Paynet ва Wing тажрибаси: лойиҳалар асосчилари иш бошлаш ва халқаро бозорга чиқиш ҳақида сўзлайдилар

28 октябрда Startup-ташаббуслар лойиҳасининг навбатдаги учрашуви ўтказилди. Бу гал нетворкинг марказида Paynet асосчиси Ботир Орифжонов ва Wing стартапи раҳбари Музаффар Қорабоев бўлди. Улар маҳаллий ва хорижий бозорда муваффақиятли лойиҳаларни ишга тушириш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар ва бошловчи стартапчиларга маслаҳатлар бердилар.

Карабаев арифджанов

Paynet муваффақиятининг тарихи

Уяли алоқа учун карточка орқали тўлаш имконияти туғилганда олиб-сотарларга жон кирди: уларда минг сўмли карточкалар 1100 ва ундан қиммат турарди. Ботир Орифжонов учун ҳам бу бош оғриқ бўлди. “Нега тўлов устига қўшимча тўлашим керак?”- савол берарди у.

Кўпчилик бу ҳолга кўникди ҳам. Аммо Ботир бўш келмади. Муаммони кўраркан, унинг даромадли ечимини топишни ўйлади – тўловни рақамли шаклга ўтказишни дилига тугди.

Бошида иш қийин кечди: кундузлари Ботир Орифжонов давлат ишида ишлар, кейин янги лойиҳа концепцияси устида тунни тонгга уларди. Камтарона бюджетга таяниб, олдинга катта қадам ташлаш иложсиз эди.

– Биринчи босқичда биз $350 минг тикдик. Ўша пайтларда бу фантастик сумма саналарди. Бундай катта маблағни стартапга тикиш учун анчайин таваккалчи бўлиш керак эди. Бунга қандай эришгансиз, деб кўп сўрашади. Кишининг бир ўзи ҳеч нарса қила олмайди. Агар сиз ўзингизнинг кучли томонингизни билсангиз, заиф жиҳатларингизни ёпиб кетадиган шерик топинг. Оғир пайтларда тушкунликка тушиш, қўл силташ мутлақо тўғри келмайди – бу бизнесмен учун нолойиқ иш. Аксинча, ҳар бир хато керакли хулосалар учун асос бўлиши лозим, шунда инвестициялар бекорга кетмайди.

photo_2017-10-30_13-32-09

Маслаҳатлар ва намуналар

– Ҳар бир уддабурон молиячига худди шундай оқил дастурчи керак бўлади. Дастурчиларнинг энг катта хатолари эса, ҳамма ишни ўзим уддалай оламан, деб ўйлашларидир.

– Бозорга чиқишдан олдин маҳсулотни тайёр ҳолга келтиришга уриниш – беҳуда иш. Бозорда идеал тайёр маҳсулот бўлмайди. Албатта қандайдир нуқсони бўлади. Ягона тўғри йўл – бозорга чиқаришдан олдин маҳулотни синовдан ўтказиш. Идеал тўғри маҳсулотга эришишга интилиш эса, сизнинг синишингиз билан якун топиши мумкин.

– Кўпроқ истеъмолчиларни қамраб олиш учун бозор талабларига таяниш зарур: арзон, сифатли, тезкор. Бозоримизда имкониятлар кўп, дегани у ташқи дунёдан узилиб қолган, дегани эмас. Қаерда бўлманг, бутун дунёга қарши рақобатга киришасиз. Шу сабабли бошқалардан андоза олманг, ҳаммадан яхшироқ ишлашга ҳаракат қилинг. Потенциал истеъмолчингизнинг талабларини аниқланг, маҳсулотингизни синаб кўришга беринг – бу ажойиб намойиш-тақдимот бўлади, уни бошқалар ҳам пайқамай қолмайди.

– Ўзбек бозорининг афзаллиги шундаки, у шаклланиш босқичида турибди, бу ерда ҳамма нарса янги. Шу билан бирга, бизда ҳануз асос бўлувчи ечимлар йўқ. Веб-ечимлар ва иловалар билан шуғулланувчи бир дунё дастурчиларимиз бор, лекин кодлашнинг математик асосларини чуқур тушунадиган ва логарифмик кетма-кетликлар қура оладиганлар бармоқ билан саналарли.

photo_2017-10-30_19-34-18

– Бу ерда туриб, бошқа бозор учун ниманидир амалга ошириш жуда мураккаб. Биз БАА, Миср, Россия ва бошқа кўплаб мамлакатлар учун лойиҳалар қилдик. Ўша мамлакатларга бориб, ярим йил-бир йил яшадик: уларнинг маданияти ва тилини ўргандик, муомалага киришдик. Миср бозорига кирмоқчи бўлганимизда, нафақат тилини, балки маданиятини ҳам тушунмасдик. Бизга ойдан тушгандек муносабатда бўлишди. Биринчидан, улар ўзбеклар кимлигини билишмасди, иккинчидан, ўзбеклар уларга IT-ечимлар сотмоқчи эканлигини тасаввур ҳам қила олишмасди. Шунда биз Сингапурда компания очишга ва ўзимизни сингапурлик дея тақдим этишга аҳд қилдик. Қолаверса, уларнинг маданиятига сингишга тўғри келди. Ҳатто уларнинг миллий таомлари – жамият олий табақалари менсимайдиган кушари (қовурилган пиёзли майда макарон) тановул қилдик. Музокаралар давомида бизни ўзлари ҳақида ҳеч нарса билмайдиганга чиқаришмоқчи бўлишса, “Нималар деяпсиз, кунда кушари еб юрган одаммиз”,– дердик. Мана шундай лаҳзалар ўзаро муносбатлар ўрнатиш ва суҳбатни янги босқичда бошлаш имконини беради.

Wing, Amazon ва 15 нафар ўзбек дастурчиси

Аввалроқ Amazon ва унинг дубайлик аналоги – Souq.com ўзбекистонлик Музаффар Қорабоев асос солган Wing.ae стартапини сотиб олгани ҳақида хабар бергандик. Етказиб бериш сервиси турли савдо онлайн-майдонлари учун инновациявий мобил ва веб-ечимлар таклиф этади. Forbes талқинига кўра, 2016 йилда лойиҳа Дубайдаги топ-50 стартаплар сирасига кирган.

Wing стартапининг муваффақияти “Керакли вақтда керакли жойда бўлиш” қоидасининг ёрқин исботидир. Музаффар Қорабоев Le Bazar лойиҳаси устида ишлашни якунлагач, унга такси буюртириш учун илова яратиш таклифи тушди. Дастлаб у бу таклифни бошқаларга бериб юбормоқчи бўлганди. Аммо кейин ғояни чуқурроқ ўрганишга қарор қилди. БАА бозорида учта йирик ва бир қанча кичикроқ хизмат кўрсатувчилар бор эди. Яна битта иштирокчи сифатида бозорга кириш вақт ва пулнинг бекорга сарфланишига олиб келарди. Бозорни таҳлил қилгач, жамоа шундай хулосага келди: БААда логистика яхши йўлга қўйилган, лекин IT-ечим етишмайди. Уч-тўрт ойдан кейин Wingнинг биринчи талқини тайёр бўлди, уни дарҳол App Storeга юкладилар. Шу билан иш тўхтади: вақт ҳам йўқ эди, бундан буёғига нима қилишни жамоанинг ўзи ҳам билмасди. Ҳатто уни ишлатадиган компаниянинг ўзи йўқ эди. Шу пайт минтақадаги энг йирик э-тижорат хизмат кўрсатувчи – Souq лойиҳага қизиқиш билдириб қолди. Бу компанияда электрон савдо учун экотизим йўлга қўйилган бўлса-да, уларни Wing нималарга қодир эканлиги қизиқтириб қолди.

photo_2017-10-30_19-34-20

“Биргина сервис билан эмас, бошқалар билан ҳам ишлай оладиган тўлақонли илова ёзиб тугаллаш учун бизга тўрт ой давомида узлуксиз молиялаштириш керак эди. Биз иловада БААдаги барча курьерлик компанияларини бирлаштиришни истардик”,– дейди Музаффар.

Souq учун бу стратегик йўналиш эди, шу сабабли улар фақат акцияларнинг 51%ли назорат пакетига кўндилар. “Рози бўлдик, инвестиция киритилди, биз ишни бошладик. Роппа-роса ярим йилдан кейин Souq компанияси Amazon билан ўз акциялар пакетини сотиш бўйича музокараларга киришди. Amazon уни сотиб олди. Шу тариқа, биз Amazon инвестициялайдиган компанияга айландик”.

Amazon қўйган шартларга кўра, компания унга бор акцияларини сотиши ва Wing фақат уларга ишлаши керак эди. Шу тариқа, илова устида ишлаётган 15 нафар ўзбек дастурчилари автоматик равишда Amazon ходимларига айландилар.

Маслаҳатлар ва  намуналар

– Агар ресурсларингиз йўқ ёки кам бўлса, маҳсулотнинг ноёблигига таянинг.

– Янги бозорга чиқиш учун ўша минтақага кўчиб ўтиш ва яшаб кўриш керак. Турли мамлакатларда одамлар турлича фикрлайдилар. Кимгадир бир оғиз таклиф етарли, у рози бўлади, кимларгадир ўн қайта қатнашга тўғри келади. Масофадан туриб нимадир қилиш иложсиз. Янги иш бошлаётганлар бошқа мамлакатда ишончли инсонларни топганлари маъқул. Агар бундайлар топилмаса ҳам хафа бўлмаслик керак. Уч-беш йил ичида янги танишлар орттирилади, 50 нафар танишдан тўрт-бештаси наф келтиради.

photo_2017-10-30_13-32-28

– Ҳар ишда меъёрни билиш керак. Бир вақтда бир нечта лойиҳага қўл урилса, иш жуда секин кечади. Менда тўртта стартап бор, уларнинг ҳар бирига тўрт-беш йил вақтим кетган.

– Бирор стартапни бошлашдан олдин муваффақиятли стартаплар асосчилари билан маслаҳатлашиш керак.

– Дастурлаш соҳасидаги лойиҳалар катта истиқболга эга. Бу иш билан шуғулланар экансиз, демак бир неча йил олдиндасиз. 10 йилдан кейин дастурчилик фаолияти трендда бўлади.

– Тижорат оламида кўплаб “ҳазм қилиб бўлмайдиган” омиллар мавжуд. Кўпинча қиёслаб қолишади: “Мен кўп ишлайман, у эса кам”. Бу табиий ҳолат – кимдадир яхши ғоя бўлиб, унинг устида ишлайди, бошқалар эса, уни амалиётга татбиқ этади.

– Ўзингиз бор куч ва вақтингизни бағишлашга тайёр бўлган, сизни ёнишга мажбур қиладиган лойиҳа устида ишлаш керак.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган