Нега нақд чет эл валютасини сотишга шошмаслик керак?

Ўзбекистонликлар Марказий банк аҳолига нақд чет эл валютасининг эркин сотувини очиб юборишини кутишмоқда. Иқтисодиёт фанлари номзоди Фарҳод Қурбонбоев эса, бу чорани қўллашга шошмаслик керак, деб ҳисоблайди.

069

5 сентябрдан мамлакатимиз иқтисодиёти янгича воқеликда – миллий валютанинг деярли икки карра девальвацияси шароитида яшай бошлади.

Бу воқелик импортчиларни деярли икки карра камбағаллаштириб, экспортчиларни деярли икки карра бойитди. Импортчилар аҳволини импорт божхона тўловларини камайтириш орқали яхшилаш мумкин. Экспортчилар-чи? Уларнинг иши жонланиб қолдими?

Жавоб ҳозирча номаълум, чунки жуда кам вақт ўтди. Бироқ давлат органлари экспортни ошириш бўйича прогноз маълумотларига эга эканлиги ва бу прогнозлар яқин вақт ичида амалга ошишига ишонгимиз келади.

Кўпчилик эркин конвертациядаги валютанинг нақд сотила бошлашини кутмоқда.

Баъзи мутахассисларга бу чора иқтисодий равнақ бошланишига олиб келувчи якуний нуқта бўлиб туюлмоқда. Бироқ бу – хом хаёл. Нафақат хом, балки анчайин хавфли ҳамдир.

“Конвертация жорий этилиши туфайли иқтисодиётнинг долларлашуви кучаядими?” деган саволга обрўли экспертлардан бири “Иқтисодиётимиз айнан конвертация йўқлиги ва валютанинг доимий етишмовчилиги туфайли долларлашган”, деб таъкидлайди.

Аслида эса долларлашув сабаби — параллель (яширин) иқтисодиёт ва нобанк нақд пул айланмаси. Қонунга риоя этувчи тадбиркорлик суст ривожланган, экспорт зарур даражадан ва потенциал ҳажмдан икки–уч баробар паст.

Эркин конвертациянинг биринчи ҳафтасида банклар томонидан 300 миллион доллар (шундан 200 миллион доллари аҳолидан) сотиб олинганлиги маълум қилинди.

Ҳозирда аҳвол қандай? Бир ой давомида қанча сотилган ва сотиб олинган? Асосий масала: мувозанат қандай: кўпроқ сотилаяптими ёки харид қилинаяптими?

Агар экспорт ошиб, банклар томонидан эркин конвертация қилинувчи валютани харид қилиш барқарор равишда сотишдан юқори турган бўлса, нақд конвертацияни жорий этиш эҳтимоли ҳақида гапириш мумкин.

Гап шундаки, қонуний ишловчи тадбиркорга хўжалик операциялари учун нақд доллар керак эмас.

Аҳолининг автомобиль ёки кўчмас мулк харид қилиш учун эркин конвертациядаги валютага эҳтиёжига келсак, бу муаммо янада йирик миллий валюта чиқариш йўли билан ҳал этилиши мумкин.

Чет эл валютасини чет элга ўтказиши керак бўлган фуқаролар нима қилиши керак, деб тез-тез сўрашади. Кўпчиликнинг чет элда талаба фарзандлари ва моддий ёрдам керак бўлган бошқа қариндошлари бор.

Ушбу мақсадлар учун эркин конвертациядаги валютани ўтказиш имкониятини кўзда тутувчи махсус низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш лозим. Бундай расмиятчилик ҳақиқатда ўтказмаларни амалга ошириши керак бўлганларни қийнаб қўймайди деб ўйлайман.

Иккинчи кўп тарқалган савол: хорижий интернет-дўконлардан харидларни амалга ошириш учун чет эл валютасини қаердан олиш мумкин?

Ҳа, бу муаммо, бироқ фуқароларимининг кўпчилиги учун эмас. Валюта бозорининг асосий муаммолари ҳал этилса ва уларни келтириб чиқарувчи сабаблар бартараф этилса, солиқларни оптимизация қилиш йўли билан бизнес учун ҳақиқатда мақбул шароитлар яратилса, хорижий интернет-дўконларга тўловларни амалга ошириш муаммосини ҳам ҳал этиш мумкин.

Интернет-дўконларга нега эҳтиёж бор? Чунки ички бозор бир қисм фуқароларнинг баъзи эҳтиёжларини қаноатлантирмайди, чет эл онлайн-дўконларида эса нархлар пастроқ, танлов ҳам кўпроқ.

Чет эл интернет харидларига эҳтиёж юзага келиш сабаблари — ички ишлаб чиқариш ва тадбиркорликнинг суст ривожланганлиги ва импорт божхона божларининг юқори эканлиги.

Барчаси алал-оқибат ички иқтисодиётимизни ривожлантириш орқали ҳал этилади! Ички бизнес ва экспорт, солиқларни оптималлаштириш билан бирга – муаммоларни тубдан ҳал этилиши мана шунда яширин. Ҳозирги шароитда эркин нақд конвертацияни йўлга қўйиш – шошқалоқлик ва мақсадга жавоб бермайдиган хом иш бўлур эди.

Марказий банкнинг яқин вақт ичида исталган талабгорларга эркин конвертациядаги валютани нақд сотишни очиш бўйича бирор-бир мажбуриятни зиммасига олиши мақсадга мувофиқ бўлмайди.

Биргина Марказий банк валюта бозорини барқарорлаштириш вазифасини уддалай олмайди. Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги макромолиявий таҳлилга асосланган солиқ оптимизацияси бўйича чоралар билан унга ёрдам бериши керак.

Хулоса эса, шундай: валюта либерализацияси кетидан солиқлар оптимизациясини ўтказиш зарур.

Қабул қилинган қарорлар, жумладан Президентнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 4-бандини қатъий бажариш лозим.

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банк баҳамжиҳат ишлари даркор.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган