Микро-ГЭС. Бепул электр манбаи 

Давлат эски ГЭСларни қайта жонлантириш ва янги йирик иншоотларни барпо этиш билан овора бўган бир пайтда Ўзбекистон аҳолиси энергияни мустақил ишлаб чиқариш пайида бўлмоқда. Уларга сувнинг кинетик энергиясини қайта ишлаб, электр энергияси ишлаб чиқарувчи микро-ГЭСлар – кичик қувватли (100 Квтгача) электр станциялари кўмакчи бўлади.

ges-0

Биз Наманган муҳандислик-технология институти тадқиқотчиси Зулфия Мамадалиева билан суҳбатлашдик. Чунки айнан у биринчи бўлиб, Наманган вилояти Косонсой шаҳридадаги кичик ўзанда синов микрогидроэлектр станциясини ўрнатмоқдалар. Айнан мана шу, кичик жуссали ва нозик аёл она шаҳри аҳолиси учун бепул энергияни қандай олиш мумкинлигига қизиқди.

Зульфия Мамадалиева

– Ўзбекистонда кам ўрганилган бу соҳа билан шуғулланишга нима туртки бўлди?

– Илмий тадқиқотлар давомида ҳамда Наманган вилояти тадбиркорлари ва фермерлари билан суҳбатларда мен шаҳримиз аҳолиси муқобил энергия манбалари ҳақида етарлича хабардор эмаслигини кузатардим. Ҳамма уларни қуёш батареялари билан боғлайди, аслида кўплаб бошқа, қизиқарли усуллар мавжуд. Мана шу тариқа микро-ГЭС борасидаги изланишларим бошланиб кетди. Олдин қайдлар ёзиб бордим, кейин фермерлк хўжаликлари эҳтиёжларини қондирувчи ва электр таъминотини қисман бўлса ҳам ўрнини босувчи микро-ГЭС қуриш учун туманимиздаги энг мақбул жойларни ўргана бошладим.

– Микро-ГЭСларнинг афзаллиги нимада?

– Барча тадбиркорларга бирдек маъқул келувчи биринчи афзаллиги – нисбатан арзонлиги. Синов тариқасида ўрнатганимиз қурилма унчалик қиммат эмас. Кўринишидан баҳайбат бўлса ҳам, уни ўрнатиш, ечиш, ташиш жуда осон – мобиллиги юқори. Агар сув оқими ўзгарса, бемалол бошқа жойга кўчиришингиз ва мустақил ўрнатишингиз мумкин. Шу тариқа, ҳам маблағ, ҳам меҳнат тежалади.

Қурилмамизнинг иккинчи афзаллиги – у айнан кичик сув оқимларига мўлжалланганлигидир, зеро бизнинг туманимиз ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида айнан шундай ҳавзалар кўп учрайди. Уларга секундига 3–5 метр тезликда оқувчи ариқлар, сойлар киради. Яъни, айтайлик, тадбиркорга  йирик ГЭС қуриш учун анчайин катта куч ва маблағ талаб этилса, бизнинг қурилмани оддий ариққа ҳам ўрнатиш мумкин. Айнан шу афзаллиги сабабли ҳам гидроэлектр станцияларимиз вилоятлар аҳолиси орасида кенг шуҳрат қозонади, деб умид қиламиз.

Микро-ГЭС чизмаси

Комплектга қуйидагилар киради: Сув тортиш қурилмаси (1), сув ўтказгич (2),
энергоблок (турбина – 3, генератор – 5), чиқариш коллектори (4) ва автоматик бошқарув қурилмаси.

GES-1

– Микро-ГЭСлардан экологияга қандай фойда бор?

– Авваламбор, бу – тоза энергия. Микро-ГЭС фаолияти экологияга ва сувга мутлақо зарар келтирмайди. Масалан, 1 кВт энергияни анъанавий усулда ишлаб чиқариш учун, анчагина қазилма ёқилғи талаб этилади, микро-ГЭСда эса биз туганмас, қайта тикланувчи энергия манбаидан фойдаланамиз. Бу ишда энг муҳими – жиҳозни тўғри ишга тушириш ва вақтида кўрикдан ўтказиб туришдир.

– Қурилмангиз қандай ишлайди?

– Қурилмамиз микро-ГЭСлар турига киради. Бу нимани англатади? Моҳиятан, микро-ГЭС – бу Марказий Осиёда қадимдан боғ-роғларни суғоришда қўлланиб келинган, III асрдаёқ хоразмийлар аждодлари томонидан кашф этилган чиғир (чархпалак)нинг модернизацияланган кўринишидир.  Қадимдан бу механизмнинг арзонлиги, қулайлиги нафақат деҳқонлар, балки олимларнинг ҳам эътиборини қаратган ва улар замонавий шароитда оқим энергиясидан фойдаланиш учун турли такомиллашган конструкцияларни ишлаб чиққанлар. Биз чиғир механизмини бироз мураккаблаштирдик, мобиллигини оширдик, энергия ишлаб чиқаришга мослаштирдик.

Микро-ГЭС қандай ўрнатилади? Олдин нишаброқ жой топилади, ёки сунъий равишда ҳозирланади. Яна такрорлаб ўтаман, сермеҳнат, серхаражат ишларга эҳтиёж йўқ, исталган ариққа ўрнатиш мумкин. Сув юзасига перпендекуляр равишда ўрнатилган чархпалак ярмигача сувга киритилади. Иш жараёнида сув парракларга босим кўрсатади ва ғилдирак айлана бошлайди. Ҳаммаси жуда содда: қурилишининг соддалиги ва максимал ФМК жиҳатидан олганда, бу қурилма жуда яхши иш беради. Шу сабабли ҳам амалиётда кўп қўлланилади.

Микро-ГЭС афзалликлари

GES-2

– Битта шундай қурилмадан олинадиган фойда қандай бўлади?

– Қурилмамиз 10-15 кВтга мўлжалланган, яъни у икки ёки учта фермерлик хўжалигиниэлектр энергияси билан бемалол таъминлай олади. Бу конструкция 20–25 млн сўм ($2500-$3125) туради, бунга ўрнатиш ҳақи ҳам киради. Агар учта оила олса, 2–2,5 йил ичида у ўзини оқлайди. Одатда бундай конструкциядан бир одам фойдаланмайди, чунки ундан олинадиган энергияни фақат ўз эҳтиёжлари учун эмас, балки бутун бошли хўжаликлар учун ҳам ишлатиш мумкин. Асосий истеъмолчилар цехлар, фермерлик хўжаликлари бўлади.

Бундан ташқари, мамлакатимиз вилоятларида кўплаб эски, ҳозирда ишламайдиган микро-ГЭСлар, эски ўзанлар борлигини айтиб ўтмоқчи эдим. Конструкцияларимизни мана шу иншоотларга бемалол ўрнатиш, бу билан анча маблағни тежаш мумкин.

– Мамлакатимиз аҳолисини энергия билан таъминлаш учун бундай қурилмалардан нечта керак бўлади, деб ўйлайсиз?

– Бу аҳолининг эҳтиёжи, зичлиги ва бошқа кўплаб омилларга боғлиқ. Наманган вилояти аҳоли зич жойлашган ҳудуд саналади, шу сабабли, аҳолини энергия билан таъминлаш учун анчагина конструкция керак бўлади. Микро-ГЭСинг яна бир афзаллиги шундаки, бир қишлоқда бу каби қурилмаларнинг бир нечтасини ўрнатиш мумкин – улар бир-бирининг ишига халал бермайди.

– Қурилманинг афзалликлари баробарида камчиликлари ҳам бордир?

– Биринчи ва энг асосий камчилиги – бутловчи қисмлар танқислиги. Ўзбекистонда генераторлар ишлаб чиқарилмайди, ҳаммаси четдан сотиб олинади. Конструкциядаги энг қиммат деталь ҳам айнан генератор саналади.  Уларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тайёрлашни йўлга қўйганларида, қурилма икки баробар арзонлашарди. Бундай ишлаб чиқаришлар бизда албатта очилади, деб умид қиламан. Буюртмачилар эҳтиёжларига қараб микро-ГЭСлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тўлиқ ишлаб чиқариш комплексларини ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди.

Ўзбекистон гидроэнергетикаси – рақамларда

GES-3

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган