Иглесиас концерти: чипталар сотилиши табиий, ҳатто тўғри иш. Нима учун?

Иқтисодчилар тили билан айтганда, Энрике Иглесиаснинг жонли ижроси учун ноль доллар “тенг қиймат” эмас экан.

Фото: Billboard

Бехзод ХошимовБеҳзод Ҳошимов – иқтисодчи, Мэдисон (АҚШ)даги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти. 2016 йил май ойидан Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университети иқтисодиёт магистри, Сингапурдаги Нанянг технология университети математика бакалаври даражаларига эга. Висконсин университети жамоаси вакили сифатида Федерал захира тизими томонидан 2015 ва 2016 йилларда ўтказилган монетар сиёсат соҳасидаги энг яхши таклифлар танловида қатнашган.

Тунов куни машҳур қўшиқчи Энрике Иглесиас Тошкентда концерт берди. Чипталар иқтидорли ёшлар ва ўқишда ўзини кўрсатган талабалар ўртасида бепул тарқатилиши ҳақида эълон қилинди.

Концерт арафасида ижтимоий тармоқлар ва ОАВ эътибори чипталарнинг интернет ёки танишлар орқали сотилиши ҳолатларига қаратилди. Фойдаланувчиларнинг аксариятига бу ҳол ёқмади, айниқса, улар концертдаги бепул ўринларни иқтидорли ёшлар эмас, балки кўпроқ пул тўлай оладиганлар эгаллашидан ғазабланиб шарҳлар қолдирдилар. Миш-мишларга кўра, чипталар учун $400 гача пул сўраганлар.

Бундан кўринадики, иқтисодчилар тили билан айтганда, Энрике Иглесиаснинг жонли ижроси учун ноль доллар “тенг қиймат” эмас. Концерт воқеаси шундай хулосага келиш имконини берди: баъзи иқтидорли ёшлар учун ҳамёндаги $400 юлдузнинг концертида ўтказилган икки соатдан афзалроқ экан. Худди шунингдек, концертдан завқланиш учун $400 берадиган харидорлар ҳам топилади. Бу битим харидорни ҳам, сотувчини ҳам бой қилади.

Агар инсон $400ни концертга боришдан қимматроққа баҳоласа ва мана шу пул эвазига ўз жойидан жон деб воз кечса, бу транзакция унинг учун фойдали – у бадавлатроқ бўлди.

Энрике

Яъни чипта сотувчисида кўзда тутилган чегара бўлган, агар ундан камроқ пул таклиф этилганда, концертга ўзи боришни маъқул санаган бўларди. Башарти, унга $400 эмас, $1 таклиф қилишганда, у, эҳтимол, концертга ўзи борарди, демак, концертнинг “қиймати” сотувчи учун $400 дан кам, $1дан юқори бўлган. Сотувчи учун чиптани сотишдан тушган фойда $400 айирув “концерт қиймати”га тенг. Бу қиймат эса, ҳар ким учун ўзгача бўлади.

Мумтоз мусиқа ихлосманди учун Иглесиас концертига чиптанинг қиймати, эҳтимол, замонавий қўшиқ ишқибозига қараганда пастроқ бўлади ва бир хил нархда сотган бўлсалар ҳам, мумтоз мусиқа муҳиби кўпроқ бойиган саналади. Бепул чипта тақдим этилган иқтидорли талабанинг ўзи концертга боришга қарор қилса-чи? Унда у ўша $400 ни тўлагандек бўлади.

Харидор билан ҳам худди шу аҳвол: агар кимдир $400 тўлашга тайёр бўлса, бу концертнинг “қиймати” бу суммадан сўзсиз юқори бўлади, демак харидор ҳам фойдада қолади.  Концертда қатнашганлар ҳам, чиптасини бошқаларга сотганлар ҳам бироз бойидилар, деб ишонч билан айтиш мумкин. Эркин бозорлар айнан шундай ишлаши лозим ва, агар чипталар сотиш бўйича ҳуқуқий ёки маънавий санкциялар бўлмаса, жамият бундан фақат манфаат кўради.

Шунга ўхшаш вазият машҳур комик артист Жей Лено билан рўй берганди. 2009 йилда, молиявий инқироз пайтида, Лено (у автомобилларга жуда қизиқади) Детройт шаҳрида ишсиз қолган автомобилсоз-муҳандислар учун иккита бепул шоу ўтказишга аҳд қилади. Бепул чипталарни олган баъзи ишсизлар уни eBay орқали $800 дан пулламоқчи бўладилар.

tonight-show-with-jay-leno-2
Фото: Variety

Лено бундан хабар топгач, eBay ни ушбу чипталар сотувини тўхтатишга мажбур қилади. Афтидан, чипталарнинг сотилишига тўсқинлик қилиш замирида ғаразли мақсад ётган: агар концертда ишсизлар эмас, Детройтнинг бойлари қатнашсалар, ташкилотчининг саховатпешалик обрўсига путур етиб қолиши мумкин эди. Бошқача айтганда, у ишсизларни ўз шоусини кўришга мажбур қилди, ҳолбуки чиптани пуллаш баъзилар учун фойдалироқ бўларди.

Жамоатчилик манфаатлари нуқтаи назаридан, чипталарнинг ўз номиналидан қимматга сотишга тўсқинлик қилмаслик керак, албатта, чиптанинг юқори нархда сотилишидан фойда чайқовчиларга эмас, хонандага тегса, нур устига аъло нур.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган