Эгаси бехабар, мусодара қилинган хонадонлар. Бунинг олдини олиш мумкинми?

Kommersant.uz таҳририятига ўзлари бехабар ҳолда, хонадонлари давлат фойдасига мусодара қилинган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилдилар. Биз қонунчиликдаги қандай тушунмовчилик туфайли бундай ҳол рўй бергани ва бу каби вазиятга тушиб қолмаслик учун қандай йўл тутиш лозимлигини ўрганиб чиқдик.

ponzi-3

Мурожаатчилар учун Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмаси “Консалтинг ва медиация” бўлими консультация ўтказди. Бу учрашув халқ билан очиқ мулоқот доирасида ўтказилди. Уни Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмаси қошидаги судья Азамат Хатамов олиб борди.

Консультацияга ЎзР ЖК 131- моддаси (“Қўшмачилик ёки фоҳишахона сақлаш”) бўйича кўчмас мулклари мусодара этилган беш нафар фуқаро келди. Ҳар бир ҳолатда турар жойлар жиноят қуроли сифатида кўрилган. Уй эгаларининг ҳеч бири жиноий ишда қатнашаётганлиги ва суд тақиқига тушганлиги ҳақида огоҳ этилмаган. Консультацияга келганлар – шу тариқа хонадонидан маҳрум бўлганларнинг бир қисми, холос.

“Фоҳишахона сақлаганлик” учун хонадон мусодараси – ўнлаб воқеалар

Буни бошидан ўтказганлардан бири – Владимир Арьков ҳикоя қилади:

“2015 йил ёзида Б. Абралов исмли шахсга хонадонни ижарага бергандик, у бизга қариндош ҳам, таниш ҳам эмасди – эълон орқали келганди. 2015 йил августда у калитларни топширди ва буёғига бизда ижарага турмаслигини айтди, шундан кейин уни бошқа кўрмадик.

Бошқа ижарачиларни топдик, йил охирига қадар хонадонни уларга бердик. 2016 йил январда янги ижарачилар билан ижара шартномасини туздик. 2016 йил апрелида рафиқам Техник инвентаризация бюросига, хонадонга суд тақиқи қўйилмаганлиги ҳақида маълумотнома олгани борди. У ерда эса, тақиқ борлигини айтишган. Ўша куниёқ судда унга қарорни тутқазишган – 2015 йил Абралов хонадонимизда бузуқлик макони уюштирган ва хонадон ҳокимият фойдасига ўтказилган экан.

Адвокат ёлладик, лекин бу фойда бермади. Судма-суд қатнайвериб, ўзимиз кабилар билан танишдик, биргаликда ҳаракат қилишга келишдик. Барча жойларга хат йўлладик, ҳамма ердан рад жавобини олдик.

Жорий йил апрель ойида мени Яккасарой туман ИИБга чақириб, ҳокимнинг қарорини кўрсатишди – унда энди бизнинг хонадонимизда ҳокимият ходими яшаши ёзилганди. Мен эса, қандайдир қоғозга қўл қўйиб, калитларни топширишим кераклигини, йўқса қулфни бузишларига тўғри келишини айтдилар”.

2015 йил августда Яккасарой туман суди Б.Абраловни бузуқлик макони ташкил қилгани учун маъмурий жаримага тортган. Унда жиноят содир этилган хонадоннинг мусодара қилиниши ҳақида гап йўқ эди. 2015 йил декабрда, прокурорнинг протестидан кейин, шаҳар суди мусодара ҳақида қарор чиқарган. Иккала суд ҳам хонадон эгасининг иштирокисиз ўтган, уй-жой соҳиби бирор хабарнома олмаган. Суд қарорларида хонадон эгасининг фамилияси келтирилмаган.

отжим квартир

Консультацияда кўриб чиқилган бошқа ҳолатлар ҳам шунга ўхшаш. Жисмоний шахс томонидан ижарага олинган хонадонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари бузуқлик маконини аниқлаганлар. Жиноий суд қонунбузарга ЎзР ЖК 131- моддасига кўра жарима белгилайди. Бир неча ойдан кейин, прокурорнинг протести билан жиноий иш апелляция судида кўрилади ва хонадон, эгасининг хабарисиз, жиноят қуроли сифатида олиб қўйилади. Бир ҳолатда кўчмас мулк эгасининг ўзи уйи ижарага берилгандан ҳам бехабар бўлган – у чет элдалигида отаси уйга яшаш учун бегоналарни киритган.

“Нега жиноятчи жарима билан қутулиб қолади-ю, содир этилган жиноятга мутлақо алоқаси йўқ, ҳатто жиноий ишда исми ҳам келтирилмаган уй эгаси уй-жойидан маҳрум бўлади?”– савол беришади хонадони мусодара этилганлар.

Пенсионерлар ҳам қонун олдида баробар

Суҳбат қатнашчиларидан бири – Шуҳрат Собиров ўз воқеасини сўзлаб берди:

“Уйимизни танишимизга – милиция ходимига оиласи билан яшаш учун бир ойга бергандик. Шундан кейин у шошилинч кўчиб кетди, уй калитларини ўз ҳайдовчисидан бердириб юборди. Тўққиз ойдан кейин хонадон жиноят – бузуқлик макони сақлаш қуроли сифатида мусодара қилинганлигини билиб қолдик. Суд жараёнлари кетаётгани ҳақида бизга ҳеч ким хабар бермади. Судларга мурожаатларимиз натижасиз қолди. Жиноятда айбланаётган шахсни ҳеч кўрмаганмиз ва билмаймиз ҳам. У хонадонимизга қандай келиб қолган – бу ҳам қоронғу”.

Уй мусодараси бузуқлик макони қуроли сифатида амалга оширилган бўлса-да, жиноий ишда ҳеч ким пул учун шаҳвоний хизмат кўрсатган шахс сифатида кўрилмаган.

Ҳолбуки, ЎзР ЖПК 479- моддасида кассация инстанциясига протест киритилгани ҳақида ушбу жараён манфаатларига дахл қилувчи барча шахслар хабардор қилинишлари лозимлиги айтилади.

Хабар берилмагани сабабли, биз қонуний ҳимоя ва, умуман, бу ишда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлдик. Бу уй онамга, 72 ёшли пенсионерга тегишли эди”.

3

Тадбиркорлар қутулиб қоладими?

Бу тарзда мол-мулкдан маҳрум бўлганлар орасида фақат жисмоний шахслар эмас, балки юридик шахслар – қонунга риоя этиб юрган тадбиркорлар бор. Нотурар жой фондига ўтказилган мулки 131- моддага кўра мусодара этилган Акмал Шамшиев ҳикоя қилади:

“Иккита офисни ташкилотларга ижарага берардим: ўқув марказига, сайёҳлик фирмасига ва адвокатлик идорасига. Солиқларни доим ўз вақтида тўлардим. 2016 йилдаёқ хонадонларни эгасиз деб расмийлаштириб, ҳокимият балансига ўтказилган экан. У ерда бузуқлик хонаси топиб, 131- моддага кўра жиноят қуроли сифатида мусодара этишган. Менга эса ҳеч ким мууожаат қилмаган, хабардор этмаган. Бу ҳақда мен яқинда, калитни олгани олдимга келишганда билиб қолдим.

Ҳолбуки, 2017 йил бошида мен Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бошқармасида хонадонлар менга тегишли эканлиги ҳақида маълумотнома олганман. Буни суд ижрочиларига ва участка нозирига айтсам – бу гапим ҳеч нарса турмаслигини, асосийси – суд қарори борлигини билдиришди. Давлат фойдасига мусодара қилиш шаҳар прокурори протести бўйича амалга оширилган. Ўша куни 15 та шундай иш кўрилган бўлиб, бир неча дақиқа ичида мусодара қилишга қарор чиқарилган”.

quotes_miniЖиноий қонунчиликка кўра, асосий қонунбузарнинг мавжудлиги ҳукм чиқариш учун етарли саналади. Қўлга олинган шахснинг кўргазмалари суд учун етарли асос бўлади. 

Бу ҳолатлар нега рўй беради ва вазиятни тўғрилаш мумкинми?

Ҳакамлик судлари уюшмасидаги учрашувда қатор саволлар муҳокама этилди. Уларга малакали юристлар берган жавоблар шу каби ҳолатларга тушган инсонларга ва, мана шундай вазиятга тушишни истамаган барчага фойда беради, деб ўйлаймиз.

– Бундай вазиятга тушиб, уй-жойидан маҳрум бўлган инсон нима қилиши лозим?

– ЎзР Олий суди пленумининг 1993 йил 16 апрелдаги “Судлар томонидан мол-мулкни тақиқдан чиқариш (хатловдан чиқариш) тўғрисидаги ишлар кўрилишида қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хусусий мулк эгаси кўчмас мулкни жиноий иш хатловидан (ашёвий далил ёки жиноят қуроли сифатида) чиқариш тўғрисидаги даъво билан яшаш манзили бўйича фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Иш кўриб чиқилгач, эгалик ҳуқуқини ўзига қайтариб олиш мумкин. Бунинг учун асос бўлиши лозим – тил бириктириш бўлмаганлигини, бу иш бўйича мулк эгаси жиноятга алоқадор эмаслиги ва фақат ижарага берувчи бўлганлигини исботлаш керак.

Буни қандай исботлаш мумкин? Тергов бўлиши керак. Имкон қадар кўпроқ ашёвий далилларни, кўргазмаларни йиғиш лозим – фуқаролик суди уларнинг барини ҳисобга олади. Уч турдаги далилларни келтириш мумкин: ҳужжатлар (ижара шартномаси), эксперт хулосаси, гувоҳлик кўргазмалари (қўшниларнинг хонадон эгаси интизомли шахс эканлиги ҳақидаги кўргазмалари, маҳалладан ижобий тавсифнома). Уй эгаси воқеа рўй берган пайтда чет элда яшаган бўлса, бу ҳам унинг фойдасига иш беради.

Бундай соҳада даъво муддати белгиланмаган, уни истаган пайтда тақдим этиш мумкин, лекин мол-мулкни ҳокимият балансига ўтказишлари билан дарҳол амалга оширган маъқул. Мусодара қилинган хонадонларни кам таъминланган оилалар, ҳарбийлар, участка нозирларига берадилар.

– Уйни эгаси бехабар олиб қўйиш қонунан тўғрими?

– Жиноий қонунчиликка кўра, асосий қонунбузарнинг мавжудлиги ҳукм чиқариш учун етарли саналади. Қўлга олинган шахснинг кўргазмалари суд учун етарли асос бўлади. Фуқаролик судида эса, судда барча томонлар қатнашиши мажбурий, барчани тинглашади: хонадон эгасини ҳам, қонунбузарни ҳам, гувоҳларни ҳам.

Чет элларда, жумладан АҚШда, кўчмас мулк тўғрисидаги қонунчилик анчайин ривожланган. У ерда Real Estate Law – кўчмас мулкка оид масалаларни тартибга солувчи алоҳида қонунлар бор. Бу биздаги кадастр эмас. Бизда мулкка эгалик ҳуқуқини ҳимоя қилиш етарлича шаклланмаган. Апелляция ва кассация судларини бир-биридан ажратсак, тизим яхшироқ ишлаган ва бундай ҳолатлар такрорланмаган бўларди.

– Бундай ҳолатларга тушмасликнинг йўли борми?

– Умуман олганда, ҳар қандай инсон бу ҳолатга тушиши ва мулкидан маҳрум бўлиши мумкин. Тўғри, бу адолатга зид кўринар, лекин тўғри тушунишимиз керак – давлатимиз эндигина 25 ёшга тўлди, қонунчилик тизимининг тикланиши ва такомиллашуви вақт талаб қилади.

Ҳозирда, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлаштиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида, фуқаролар хусусий мулкка ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Ҳужжат муайян мулкнинг жиноят қуроли ёки жиноий ва маъмурий қонунбузарлик ашёси сифатида ишлатилганида мулк эгасининг айби мавжуд бўлмаган ҳолатларда мол-муклни мусодара қилиш ва олиб қўйиш (вақтинчалик олиб қўйиш бундан мустасно)ни тақиқлашни кўзда тутади. Қонун лойиҳаси июнда Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилиши лозим эди. Ўзгартиш кучга киришига умид қиламиз.

Хулоса

Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма, дейди халқимиз. Юқоридаги ҳолатлар уй-жой – бу фақат мулк, даромад манбаи эмас, балки масъулият ҳам эканлигини кўрсатмоқда. Танишми, нотанишми – бировни ижарага қўйсак ҳам, доимий назоратда тутишимиз ўзимиз учун фойдали экан. Зеро, қонун ҳамма учун баробар, адолат тимсоли – Фемиданинг эса, биламизки, кўзлари боғлиқ.

Маълумотнома:

Ўзбекистон ҳакамлик судлари уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2009 йил 5 майда рўйхатдан ўтган (рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси № 703).

Уюшма фаолиятининг асосий йўналишлари:

– қисқа муддатларда даъво аризаларини кўриб чиқиш имконияти;

– асосий мақсад – томонларни яраштириш ва улар ўртасидаги ҳамкорликни сақлаб қолиш;

– ҳал этиш жараёнининг махфийлиги қонун билан кафолатланган;

– суд муҳокамалари прокурор иштирокисиз ўтади;

– томонлар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмайди;

– суд қарори у қабул қилинган пайтдан кучга киради;

– амалдаги ваколатли суд ҳакамлик суди қабул қилган қарорни қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга эмас;

– амалдаги ваколатли судларга нисбатан, ҳакамлик судларида суд харажатлари 50%га кам;

– ҳакамлик судлари қарорларининг мажбурий ижроси қонун билан кафолатланган.

Ўзбекистонда ҳакамлик судларини ривожлантириш ва ҳуқуқий ҳимоялаш билан уюшма шуғулланади. Ўз ваколати доирасида уюшма Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштиришда, процессуал қонунчиликни либераллаштиришда ҳам қатнашади, бунинг учун 2010 йил 19 июлда уюшма қошида илмий кенгаш ташкил этилди.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган