Хорижникидан қолишмайдиган кир ювиш кукуни чиқара оламизми?

Ўзбекистонда кир ювиш кукуни ва бошқа маиший кимё воситаларини ишлаб чиқариш учун барча нарса мавжуд. Бироқ харидорлар Туркия ва Россиядан келган импорт кукунни афзал биладилар. Маҳсулотни четдан харид қилиш ким учун манфаатли ва нега рақобатга бардош бера олмаймиз?

Можем ли мы производить стиральный порошок, не уступающий импортному

Оила бюджетидаги ойдан-ойга ўзгармай ўтадиган харажатлар нималар? Табиийки, озиқ-овқат: нон, гўшт, сут, гуруч, сабзавот, мева ва ш.к. Бу тушунарли – қорнимиз ҳар куни очади.

Лекин ҳар доим ҳам ҳаётий эҳтиёж бўлиб кўринмаса-да, бюджетимизда салмоқли ўринга эга харажатлар бор. Бу – маиший кимё: кир ювиш кукуни, тиш паста ва бошқа ювиш, тозалаш воситалари.

Мисол тариқасида кир ювиш кукунини олайлик. Статистик маълумотларга кўра, аҳоли ҳар йили 200 000 тоннагача кир ювиш кукуни ишлатади. Бу рақам тасдиқланган санитар-гигиеник меъёрлардан келиб чиқиб олинган – уларга кўра, ёшига қараб, бир кишига бир йилда учтадан олтитагача пачка кукун тўғри келиши керак (дарвоқе, АҚШ ва Европа мамлакатларида бу миқдор йилига 15 кг.ни ташкил қилади). Мана шу эҳтиёжни қондириш учун давлатимиз ҳар йили юзлаб миллиард сўм маблағ ажратади.

Уй бекалари Туркия ва Россиядан келган импорт кукунни афзал биладилар, чунки у сифат бўйича маҳаллий маҳсулотдан анча устун саналади.

Нега бундай?

Бизда кир ювиш кукунлари ўтган аср биринчи ярмига тааллуқли эскирган технологиялар бўйича ишлаб чиқарилади. Маҳсулот бутунлай ички бозорда сотилади – сифати етарли  даражада бўлмагани учун халқаро бозорга ярамайди.

Аммо бу заводлар эгалари экспорт йўқлигидан хавотирга тушмайдилар – уларга давлат кир ювиш кукунларини харид қлиш учун ажратаётган йирик маблағлар етарли.

Ахир бизга қўшни бешта мамлакатда ҳам ўзларининг кир ювиш кукуни чиқарувчи заводлари йўқ. Агар замонавий заводлар қурсак, бу мамлакатлар бозорларини эгаллаш мумкин бўлади.

Гап нимада? Кир ювиш кукунларининг асосий таркибий моддаси – кальцинацияланган сода“Қўнғирот сода заводи”да ишлаб чиқарилади. Дунёдаги етакчи заводлар кир ювиш кукунлари ва сочилувчан ювиш воситаларини кальцинацияланган сода асосидаги янгича технология бўйича ишлаб чиқарадилар. Аммо саноатимиз бу технологияларни ўзлаштирмаган.

Бошқа таркибий модда бўйича ҳам шундай вазият кузатилади: каустик сода “Навоий азот” заводида ишлаб чиқарилади, лекин жуда кичик ҳажмда – фақат ўзининг ва НТМК эҳтиёжлари учун ва фақат суюқ шаклда чиқарилади. Агар қаттиқ кўринишда чиқаришга ўтилса, жаҳондаги бошқа ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлашса бўлади. Ҳозирда Хитойда каустик сода ўртача бир тоннасига $300 дан сотилади, бизда эса (биржада –Uzex.uz) тоннаси тўққиз миллион сўмдан сотувга қўйилган.

Деҳқонобод калий ўғитлар заводи”да чиқарилувчи калий хлорид билан ҳам шундай аҳвол – у фақат қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун чиқарилади. Ишлаб чиқариш технологияларига озгина ўзгартиш киритилганда эди, Россиянинг “Урал калий” заводи билан рақобатлашиш имкони туғиларди, бир оворада миллионлаб тонна чиқиндилар қайта ишланади.

Ҳозирда мамлакатда кимё саноатига оид масалаларни биргина тузилма – “Ўзкимёсаноат” ҳал қилади. Лекин унинг фаолияти асосан аграр соҳага қаратилган.

Маиший кимё ва санитар-гигиеник товарлар соҳасида янги технологияларни яратиш ва маҳаллий ресурслар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи алоҳида тузилма ташкил этиш зарурати аллақачон туғилган.

Ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун маҳаллий объектив шарт-шароитлар ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда янги заводлар қуриш, технологиялар ишлаб чиқиш талаб этилади.

Янги бозорлар ва янги саноат маҳсулотлари бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, кадрлар тайёрлаш ва ш.к. масалаларни чуқур ўрганиб чиқиш талаб этилади – буларнинг бари янги тузилма зиммасига юклатилади.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган