Swiss National Bank раҳбари – Швейцария иқтисодиёти тўғрисида

Ўзбекистонга Швейцария Миллий банки (The Swiss National Bank, SNB)нинг банк бошқарув кенгаши раиси Томас Жордан бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди. Томас Жордан Ўзбекистон банклари ассоциациясида маъруза қилди. Маърузанинг диққатга сазовор ва қизиқарли жойларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Thomas Jordan

Жаҳондаги монетар вазият

Швейцария – бу кичкина очиқ иқтисодиёт, у ташқи таъсирга қаттиқ боғланган. Мамлакатимизга бевосита таъсир кўрсатувчи халқаро муҳитнинг қатор асосий омилларини келтириш ўринли.

 

divider 01Жаҳон иқтисодий цикли

Жаҳон иқтисодий цикли (амалий фаоллик даражасининг вақти-вақти билан ўзгариши, унинг тўрт босқичи ажратиб кўрсатилади: кўтарилиш, юксалиш, сўниш ва инқироз – таҳририят). Мисол учун, 2008–2009 йиллардаги инқироз ва ундан кейин бошланган узоқ муддатли рецессия бизнинг хўжалигимизга қаттиқ таъсир кўрсатди, Made in Switzerland бўлган товарлар ва хизматларга талаб пасайиб кетишига олиб келди. 2010–2011 йиллардан бошлаб муайян ўсиш кузатилди, бироқ глобал иқтисодиёт тикланиши жараёни жуда секин ва оғриқли ўтмоқда.

 

divider 02Глобал молиявий бозорлар ва сиёсий хатарлар

Фонд биржаларидаги жорий вазият волатиллик билан характерланади, бу узоқ муддатли қарорлар қабул қилишни қийинлаштиради.  Ҳар гал жаҳон иқтисодиётида вазият ёмонлашганда, халқаро капитал мамлакатимизга интилади, инвесторлар эса бизнинг валютага пул тика бошлайди, шу муносабат билан Швейцарияни кўпчилик “сокин соҳил” (safe haven) деб атайди. Бундай тенденциянинг салбий томони ҳам бор: Швейцария франки бошқа пул бирликларига нисбатан мустаҳкамлана бошлайди. Йирик сиёсий воқеалар, можаролар ва зиддиятлар, жумладан Brexit ва АҚШдаги президент сайловлари, франкка катта босим ўтказди.

 

divider 03Нефть нархи

Нефть импорт қиладиган давлатлар – Швейцария “қора олтин” импортёрларидан биридир – бу хом ашёга бўлган паст нархлардан фойда кўрадилар: нефть импорти учун камроқ ҳақ тўлаб, иқтисод қилинган маблағларни иқтисодиётнинг ривожланишига сарфлаш мумкин. Бироқ, нефть қазиб чиқарувчи мамлакатлар бюджети хом ашё экспорти ҳисобига шаклланади, демак, уларга бу фалокатдек гап.

 

divider 04Дунё мамлакатларидаги фоиз ставкалари

2008 йилдаги глобал инқирозга қарши курашда марказий банклар фоиз ставкаларини тушириш орқали иқтисодиётни рағбатлантириш чораларини қўлладилар. Баъзи давлатларда улар мисли кўрилмаган паст (нолга яқин ёки, ҳатто, нолдан паст) даражага етди. Шу билан бирга, ноль фоиз ставкаси сиёсати саноат ривожланиши ва янги иш ўринлари яратилиши учун имкониятларни чегаралаб қўяди. Шу сабабли, молиявий вазият аста-секин яхшиланиши баробарида, фоиз ставкалари ўса бошлайдиган вақт хусусида ҳаяжонли фикрлар чалинмоқда. Яқинда АҚШ Федерал захира тизими базавий ставкани оширди ва биз жаҳон банклари шу каби йўлдан борадилар, деб кутмоқдамиз.

divider 05Валюта алмашинув курси

Миллий валютанинг ҳаддан ташқари мустаҳкамланиши мамлакатда товарлар ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга экспорт қилишнинг фойдасини йўққа чиқаради.

 

Швейцария монетар сиёсати хусусиятлари

Мамлакатимиз пул-кредит сиёсати учта “кит”га асосланган. Бу, аввало, нархлар барқарорлиги (price stability), у инфляциянинг йиллик ўсиш суръатлари 2%дан ошмайдиган вазиятни ифодалайди. Албатта, муайян вазиятдан келиб чиқиб, рақамлар ўзгариши мумкин, лекин 2% – бу биз интиладиган кўрсаткич.

Иккинчидан, инфляция прогнозлари (inflation forecast). Қайд этиш керакки, улар фақат тўғри қарорлар қабул қилиш учун эмас, балки аҳолини нархлар қандай йўналишда ҳаракатланаётгани ва миллий банк тимсолида давлат бунга қандай муносабат билдириши ҳақида хабардор қилиш учун ҳам зарурдир.

Учинчидан, қисқа муддатли фоиз ставкалари (short-term interest rate). Шуни қайд этишни истардимки, Швейцарияда қарз фоизларининг мослашувчан меъёрлари тизими амал қилади. Биз уларнинг шаклланишига бевосита таъсир кўрсатмасликка ҳаракат қиламиз, бироқ инқироз даврида бу жараёнга аралашишга мажбур бўлдик.

XXI асрда мамлакатимиз пул-кредит сиёсати бир неча босқичдан ўтди. Биринчи давр 2000–2008 йилларни қамраб олди, ўшанда Швейцарияда ва бутун дунёда иқтисодий вазият нисбатан барқарор бўлиб, қисқа муддатли фоиз ставкалари аста-секин кўтариларди. 2008 йилдаги инқироз ипни чувалаштириб ташлади ва биз “экспансия модели” билан қуролланишга мажбур бўлдик, у валюта интервенцияларини амалга ошириш ва interest rateни уларнинг ноль даражасигача сунъий ўзгартиришни кўзда тутарди. 2011 йилда туб бурилиш нуқтаси рўй берди: инвесторларнинг Швейцарияга қизиқишлари ортиши ва банк омонатлари ошиши натижасида франк, бошқа валюталарнинг сезиларли қадрсизланиши баробарида, ўта кескин даражада мустаҳкамлана бошлади. Шу даражагача бордики, биз валюта алмашинувига чекловлар қўйдик ва франкни амалда “яккалаб” қўйишга мажбур бўлдик.

2014–2015 йилларда вазият аста-секин ўзгара бошлади ва биз аввалда киритилган чекловларни бекор қилдик. Шунга қарамай, биз салбий фоиз ставкасини киритдик, яъни SNB талаб қилиб олингунча депозит ҳисобларидан йилига 0,75% ушлаб қолади. Бу чора жамғармалар соҳибларини ўз пулларини банкда сақламай, иқтисодиётга киритишга мажбурлашга қаратилган.

Ҳозирда, евронинг заифлиги сақланиб қолганлигини инобатга олиб ва валютамизнинг ҳаддан ташқари мустаҳкамланишига йўл қўймаслик учун, салбий фоиз ставкаси ва валюта интервенциялари сиёсатини давом эттиришга мажбурмиз.

 

Швейцария Миллий банки тўғрисида

Миллий банк мақоми мамлакат Конституциясида белгиланган, унда SNB мустақил марказий банк сифатида давлатнинг пул-кредит курсини амалга ошириши айтилади. Бундан ташқари, махсус қонун (National Bank Act) қабул қилинган бўлиб, унда миллий банк функциялари аниқ белгилаб қўйилган. Муассасамизнинг бош вазифаси нархлар барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий ўсиш учун қулай муҳитни яратиш ва ташқи омилларнинг таъсирини минималлаштиришдан иборат.

 

Ўзбекистон тўғрисида

Азалий орзуим амалга ошди, дея оламан. Болалигимдаёқ онам менга қизиқарли Шарқ эртакларини айтиб берарди, уларда Буюк ипак йўлидаги гўзал шаҳарларда яшовчи одамлар ҳақида ҳикоя қилинарди. Мени айниқса Самарқанд ва Бухоро қизиқтирарди, уларнинг чиройи, улуғворлиги ҳақида кўплаб китоблар ўқиганман. Ўзбекистонга келгач, мен орзуимдаги манзарани ўз кўзим билан кўрдим. Бухорога ташриф мени айниқса қувонтиради.

Муассасамиз Ўзбекистон Марказий банки билан яқин алоқалар ўрнатган. Жумладан, ҳар йили Ўзбекистон МБ вакиллари SNBда малака оширадилар. Тошкентдаги учрашувлар ва музокаралар давомида биз бу ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдик.

Фото: Баҳодир Мамажонов, ўзбекистон МБ матбуот хизмати

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган