналар ва банклар, шунингдек давлат бўлади, лекин баъзида жисмоний шахсларда ҳам бу ҳол учраб туради). Агар сиз кредитни миллий валютадаги даромадингиздан берадиган бўлсангиз, миллий валютани чет элникига алмаштиришга тўғри келади. Башарти, алмашинув курси 6000 сўм бўлганда $100 қарз олган бўлсангиз,$110 (10 – фоизи) қайтаришингиз керак. Агар курс ўзгармаса, бу сизга 110 × 6000 = 660 минг сўмга айланади. Лекин сўм қадрсизланса, масалан, $1 га 7000 сўм бўлса, 110 × 7000 = 770 минг сўм, яъни 17 фоиз кўпроқ қайтаришингизга тўғри келади! Демак: миллий валюта девальвациясида валютада қарз олганлар зарар кўрадилар, миллий валюта нархи қанча миқдорда пасайса, валюта кредитларига хизмат кўрсатиш қиймати шунга пропорционал тарзда ўсади.

3. Божхона тўловларини ҳисоблашда (улар валютадаги тушумдан сўмда, расмий алмашинув курси бўйича ҳисобланади). Миллий валюта қанчалик арзон бўлса, божхона тўловларидан бюджетга тушумлар шунча кўп бўлади.

Айтилганлардан чиқариладиган асосий хулоса қандай? Ўз ишлаб чиқарувчиларига халқаро ва маҳаллий бозорлардаги рақобатда ёрдам беришни истаган ҳукумат миллий валютани девальвациялаши лозим. Натижада экспорт фойдалироқ бўлади ва кенгаяди. Импорт қимматлашади ва қисқаради. Иккала натижа маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун фойдалидир. Параллель равишда меҳнат мигрантларидан миллий валютадаги тушумлар ва божхона тўловларидан бюджетга тушумлар ортади. Яъни ҳам аҳолининг, ҳам давлатнинг даромадлари ортади.

Бир қарашда содда кўринса-да, аслида ундай эмас. Биринчидан, валютада қарз олганлар зиён кўрадилар, улар кредит учун ўз режаларидагидан қимматроқ тўлайдилар. Иккинчидан, импорт товарлар ва хизматлар қимматлашади, бу инфляцияни тезлаштириб, аҳолининг реал даромадларида салбий акс этиши мумкин. Учинчидан, нафақат импорт истеъмол товарлари, балки импорт жиҳозлар ва хом ашё нархи ҳам ошади, бу мазкур импорт ресурсларни сотиб олишни кўзда тутган ва сотувда экспортга эмас, ички бозорга йўналтирилган бизнес-лойиҳаларнинг даромадлилигини камайтириши мумкин (импорт ресурслардан фойдаланувчи экспортга йўналтирилган лойиҳалар, аксарият ҳолларда, экспорт даромадлилиги ортиши ҳисобига ютадилар).

Девальвация ва миллий валюта алмашинув курсини паст даражада ушлаб туриш – маҳаллий бизнес ривожланишини қўллаб-қувватлашнинг қудратли ва кўп қўлланиладиган воситасидир (бундан барча муваффақиятли экспортга йўналтирилган иқтисодиётлар, масалан, Хитой самарали фойдаланади), бироқ, уни қўллашда баъзи салбий жиҳатларни ҳам назарда тутиш лозим.

Бизнинг тажрибамиз ҳам шунга далолат қилади. Ўзбекистоннинг яқин тарихида валюта бозорининг либераллашуви ўтказилганди: 2003-2004 йилларда расмий сўм сезиларли даражада девальвацияланган бўлиб, алмашинув (расмий ва бозор) курслари амалда тенглашиб қолганди (бу 2008 йил кузига қадар давом этди). Натижада нисбатан қисқа муддат ичида экспорт беш баробарга ортди, бу мамлакат иқтисодий ривожланиши учун яхши омилларни яратди.

Воқеликка ўтайлик

Юқорида келтирилганларни иқтсодиётимизда шаклланаётган вазиятни таҳлил қилишда қандай қўллаш мумкин?

Шундай шаклланганки, Ўзбекистонда бир нечта алмашинув курслари мавжуд бўлиб, улар бир-биридан бир неча баробарга фарқланиши мумкин. Асосийларининг ўзи: расмий (МБ курси), бозор ёки “қора” (нақд пуллар учун) ва “биржа курси” деб аталувчи (нақдсиз битимлар бўйича) курслардан иборат. Бундай турфа хиллилик иккита ҳолат билан изоҳланади.

Биринчидан, миллий валютанинг эркин конвертацияси мавжуд эмаслиги. Расмий курс бўйича валютани МБ ёки ҳукуматдан рухсат олган баъзи омади чопганларгина сотиб олишлари мумкин. Бошқа барча уни норасмий валюта бозоридан харид қилишга мажбур, у ерда эса ўзининг алмашинув курслари мавжуд бўлади. Расмий бозорда валюта қанчалик кам сотилса, расмий ва норасмий курслар ўртасидаги тафовут шунчалик катталашади.

dollaruz-1-1-1

Шуниси аҳамиятлики, бундай вазиятда норасмий бозорнинг мавжудлиги табиийдир, чунки сўмнинг расмий курси ўта юқорига кўтариб юборилган. Бу курс бўйича талаб таклифдан анчагина устунлик қилади. Бу курс бўйича валюта сотиб олишни ҳамма истайди, лекин сотишни ҳеч ким истамайди. Шу сабабли МБ уни ҳаммага сота олмайди. Бу ҳукумат 1 кг. гўшт нархини 10 минг сўм деб эълон қилганидек гап – дарров навбатда туриш, танқислик, карточка билан бериш ва, айтайлик, 60, ҳатто 80 минг сўмга гўшт сотиладиган қора бозор юзага келган бўларди.

Иккинчидан, Ўзбекистонда нақд пул олишда сунъий (маъмурий) чекловлар мавжуд: банкларнинг ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсларга нақдликлар бериш имконияти чекланган, пластик карточкалардан нақдликларни ечиш амалда иложсиздир. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатда бир вақтнинг ўзида миллий валютанинг турли қийматларга эга бир неча тури амалда бўлмоқда: нақд ва нақдсиз пуллар (жумладан, нақд пулларнинг бир неча турлари). Нақд пул беришдаги чеклов қанчалик кўп бўлса, бу пул бирликлари қийматидаги тафовут шунчалик ортади. Бинобарин, валюта бозорида ҳам бу пул бирликлари турли курслар бўйича алмаштирилади.

Ҳозирги кунда ҳукумат “миллий валютанинг чет эл валюталарига нисбатан курсини фақат бозор механизмларини қўллаган ҳолда белгилаш”ни кўзда тутувчи валюта бозори либераллашувини ўтказишни режалаштирмоқда.

Валюта бозори либераллашуви мамлакат иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади?

Валюта бозорининг либераллашуви алмашинув курси тепадан белгиланмай, эркин бозорда шаклланишини англатади. Ҳатто, агар МБ ўзининг расмий курсини белгиласа ҳам, тижорат банклар кафолатланган тарзда ушбу курс бўйича миллий валютани эркин харид қилиш ва сотишимконига эга бўладилар. Шунда бозорда МБ курсига тенг алмашинув курси шаклланади, валюта амалиётлари учун банк фоизлари бироз ўйнаши мумкин, холос. Бу ҳол жорий амалиётлар бўйича миллий валюта конвертацияси татбиқ этилишини англатади. Параллель равишда норасмий курс ҳам мавжуд бўлиши мумкин, лекин у расмий курсдан унчалик фарқ қилмайдиган бўлади (мустақил Ўзбекистонда бундай вазият бир эмас, бир неча бор кузатилган: 1996 йил кузигача ва 2004 йилдан 2008 йилгача бўлган даврда).

Бир қарашда осон кўринса-да, аслида ундай эмас. Ёдга олайлик: бизда бир эмас, камида иккита миллий валюта бор: нақд ва нақдсиз пуллар. Агар иш шу кетишда давом этса, биз камида иккита алмашинув курсига эга бўламиз: нақд учун ва нақдсиз муомала учун. Ҳукумат ва МБ нақд муомала йўлидаги маъмурий тўсиқларни ниҳоят бартараф қилди, деб тасаввур қилайлик. Ўшанда нақд ва нақдсиз пул ўртасида фарқ қолмайди ва алмашинув курси ягона бўлади. У, мисоли ҳар қандай бошқа товар, айтайлик, картошкада бўлгани каби, талаб ва таклиф мутаносиблиги таъсири остида шаклланади.

Кейинги савол: бундай мувозанатли (валюта бозорида талаб ва таклифнинг тенглигини таъминловчи) алмашинув курсининг даражаси қандай бўлади, у бугунги алмашинув курслари билан қандай муносабатда бўлади?

Агар эркин бозорда ягона мувозанатли алмашинув курси шаклланса, унинг даражаси амалдаги учта асосий курс: расмий, қора ва биржа курсларининг ўртасида бўлиши, яъни расмий курсдан паст ва биржа курсидан юқори бўлмаслиги лозим. Фикримча, агар ҳукумат ва МБ нақд муомалага маъмурий чекловларни баратараф этса, ягона мувозанатли курс биринчи даврларда тахминан $1 га 5000-7000 даражасида бўлади (либераллашув яқин 1-2 ой ичида бўлиши шарти билан). Мувозанат нуқтасини бундан аниқроқ тахмин қилиш имкониятимиз доирасидан ташқарида…

02

Ва ниҳоят, учинчи савол: валюта бозорининг либераллашуви иқтсодиётга қандай таъсир кўрсатади?

Ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда

Ишлаб чиқарувчилар, умуман олганда, эркин конвертация киритилишидан сўзсиз ютадилар: улар учун импорт жиҳозлар, бутловчи қисмлар ва хом ашё сотиб олиш осонлашади; экспортчилар ўз валюталари учун сўмда уларнинг реал эквивалентини олиш имконига эга бўладилар. Даромадлар ва бандликнинг умумий даражаси ўсади, энг муҳими – уларнинг келгусида янада ўсишига мустаҳкам шарт-шароит шаклланади. Жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувимиз янада кучаяди, халқаро меҳнат тақсимотида қатнашиш эвазига умумий фаровонлик даражасини ошириш учун замин яратилади (бу алоҳида суҳбат учун мавзу).

Тармоқлар кесимида олганда, иқтисодиётимизнинг импорт ўрнини босишдан экспортга йўналганлик томон юз буриши босқичма-босқич амалга ошади ва бу тармоқлар тузилмасида кузатиладиган муқаррар ўзгаришлар билан биргаликда рўй беради. Яъни экспортга йўналган корхоналар ва тармоқлар ички бозорга йўналган корхоналарга нисбатан жадалроқ суръатларда ривожланади. Бундан ташқари, рақобатнинг изчил кучайиб бориши ҳисобига, “табиий танланиш” тезлашади: заиф корхоналарни самаралироқ иштирокчилар бозордан фаолроқ сиқиб чиқарадилар. Бу эса яхши саналади, чунки бунда исқтисодий самарадорликнинг умумий даражаси ўсади.

Қисқа муддатли истиқболда (кейинги 1-2 йилда)

Расмий курс девальвация қилиниши муқаррар экан, бундан:

— бугунги кунда ўз валюта тушумларини ёки унинг бир қисмини расмий курс бўйича сотишга мажбур экспортчилар, сўзсиз, яхшигина ютадилар;

— давлат бюджети манфаат кўради;

— валюта кредити олган ва ҳозирда сўмни расмий курс бўйича конвертациялаб, кредитни қайтариш имконига эга бўлганлар, албатта, ютқазадилар (шу сабабли улар учун қандайдир вақтинчалик компенсация механизмлари кўзда тутилса, ёмон бўлмасди);

— бугунги кунда сўмни расмий курс бўйича чет эл валютасига конвертациялаш имконига эга сараланган импортчилар ҳам ютқазадилар (агар улар даромадларининг асосий манбаи расмий ва норасмий курслар ўртасидаги фарқ бўладиган бўлса, улар нафақат қисқа муддатли, балки узоқ муддатли истиқболда ҳам ютқазадилар).

Ўз валюта тушумларини биржа курси бўйича сотадиган экспортчилар ҳоли нима кечади? Қисқа муддатли истиқболда улар бироз ютқазадилар, чунки уларнинг сўмдаги тушумлари камаяди (мувозанатли доллар курси биржа курсидан паст бўлади). Лекин уларнинг аксарияти учун узоқ муддатли ижобий самаралар бу йўқотишларни ошиғи билан қоплайди.

Истеъмолчилар учун қисқа муддатли истиқболда, афтидан, сезиларли ўзгаришлар рўй бермайди. Ҳозирда импорт истеъмол товарлари нархлари қора ва биржа курсларига асосланган. Нақдсиз асосда харид қилаётганимиз юз долларлик импорт ашёси бизга тахминан 900 минг сўмга айланмоқда. Агар нақд муомаладаги тўсиқлар бартараф этилса ва ягона алмашинув курси шаклланса, биз, айтайлик, 700 минг сўм тўлайдиган бўламиз. Лекин бу – алоҳида товар позициялари бўйича. Умуман олганда, импорт моллар нархлари, шунингдек, меҳнат мигрантларининг валюта тушумларидан сўмдаги даромад ҳам катта ўзгаришларга учраши эҳтимолдан йироқ (мувозанатли курс қора курсга яқинроқ бўлиши эҳтимоли катта).

Хўш, 2017 йилда бизни нималар кутмоқда? Агар валюта бозори либераллашуви ва бошқа бозор ислоҳотлари ўтказилса, бу иқтисодиётимизнинг ривожланишига ниҳоятда катта янги туртки берган бўлади. Баъзи қисқа муддатли йўқотишлар иқтисодиёт субъектларининг алоҳида тоифаларидагина кузатилади ва либераллашувдан олинадиган фойда олдида ҳеч нарса бўлмайди. Асосийси – ислоҳотлар амалга ошсин…

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган