“Никоҳга чақиришганди, у хатна тўйи бўлиб чиқди”: чет элликларнинг Ўзбекистон ҳақида таассуротлари

Бегонанинг сен ҳақингдаги фикрини билиш доим қизиқ туюлган. Агар у чет эллик сайёҳ бўлса-ю, ўлкамиздаги таассуротлари ҳақида очиқ айтадиган бўлса – яна ҳам қизиқарлироқ.

Travelers 01

Южения Меркулиали (талаба, Италия) ва Жорди Хурадо Миро (телекоммуникациялар муҳандиси, Испания)

Иккита “саёқ” сайёҳ – барселоналик 30 ёшли саёҳатчи-блогер ва фотограф ҳамда италиялик 23 ёшли талаба – Руминиядан бошланган катта саёҳтни деб ишдан бўшашди. Марокаш ва Туркияга сафардан сўнг улар Ўзбекистонга келишга қарор қилдилар.

– Саёҳатимиз икки йилдан бери давом этмоқда, лекин ўшангача ҳам биз тажрибали бэкпекер (мустақил, одатда кам пул сарфлаб саёҳат қилувчилар, улар одатда рюкзак (backpack) осиб юрганлари учун “бэкпекер” деб аталади) саналардик: мен 55 та мамлакатда, Южения – 40 та мамлакатда бўлган. Марказий Осиё бўйлаб уч ойдан бери сайр қиламиз: БААдан Дубай–Алмати рейсида учиб келиб, саёҳатни Қозоғистондан бошлагандик,  ундан Қирғизистонга ва Ўзбекистонга ўтдик.

Ўзбекистонга визани бир ҳафтада олдик, ҳеч қандай қийинчилик юзага келмади. 75 доллар тўладик, бу унчалик қиммат ҳам эмас. Ўзбекистонга виза бекор қилиниши ҳақида янгиликни эшитиб, шундай бўлишини кутгандик, бекор бўлиб чиқди.

Қирғиз-ўзбек чегарасини кесиб ўтиб, Фарғона водийсига кирдик. Назорат-ўтказиш пунктларида порахўрлик авж олгани ҳақида айтишганди. Лекин божхоначилар мулойим ва хушмуомала бўлишди, пул сўраганлари йўқ. Тўғри, ижикилаб сўраб-суриштиришлари бизни ҳайратга солди. Қизиқ қоида: мамлакатга олиб кирганингдан кўра кўпроқ валюта олиб чиқиш мумкин эмас экан.

Бу ерда автостоп билан саёҳат қанчалик осон эканлигини кўриб, ҳайратга тушдик, кўпчилик одамлар бизни уйларига таклиф қилишди, меҳмон қилмоқчи бўлдилар. Лекин ўзимиз учун тушунарсиз бир хусусиятни кузатдик. Одатда, мамлакат аҳолиси қанчалик меҳмондўст бўлса, машинада етиб олиш шунчалик осон бўлади. Лекин биз ғарбга қараб юрар эканмиз, одамлар ўша-ўша меҳмондўст бўлишса-да, ҳайдовчиларни кўндириш қийинлашиб бораверди. Ҳайдовчилар биздан йўл ҳақи сўрашар (“Dollar, dollar!”), текинга қандай қилиб олиб кетиш мумкинлигини тушунишмасди. Шунга қарамай, жон деб меҳмон қилишарди ва ҳатто йўлга ул-бул нарса харид қилиб беришни таклиф қилашарди.

Travelers 02

Фарғонада мени соғлиқни сақлаш бепуллиги ҳайратга солди. Тишим оғриб қолди ва ўша ерда яшовчи бир инсон мени давлат поликлиникасига олиб бориб, бу ерда бепул даволашларини айтди. Ишонмадим, кўриб бўлгандан кейин қўлимга чек тутқазишса керак деб ўйладим. Лекин ҳақиқатан текин экан: стоматолог тишимни текширди ва тавсиялар берди.

Ўзбекистонни биз бир ойда Фарғона водийси–Тошкент–Самарқанд–Шаҳрисабз–Термиз–Самарқанд–Бухоро–Хива–Урганч–Тошкент йўналиши бўйлаб кезиб чиқдик. Энг ёққани Хива билан Термиз бўлди. Хива жуда мафтункор, бошқа ерлардаги каби одам гавжум эмас – тинч, осуда. Тунда сайр қилдик, йўлда бирорта одам учрамасди. Термиз – алоҳида таърифга лойиқ, унда Ўзбекистоннинг қадимий муҳити сезилиб туради, бу шаҳар қайта таъмирланган Самарқандга қараганда асл кўринишини кўпроқ сақлаб қолган. Мен барча сайёҳларга сийқаси чиққан Буюк ипак йўли маршрутидан четланиб, камроқ шуҳрат қозонган шаҳарларни айланишни тавсия этган бўлардим.

Хивада шу ерлик аҳолидан бири мени укасининг тўйига таклиф қилди. “Wedding, wedding, my brother, wedding!”– такрорларди у. Бироқ, зиёфат асло никоҳ тўйига ўхшамасди. “Уканг қани?”– сўрадик биз. У етти–саккиз ёшли болага имо қилди. Кейин кимдир ишора билан тушунтирди: “кес-кес”. Бу хатна муносабати билан уюштирилган тўй экан (ўзбек тилида “тўй” деб ҳам никоҳ тўйини ҳам бу маросимни аташларини кейинроқ билдик). Бундай мусулмон анъаналари борлигини билмасдик. Воқеани камерага олишар, меҳмонларнинг дил сўзларини ёзиб олишарди. Менга ҳам микрофон тутқаздилар. Бироз ўнғайсизландим – никоҳда ёш келин-куёвга биргаликда узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришни тилайдилар, бу вазиятда нима тилаш мумкин?

Travelers 04

Бизни, бэкапер-сайёҳлар сифатида, ҳар куни меҳмонхона/хостелда рўйхатдан ўтиш талаби анча чеклади. Биз капаларда ёки маҳаллий аҳоли уйларида тунашга ўрганганмиз, бу қизиқарли тажриба ва камбюджетли саёҳатнинг ўзига хосликларидан биридир. Рўйхатдан ўтиш талаби ҳаракатланиш масофасини ҳам чекларди: айнан шу сабабли биз Орол денгизига бора олмадик – белгиланган муддатга етиб кела олмасдик.

Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш лозим: кўпчилик сайёҳлар Хивага атвобус қатнови ривожланмаганлиги учун бормайдилар. Бизга поезд жуда маъқул келди (тунги поездда Тошкентдан Самарқандга ва Урганчдан Тошкентга бордик): чиптаси арзон, жойлари қулай, янги чойшаб, сочиқ беришади.

Нархлар масаласида бироз хира таассурот қолдирди: қоровулга баъзида пора бериш мумкин, масалан, эрталаб соат бешда минорага киритиши учун. Лекин унга ушбу бинони қўриқлаши учун пул тўлайдилар-ку. Баъзида эса, тарихий бинога кираверишда бир одам туради ва пул тўлашни талаб қилади, кейин эса, кириш бепул эканлиги аниқланади. Булар бари ишонч даражасини туширади. Ичан Қалъадаги каби кириш учун ягона чипта ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Биз ҳар бир жойга киришга алоҳида пул тўлашни маъқул кўрган бўлардик. Умуман олганда, нархлар жуда паст, айниқса озиқ-овқат арзон.

Travelers 05

Жойлашув масканлари ичида кўпсонли оилавий меҳмонхоналар маъқул келди, у ерда яшар экансан, ўзингни оиланинг бир аъзосидек ҳис қиласан. Меҳмонхоналарда нархлар Қирғизистондагига қараганда баландроқ. Лекин хоналар яхши жиҳозланган, нима учун пул тўлаётганлигингни биласан. Қўшимчасига, ҳар доим мазали нонушта берилади. Хостелда бир тун, Европадаги каби, $8 туради.

Саёҳатларда биз жуда, жуда кам пул сарфлаймиз. Икки кишига бир суткада ўртача €4. Ҳар нарсада тежаймиз – автостопдан фойдаланамиз, хостеллар билан ҳамкорлик қиламиз (бепул жой бергани учун блогимизда улар ҳақда ёзамиз).

Ўзбекистонда биз назоратнинг кўплигидан ҳайратландик – метрода текшириш, поездга ўтиришдан олдин текшириш. Лекин кейинроқ тушунасан – сен хавфсизликдасан, сен билан ҳеч нарса рўй бермайди.

Ўзбекистондан кейин Тожикистонга йўл олдик, кейин Остонага қайтамиз ва уйга учамиз. Кейин бирор муддат “одатий” ҳаётга қайтамиз. Саёҳат қилиш бизга ёқади, лекин у инсонни анча толиқтиради.

Travelers 06

Маттиас Рогтус, аэрокосмик муҳандис (Бельгия)

23 ёшли талаба Ўзбекистон бўйлаб 2015 йилда Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Хива  йўналишида саёҳат қилди. 18 ёшидан буён автостоп ёрдамида сайр қилади, 58 та мамлакатда бўлган: Исландия соҳилларида китларни кузатган, Хитойда филларни қўлга ўргатган, Ашхободдаги энг баланд меҳмонхонанинг томига чиққан, Эрон радиосида интервью берган, Перудаги Мачу-Пикчуга бепул етиб борган, 42 минг км.ни автостоп орқали босиб ўтган ва 500 миля яёв юрган.

– Мамлакатга визани бир неча кунда олдим – танишим мени Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси билан таништирди, у жараённи тезлатишга ёрдам берди. Виза учун 30 евро тўладим, бу жуда яхши нарх.

Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш жуда арзон, лекин етиб олиш қиммат. Ҳар куни рўйхатдан ўтиш қоидаси бэкпекер ҳаракатланиши тезлигига қаттиқ таъсир кўрсатади. Бу кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳолат, бошқа бирор мамлакатда бундан талабни учратмаганман. Мен каучсерферларникида яшашни афзал биламан, лекин юқоридаги қоида туфайли айёрлик ишлатишимга тўғри келди: бир неча тунни хостелларда ўтказдим, кейин қанчадир кун рўйхатга киритиб туришлари учун пул тўладим, ўзим эса каучсерферларникида яшадим, яна Тошкент–Самарқанд поездига чипта сотиб олдим (бу эса, шу кунларда рўйхатдан ўтмаслик имконини берарди), лекин ўзим йўлни атвостоп билан кесиб ўтдим, менга шуниси қизиқроқ. Натижада, яшаган кунларимнинг ҳаммаси учун ҳам рўйхат белгиси бўлмади, лекин Туркманистон чегарасидан ўтишимда ҳеч ким талонларимни текшириб кўргани йўқ. Балки омадим келиб қолгандир.

12119099_10208114736374048_2962585952741781222_n

Умумий ҳисобда, саёҳат давомида $100га яқин пул сарфладим. Озиқ-овқатлар жуда арзон. Шаҳарларда асосан яёв юрдим, баъзида автобусга чиқдим. Эсда қолган хотиралардан: Чорвоқ бўйида баҳайбат қозонда Бельгия фрисини тайёрладим, Самарқанддаги минора тепасида тонг отишини кузатдим, Хивага кетаётганимда, Газлида бир оқкўнгил аёл тунаш учун бутун бошли уйни тақдим қилди.

Мамлакат бўйлаб назорат-ўтказиш пунктлари жуда кўп. Баъзида ЙПХ ходимларига ҳайдовчилар пора беришларига тўғри келди. Бу мамлакатга ишонч даражасини туширади ва минтақани хавфсираб четлаб ўтишга сабаб бўлади (лекин саёҳатим давомида бирорта ҳам нохуш ҳодиса рўй бермади).

Туризм соҳасида Қирғизистон яхши чоралар кўрган: Туркия орқали арзон ҳаво рейси, визасиз режим. Булар бари янги сайёҳлар келишига сабаб бўлади ва мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни анча осонлаштиради.

Travelers 10

Диего Харо, юрист (Испания)

– Ўзбекистон бўйлаб Тошкент–Хива–Бухоро–Самарқанд–Тошкент йўналиши бўйича бир ҳафта сайр қилдим.

Тезкор виза олишга ариза топширдим, бир ҳафтада қўлимга тегди. Афсуски, анкетани тўлдириш бўйича талаблар ҳақида инглиз тилида ахборот топиш анча қийин.

Хостелда яшадим, нархлар худди Европадагидек – $10. Шароити ва хизмат кўрсатиш – ўртача. Ғарбий Европадагига қараганда товарлар, озиқ-овқат нархлари ва йўл кира анча арзон. Сайёҳлик хизматлари ва товарлар қимматроқ. Умуман олганда, сафарим давомида мен $200–300 сарфладим.

Оқкўнгил ва меҳмондўст халқ менга жуда ёқди. Тарихий жойларга бой Самарқанд ҳайратга солди. Салбий томонлари: сотувчилар, сайёҳларга кўзи тушиши билан, илакишиб олади. Таксичилар, кўчада савдо қилувчилар, баъзи хостеллар ишчилари сени лақиллатишмоқчи бўлаётгандек ҳиссиёт уйғонади. Бундай одамлар барча мамлакатларда бор, лекин Ўзбекистонда кўпроқ (лекин, мен учратганим ажойиб одамларга нисбатан кам).

Яна бир минус: сайёҳлик масканларидан ташқарида Wi-Fiга уланиш нуқталари йўқ.

Хавфсизлик даражаси юқори. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларини ҳар қадамда учратиш мумкин, кўпинча улар мен билан хушмуомала бўлдилар.

Фикримча, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун инглиз тилида, жумладан, транспорт ва мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш усуллари тўғрисида кўпроқ ахборот бериш, Ўзбекистонга авиарейслар нархини тушириш ва визани расмийлаштириш таомилини соддалаштириш (ёки бекор қилиш) керак.

Микаэль Панайоту

Микаэль Панайоту, дастурчи (Франция)

– Ўзбекистонга ўтган йилнинг сентябрида – салқин паллада амалга оширдим. Визани 10 кунда олдим, ўша пайтда нархи €70 турарди. Тошкент–Самарқанд–Шаҳрисабз–Тошкент йўналиши бўйлаб сайр қилдим. Тошкентда Чорсу бозори ва ҳунармандлар қатори, князь Романов саройи ва Рим-католик черкови ёқди. Тошкент ҳайвонот боғида бўлдим. Катта ҳудуд, кўкаламзорлашган майдон, ноёб ҳайвонлар мавжуд. Тошкентда чиройли, хавфсиз ва тоза метро бор. Минуслардан метро бекатларида суратга олиш тақиқланганлигини (ҳолбуки тақиқловчи белгилар йўқ) келтиришим мумкин.

Мамлакатда ҳалигача эълон қилинмаган комендант соат мавжуд. Меҳмонхонага 22:00гача қайтишинг керак, ҳар куни рўйхатга олинганлик ҳақида талон берилади. Айтишларича, бу талонни аэропортда кўрсатиш керак бўлади, лекин мен бундай ҳолатга дуч келмадим.

Ўзбекистонда нархлар ўртача. Халқи жуда дўстона ва хушмуомала, доим ёрдам беришга тайёр. Таомлари ажойиб. Менимча, дунёдаги энг мазали таомлар. Афсуски, банкоматлар жуда кам. Самарқандда деярли йўқ.

Андрей Миронь

Андрей Миронь, учувчи (Латвия)

– Охирги сафарим (90- йилларда хизмат сафари билан тез-тез келардим)дан бери Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгарибди. Марказий туманлар кенгроқ тус олибди, кўплаб замонавий бинолар қурилибди. Метро ўша-ўша шинам, тоза ва гўзал бўлиб қолганлиги қувонтирди.

Тошкент аэропорти жуда ёмон таассурот қолдирди.Чет эл фуқаролари учун паспорт назоратида фақат иккита дарча ишларкан. Аксарият йўловчилар айнан сайёҳлар бўлиб, узун навбатга тизилишади. Кичкинагина юк тасмаси кўплаб чемоданлар ва сумаларни сиғдира олмай, улар полга ағдарилиб тушади.

Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасига қўндим. Ажойиб меҳмонхона, сифатли сервис, эътиборли персонал, жойлашуви ҳам қулай.

Шаҳар бўйлаб кезиб, қизиқарли хусусиятни пайқадим: шаҳардаги қарийб барча автомобиллар оқ ранг ва маҳаллий автосаноатники. Ҳамма бир хил машинада юрган СССРга тушиб қолгандек бўлдим.

 

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган