Компанияларда инновацион ғояларни жамлашнинг уч шарти

2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

 

open-innovation-funnel-2__large

шерзодШерзод Жалилов – Volvo Group корпорацияси молиявий мутахассиси, Тошкент Молия институти молия-иқтисод факультети ва Вроцлав Давлат университети (Польша) магистратураси иқтисодиёт факультети битирувчиси.

Инновацион ғоялар ўзгача фикрлаш (thinking out of the box), ўзгаришларга мослашишга интиладиган эмас, балки ўзгаришларни излайдиган тафаккур қобилияти мавжуд жамоаларда тўпланади. Халқаро бозорни забт этиб, ўйин қоидаларини ўзгартиришга ҳаракат қилувчи ҳар қандай компания ўз инноваторлик қобилиятига алоҳида эътибор беради. Мисол учун, Volvo Group корпорацияси бундай ғояларнинг асосий манбаи – бу инсонлар эканига ишонади ва шу сабабли капиталининг салмоқли қисмини ходимларининг ривожланишига ва ноёб корпоратив маданиятни яратишга сарфлайди. Менимча, бу йўналишга эътиборнинг сустлиги компания оқим бўйича кетишига ва бозор қонунларига қарам бўлиб қолишига олиб келади.

Ўзбекистондаги йирик компанияларга келсак, менинг фикримча, инновацион ғоялар яратиш маданиятини такомиллаштириш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим.

divider 01

Таълим ва малака ошириш бўйича бўлим ёки йўналишни ташкил қилиш

Ходимларни ўқитиш – келажакка дадил қараш демакдир. Кўникмаларнинг мунтазам янгиланиши кадрлар ақлий салоҳиятининг ўсишига ва келажакка дадил қаровчи садоқатли жамоа юзага келишига хизмат қилади. Volvo Group компаниясида бу билан Volvo Group University шуғулланади. Ушбу университет компания томонидан ходимларни мунтазам равишда янги билимлар билан таъминлаш учун ташкил этилган.

vovlve
Фото: Flickr

Бундан ташқари, глобаллашув шароитида компаниялар учун фаолият чегарасини кенгайтириш ва мамлакатдан ташқарига чиқиш ниҳоятда муҳим. Хорижий бозорга чиқиш бошқа мамлакатлардаги тадбиркорлик фаолияти маданиятини ҳамда урф-одатлар ва анъаналарни тўлиқ билиш ва тушунишни англатади. Масалан, Ҳиндистонда анъаналар бизнес юритишга сингиб кетган ва маданият тўлиқ тушунилмаганда, икки томонлама муносабатларга таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай экан, таклиф этилаётган бўлим функцияларидан бири корхона ходимларига шерик-мамлакатлар вакилларининг маданияти ва фикр юритиш тарзини таништириш бўлиши керак.

Мияга ривожланиш зарурлигини унутмайлик. Агар уни янги билимлар билан озиқлантирмасак, у кучдан қола бошлайди. Бу эса компанияга ҳам, ходимларнинг ўзига ҳам зарардир.

divider 02

Research and Development соҳасида етакчи хорижий университетлар билан алоқаларни ўрнатиш

Инновацион маҳсулот ишлаб чиқаришда компания фақат ўз ички тадқиқотларига таяна олмайди. Европа ва АҚШ университетлари кенг кўламда изланишлар олиб борадилар ва илм-фан ҳамда технологиялар соҳасидаги сўнгги ютуқлардан фойдаланадилар. Бу университетлар тадқиқотчи-олимлари ва ҳатто талабалари ҳам, маҳсулот сифатини такомиллаштириш тажрибаси, шунингдек муаммоларни ҳал этишнинг янги илмий ёндашувлари билан ўртоқлашишлари мумкин. Яққол мисол – Hyperloop One компанияси. Юқори тезликдаги поезд капсуласи талабалар томонидан яратилган.

h1_image_3Фото: ITC.ua

divider 03

Менежмент ва мутахассислар ўртасидаги лавозимлар масофасини қисқартириш

Мулоқот – ғоялар ишлаб чиқишнинг бош белгисидир. Фикримча, компаниялар менежерлари персонал билан очиқ мулоқот муҳитини яратишлари керак. Ахир ҳозирда мавжуд “бошлиқ–хизматчи” концепцияси фақат бир томон ғоялар бериши, бошқа томон уларни бажаришини қўллаб-қувватлайди. Очиқ диалог эса, бошқарув персоналига муаммога турли томонлардан назар солиш ва мулоҳазали қарорлар қабул қилиш имконини беради. Бундай бошқарувга SpaceX мисол бўла олади. Ҳаммага машҳур CEO Илон Маскни қўлида отвертка билан, муҳандислар кўмагида янги ракета деталларини йиғиш устида учратиш мумкин.

Юқорида келтирилган тамойиллар асосида ноёб корпоратив маданиятни яратиш компанияларга ривожланишнинг янги босқичига чиқиш ва инновацион мақсадларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этиш имконини беради.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган