Самарқандда қуёш электр станцияси: лойиҳа ижросини ким ортга сурмоқда?

Қарийб бир йил олдин “Ўзбекэнерго” ДАК Хитойнинг “Zhuhai Singyes Green Building Technology Co., Ltd” компанияси тендерда ютиб чиққани ва Самарқанд вилоятида қуёш электр станциясини бунёд этажагини, қиймати $233 млн бўлган ушбу лойиҳани амалга оширишга Осиё тараққиёт банки кредити жалб этилишини билдирганди. Хитойлик шериклар бир йилдан буён Ўзбекистонда, лекин улар билан шартнома ҳануз имзоланмаган, қурилиш бошланмаган. Сабаб нимада?

 

узбекэнерго

Бир кун, Ер орбитасидан тунда олинган фотосуратларни томоша қила туриб, Тошкентдан жануброқ ва ғарброқда жойлашган катта майдонлар қоронғулик қаърида қолганлигини кўрдим. Самарқанд, Қарши ёки Нукусни кўриш амримаҳол эди. Агар фотосуратда Марказий Осиё эканлигини билмаганимда, бу бир чеккасида ёлғиз шаҳар қад ростлаган қандайдир кимсасиз саҳро деган хаёлга борган бўлардим (шимолроқда Қозоғистон шаҳарлари ёришиб турарди). Хорижга экспорт қилинаётган электр энергиясининг ички бозорда етишмаслиги – бу XXI асрда мамлакатимиз аҳолиси кундалик ҳаётида тўқнаш келаётган воқеликдир. Кейинги йилларда бу муаммонинг ечими йўқ, деган тасаввур тобора мустаҳкам илдиз отмоқда. Совет Иттифоқидан қолган тизим эскирди, замонавий технологиялар эса, бамисоли бизни четлаб ўтгандек. Энергетика тармоғининг барча соҳаларида авж олган коррупция туфайли вазият янада чуқурлашган.

Бироқ, 2014 йил октябрда, Президент фармонига мувофиқ, Самарқандда қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бўйича халқаро тендер эълон қилинганда, ва ниҳоят Ўзбекистон энергетик модернизация йўлига қадам ташлагандек кўринганди.

Қуввати 100 МВт бўлган Самарқанд станциясини 2016 йил иккинчи ярмида фойдаланишга топшириш режалаштирилганди. Тендер эълон қилинганига уч йил, “Ўзбекэнерго” ДАК ва Осиё тараққиёт банки ўртасида лойиҳани амалга ошириш учун кредит ажратиш бўйича келишув имзоланганига тўрт йил бўлди. Қиймати $233,1 млн бўлган лойиҳа ОТБ ($110 млн), Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт фонди ($110 млн) ва “Ўзбекэнерго” ($13,1 млн) маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Қурилиш ҳануз бошлангани йўқ.

2016 йил июлда вилоят Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси инспекцияси бошлиғи Тўрахон Ҳошимов қурилиш учун жой тайёрлаб қўйилганлигини маълум қилганди: ҳудудга олиб борувчи йўллар тартибга солинган, ҳудуд атрофи панжаралар билан тўсилган, артезиан қудуқлари тайёрланган, ўз эҳтиёжлари учун трансформаторлар ўрнатилган. Бунинг учун 4 млрд. сўм сарфланди. Ҳудуд мана шундай кўринишда эди:

Самарканд СФЭС
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши учун ажратилган ҳудуд. 2016 йил. Фото: nuz.uz

Ўшанда, қурилиш бўйича тендер ғолиби аниқлангандан кейин, модуллар ўрнатилиши 2016 йил 1 сентябрда бошланиши айтилганди.

Тендер ғолибини эса, фақат 2016 йил декабрида эълон қилдилар – у Хитойнинг “Zhuhai Singyes Green Building Technology Co., Ltd” компанияси бўлди. Қарийб бир ой ўтди, лекин лойиҳа жойидан жилгани йўқ. Сабаби нимада?

Тендер қандай ўтганди

“Ўзбекэнерго”даги суҳбатдошим айтишича, тендерда турли мамлакатлардан 19 та компания қатнашган. Бироқ, саралашнинг биринчи босқичидаёқ кўпроқ тажрибага ва ишлаб чиқариш ҳажмига эга бўлган Хитой компаниялари асосий даъвогар эканлиги кўриниб қолди. Бундан ташқари, хитойликлар энг паст нарх ва мақбул муддатни таклиф қилардилар. Натижада даъвогарлар қисқа рўйхатида бешта иштирокчи қолди.

Шунда дастлабки тўсиқлар ва ишни чўзишлар пайдо бўла бошлади. Ўзбекистон томони иккита кореялик компания – “Daewoo” ва “KT Corporation”ни иштирокчилар рўйхатига киритишни талаб қилди. Бу ҳол рақобат даражасини ошириши, пировардида, иштирокчилар тақдим этаётган лойиҳалар сифатига ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланди. Аслида иккала корейс компанияси аввалроқ, асосий талаблар (хусусан, ижрочи-компания шундай кўламдаги қуёш станцияси қуриш тажрибасига эга бўлиши кераклиги)га жавоб бера олмай, саралашдан ўта олмаганди. ОТБ бунга кўнди ва даъвогарлар рўйхатини кенгайтиришга рози бўлди.

2015 йил ўрталарида энг яхши лойиҳани, ҳар қалай, Хитой компанияси – “Zhuhai Singyes Green Building Technology Co., Ltd” тақдим этгани маълум бўлди.

Ўзбекистон томони, Германиянинг “C2Energy” компаниясидан олинган хатларга таяниб, такрорий тендер ўтказишни таклиф қилди. Хатларда тендер ҳам, унинг ғолиби ҳам халқаро стандартларга мувофиқ келмаслиги ҳақида айтиларди. ОТБ “Ўзбекэнерго”га йўллаган хатида такрорий тендер ўтказиш учун объектив сабаблар йўқлигини ва жаҳон тажрибасида фақат форс-мажор ҳолатлардагина бундай чоралар қўлланилишини қайд этади.

Шундай бўлса-да, банк ғолибнинг ҳам тендер, ҳам замон талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун малака комиссиясини ташкил этишни таклиф қилди. Малака аттестациясини ўтказиш учун Буюк Британиянинг OST Energy компанияси чақирилди. Британияликлар Хитойда бўлиб, даъвогар амалга оширган қатор объектларда бўлдилар, уларнинг ишлаб чиқариш қуввати ва хизмат сифати билан танишдилар. Яна бир бор лойиҳа қийматини баҳолаш ўтказилди. Текширув натижаларига кўра хитойлик иштирокчига ҳеч қандай даъволар билдирилгани йўқ – лойиҳа талабларга тўлиқ жавоб берарди.

Хитойлик пудратчилар билан контракт 2016 йил декабридагина, “Ўзбекэнерго”даги суҳбатдош сўзларига кўра, Президент ва ОТБ босими остида имзоланди. Тендер якунлари ҳақида ҳам ўшанда эълон қилинди.

Хитойлик шериклар дарҳол бир гуруҳ муҳандислар ва геологларни бўлажак станция ҳудудига жўнатдилар, Тошкентда эса, компанияни рўйхатдан ўтказдилар ва шаҳар марказидан офисни ижарага олдилар. Бундан ташқари, лойиҳага қуёш панелларининг янгиланган вариантини киритдилар, зеро лойиҳа тасиқдлангунича, олдинги панеллар эскиришга улгурганди. Бунинг учун қўшимча ҳақ талаб қилинмади.

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 26 майдаги қарорида лойиҳа амалга оширилишининг янги муддатлари келтирилган – 2017–2018 йиллар. “Жануби-ғарбий магистрал электр тармоқлари” ДК етакчи муҳандиси Санжар Қўлдошев тасдиқлашича, станцияни бунёд этиш бўйича ишлар ҳали бошлангани йўқ.

Нега?

Ҳар қанда халқаро контракт, имзоланганидан кейин, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида рўйхатдан ўтиши керак (аввал бу билан ТИАваСВ шуғулланарди). “Ўзбекэнерго”даги манба сўзларига кўра, ТИАваСВда контрактни жуда қиммат дея, рўйхатга олишдан бош тортдилар (ҳолбуки, ғолибнинг лойиҳаси таклиф қилинганлар ичида энг арзони эди). Ваҳоланки, лойиҳа бир неча марта, жумладан Ўзбекистон томонидан баҳоланган, мамлакат олий раҳбарияти станцияни тезроқ ишга тушириб, кейинги лойиҳага ўтишни қўзлаган эди. Қатор музокаралардан кейин хитойлик шериклар нархни туширмасликлари аниқ бўлди.

Жорий йил баҳорида ТИАваСВ Ташқи савдо вазирлигига ўзгартирилди. Энди контрактни имзолаш Президент фармонига мувофиқ ташкил этилган Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ваколатига ўтди. Бироқ, бу ҳали ҳам амалга ошмади. “Ўзбекэнерго” АЖ раҳбарияти томонидан контракт имзоланиши кутилмоқда, деб хабар беришди ушбу компанияда.

Бундан ташқари, бизга маълум бўлишча, жорий йил августида Хитой компанияси “Ўзбекэнерго”дан хат олади, унда компания боқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Шералиев лойиҳанинг рентабеллигини шубҳа остига олиб, 100 МВт қувватга эга битта станция эмас, 10 МВт қувватга эга 10 та станция қуришни таклиф қилади. Бундай хат йўлланишига нима асос бўлгани номаълум, чунки у мамлакат раҳбарияти тутган йўлга ҳам, энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш халқаро тажрибасига ҳам зид келади. Ўзбекистон томони кейинги уч йил давомида узоқ музокаралар, катта харажатлар ва кўп меҳнат эвазига эришилган натижаларни йўққа чиқариб, ҳаммасини бошдан бошлашни таклиф этаётган бўлиб чиқмоқда.

Kommersant.uz ушбу лойиҳани амалга оширишга у ёки бу даражада алоқаси бор вазирликлар, идоралар ва компанияларга изоҳ сўраб мурожаат қилди. Расмий жавоблар қўлимизга тегди дегунча, тафсилотларини сизлар билан ўртоқлашамиз.

 

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган