“Боболаримиз қурганини таъмирлаб, оталаримиз бунёд этганларини эса бузамиз”

Пойтахтнинг замонавий қиёфаси, Tashkent City, алюкобонд ва шаҳарсозликнинг асосий тамойиллари ҳақида Александр Куранов – 40 йиллик тажрибага эга меъмор, “Шарқ”, “Илҳом” театри ва “Пойтахт” бизнес-маркази бинолари ҳаммуаллифи билан суҳбатлашдик.

александр куранов 02

Александр Куранов – тахминан 700 та меъморчилик ва дизайнерлик лойиҳалари муаллифи, “САД” архитектура ва дизайн студияси асосчиси ва раҳбари, кўп сонли республика ва халқаро танловлар (Озарбойжон, Япония, Франция, АҚШ) совриндори, 40 йиллик стажга ва Тошкент Архитектура-қурилиш институтида 10 йиллик ўқитувчилик тажрибасига эга меъмордир. Унинг лойиҳалари асосида Россия, Украина, Туркия, Испания ва бошқа мамлакатларда иморатлар барпо этилган.

– Ўзбекистонда кейинги 10 йилдаги қайси архитектура лойиҳаларини муваффақиятли санайсиз?

– Бу давр ичида кўплаб эътиборга лойиқ лойиҳалар амалга оширилди, дея олмайман. Шундай эса-да, 5–10 йил юртимизда бўлмай, кейин келганлар шаҳарни танимай қолади. Бунда гап янги бинолардагина эмас, балки яшаш муҳитига бўлган тўғри муносабатда –ободонлаштиришда, йўлларда, гулзорлар ва кўкаламзорларда ҳамдир.

Ўзбекистон – ёш республика, биз архитектура жиҳатидан ҳам ривожланиш босқичидамиз. Архитектура – йирик инвестициялар билан боғлиқ қимматбаҳо йўналиш. Амалда кейинги 10 йилда инвесторлар барча пулларини янги турар жой қурилишига тикдилар. Бу муддат ичида халқ орасида “банк уйлари” деб аталувчи кўпқаватли бинолар кўплаб барпо этилди.

Бир қизиқ тенденцияга эътиборинизни қаратмоқчиман: олдинлари турар жой бир хил бўлиб, жамоат бинолари бир-биридан яққол фарқ қиларди. Бугун бунинг бутунлай аксини кўрамиз: турар жойлар турфа хил, ёрқин ранглар ва янги материаллар билан бойиган, жамоат бинолари эса, бир хил услубга эга.

Айкидо

Здание федерации Айкидо (строится)
Ўзбекистон Айкидо федерацияси биносининг лойиҳаси

– Tashkent City лойиҳаси ҳақида қандай фикрдасиз?

– Бу лойиҳани яратишда чет эллик меъморлар шаҳарсозликдаги вазиятни ҳисобга олмаганлар. Ачинарлиси шундаки, лойиҳани ишлаб чиқишда, маслаҳатчи сифатида бўлса ҳам, етакчи ўзбек меъморлари таклиф этилмади. Катта мажмуани қуришда унинг бутун шаҳар архитектураси, меъморий мерос билан уйғунлашувига эътибор бериш зарур. Боболаримиз меъморий ёдгорликларини таъмирлаймиз-у, оталаримизникини бузиб ташлаймиз… Бу – халқимизга ёт одат. Бутун ҳудуд периметри бўйлаб 50 метрли яшил тамбур зонасини ташкил этиб, оталаримиз қурган қизиқарли объектларни сақлаб қолиш оптимал ечим бўларди.

Бу лойиҳани концепция сифатида қабул қилиш мумкин, лекин менга материал хом кўринади. Услубий жиҳатдан архитектура манзилсиз – бу фирманинг фасад композициялари Норвегияда ҳам, Сомалида ҳам қўлланилган. Архитектурада эса, манзиллилик бўлиши лозим. Тасаввур қилинг, кўзингизни боғлашади ва янги бино олдига олиб боришади. Кўзингизни ечишганда, сиз: “Бу Шарқ. Менимча, Тошкент”,- дея олишингиз керак. Янги мажмуани кўрган шаҳар аҳолиси ёки меҳмони шундай дея оладими?

Одатда одамлар тўртта мақсад учун саёҳатга чиқадилар: меъморчилик, ноёб табиат ҳодисалари, шопинг ва маданий экскурсиялар. Меъморчилик доим биринчи ўринда бўлади. Бухоро ёки Хива бўйлаб сайёҳлар ҳафталаб сайр қилишга розилар. Агар Тошкентда улар ўз Ватанларида ҳам кўришлари мумкин бўлган иморатлар қурилса, улар Тошкентда узоқ ушланиб турмайдилар, бу эса сайёҳлик нуқтаи назаридан бефойдадир. Шарқ маданиятини бўрттириб турувчи бинолар қуриш керак. Шарқ жазирама ва шовқиндан панада бўлишни ёқтиради, Шарқ – бу арклар эмас, балки ҳовли, дарахтлар ва унчалик катта бўлмаган уйлардир.

Архитектура жамоатчилигининг фикри шундай – жонажон Тошкентимиз бундан яхшироқ лойиҳага муносиб.

александр куранов 01

– Шаҳар – гўзал, бинолар сифатли бўлиши учун тизим қандай ишлаши керак?

– Меъмор обрўсини ошириш жуда муҳим. Бизлар билан мутахассис сифатида фикрлашмай қўйишди. Бу нафақат лойиҳалаштириш соҳасига, балки ҳуқуқий жиҳатга ҳам тегишли. Олдимга Франциядан талабалар келишганда 2000 йилда чиқарилган китобларни кўрсатдим: тоза, оппоқ уйлар, фасадлар. Ҳозирчи? Кроватдан олинган тўрлар ва балконларга илиб қўйилган велосипедлар, ёндош ерларни қўшиб олиб, ўзига ёққанидек кўринишда қуриб олиш кўпайиб кетди. Бу меъмор сўзи кучга эмаслигини кўрсатади.

Меъмор билан келишмаган ҳолда фасадни ўзгартиришни қонун йўли билан тақиқлаш керак. Ахир, мана шундай ўзбошимчаликлар оқибатида қанчалаб қулаб тушиш, портлаш, ёнғинлар рўй бергани ёдимда. Ахир сиз жарроҳга операцияни қандай ўтказиш кераклигини ўргатмайсизку. У – мутахассис. Архитектурага келганда, ҳамма “ақлли”. Интернет юзага келгач, инсон юзаки билимлар эшиги очилди ва вазият янада мураккаблашди. Шу сабабли ўз ишининг устаси бўлган мутахассис обрўсини кўтариш керак.

Проект город
Шаҳар-тўғон, концептуал лойиҳа

– Жўшқин бунёдкорлик ишлари кечаётган Тошкентда алюкобонд жуда машҳур. Бу тенденцияга қандай муносабатдасиз?

– Ушбу материални асоссиз танқид қиладилар. Пардозлашда уни қўллаш орқали қисқа муддатда юқори сифатга эришиш мумкин. Бу материал заводда тайёр ҳолга келтирилади, шу сабабли унинг сифатига инсон омили таъсири истисно этилади. Қўшимча вақт талаб қилувчи ҳўл жараёнлар (штукатуркалаш, бўяш ва ҳ.к. – муаллиф изоҳи)га ҳам эҳтиёж қолмайди. Қурилишда, масалан, саноат объектларини барпо этишда тезлик – муҳим омил.

Алюкобонддан фойдаланишга яхши мисоллар бор. Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармасининг эски, жонсиз биноси алюкобонд туфайли бутунлай ўзгача кўриниш олди.

Янги материалларга ҳадеб танқидий ёндашавермаслик керак. Уларни яратиш устида олимлар, иқтисодчилар кўп меҳнат қиладилар, шундан кейингина у қурувчилар қўлига келиб тушади. Архитектура учун энг муҳими – функционаллик эканлигини ўқувчиларимга такрорлашдан толмайман. Иккинчи ўринда – ишончлилик. Шундан кейингина эстетика жиҳатини кўриш мумкин. Албатта, ёппасига қўллаш ярамайди – алюкобондни, масалан, маданият муассасалари, жамоат бинолари ва турар жойлар қуришда ишлатиб бўлмайди.

Жилой дом
Турар жой лойиҳаси

– Архитектура институти битирувчилари меҳнат фаолиятини қаерда бошлагани маъқул?

– Давлат лойиҳа ташкилотида, чунки у ерда тўғри шаклланган лойиҳалаштириш жараёнларини, норматив ҳужжатларга катта эътибор берилишини кўради, 30–40 йиллик тажрибага эга мутахассислар билан бирга бўлади.

– Ёш иқтидорли мутахассислар йирик ва муҳим лойиҳаларга қўшила олиши учун қандай йўл тутиш лозим?

– Тендерлар ва танловлар тизимини қайта тиклаш керак. Бугунги кунда буюртмачи озроқ пулга тезда натижа тақдим этишга интилувчи ёшлар ишлайдиган фирмаларни излайди. Бу баъзида ачинарли оқибатларга олиб келади.

Танлов ўтказиш унчалик қимматга тушмайди, бироқ танлаш имконияти туғилади. Кўп ҳолларда буюртмачининг ўзи нимани истаётганлигини билмайди. Унда режа бор, холос:  айтайликлик, болалар театрини қуриш. Лекин у қандай кўринишда бўлади – тасаввур ҳам қилмайди. Архитектор битта, иккита, олинг, учта вариант таклиф этади. Танловда эса, ўнлаб вариантлар ҳавола этилади. Масалан, Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси раёсати ташкил этган танловда 30 та лойиҳа қатнашганди.

Проект здания Союза Архитекторов
Ўзбекистон Архитекторлар уюшмаси биносининг лойиҳаси, танлов совриндори

– Нимадан илҳомланасиз?

– Мени бутун иш жараёни илҳомлантиради. Илк сонияларидан хаёлимда бўлажак лойиҳани чиза бошлайман. Баъзида шунчалик берилиб кетаманки, ишдан уйга қандай етиб олганимни билмай қоламан. Ўз ишимдан асло толиқмайман.

Акварелда чизаман, мой-бўёқ, графика, фотографлик қўлимдан келади, шеърлар ёзаман. Вакуумни жиним суймайди. Инсон ўзини турли соҳаларда намоён эта олиши мумкин. Ҳар куни бугун нима фойдали иш қилганинг ва Ер сайёрасида сендан қандай из қолиши ҳақидаги саволга жавоб бера олиш муҳим. Тўртликми, қайдларми, фото ёки бирор сурат бўладими – фарқи йўқ. Ҳаёт тушкунликка тушиб, аламзада бўлиш учун берилмаган. Доим ҳаракатда бўлиш керак.

Хоббига эга бўлиш керак. Агар инсон эртага кераксизга айланиши мумкин бўлган биргина ҳунарга эга бўлса, ачинарли оқибатларга олиб келади. Бир неча соҳаларда талабгир бўлиш зарур.

– Ўзбекистонлик мутахассислар қачондир Прицкер мукофотини олишларига ишонасизми?

–Бу жуда фахрли ва аҳамиятли мукофот. Менинг севимли китобим бор – “Словесные конструкции. 35 великих архитекторов мира” деб аталади. Унда келтирилган барча архитекторлар ушбу мукофотга сазовор бўлишган. Бу – тушунганлар учун архитектурадир.

Ўзбекистон архитекторлари аввалгига қараганда кўпроқ эркинликка эга бўлаётганлари кишини қувонтиради. Бу ёш мутахассисларга ўзларини янги йўналишларда синаб кўриш учун қулай заминдир. Уларга бугун ахборот макони очилган, улар янгиликларни ўрганиб, ўзлаштиришлари мумкин. Бироқ сифатли базавий билимларни эгаллашнинг аҳамияти алоҳида. Шу сабабли ҳаётимнинг бир даврида мен учун ўз лойиҳаларимни ҳаётга татбиқ этишгина эмас, балки ёш мутахассисларга таълим бериш ҳам муҳимлигини тушундим.

Ўзбекистонда истиқболли меъморлар кўп ва мен келажакда Прицкер мукофотини олишимизга ишонаман.

Материалда “САД” архитектура ва дизайн студияси лойиҳаларидан фойдаланилди.

 

Энг кўп ўқилган