“Мен қоламан”. Юртга қайтган ўзбекистонликлар

Ватанига айтиш учун дунёнинг йирик компаниялари ва етакчи университетларидаги ишидан воз кечган юртдошларимиз билан суҳбатлашдик. Нималарга эришдилар, нималардан воз кечдилар ва уйга қайтиб нима билан шуғулланмоқдалар – шу ҳақда сўз юритамиз.

flag

Чет элда яхшигина ишга жойлашган ёки ўз бизнесини йўлга қўйиб олган ўзбекистонликлар ҳақида кўп бор ёздик: Google, BMW, Volvoда ишлаётганлар тарихини, Таиландда  туристик фирма, Дубайда бадиий галерея, Финляндияда стартап юритишни ёритдик.

Лекин хорижда таълим олиб, ҳатто раҳбарлик лавозимларини эгаллаган бўлса-да, барибир Ўзбекистонга қайтганлар ҳам бор.

Швейцариянинг Telf AG компаниясидан “Ўзметкомбинат”ни афзал билди

“Ўзметкомбинат” бошқаруви раисининг тижорат масалалари бўйича ўринбосари Ёлқин Қосимов Сеулдаги Корё университетида МВА даражасини олди. Бу Жанубий Кореядаги энг яхши дастур саналади. Ўрта ва юқори бўғин менежерларини тайёрлаш бўйича Осиёда у топ-5га, дунё бўйлаб эса, топ-50га киради. Жанубий Корея дастурларининг хусусияти уларнинг Осиё иқтисодиёти шароитига ва этика ҳамда ижтимоий масъулиятга урғу берувчи бизнесга мослашганлигидадир.

Ялкин

Ўзбекистонда Қосимов Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини тугаллади. Ўқишининг биринчи йилида “Ўзбекистон темир йўллари”да темир йўл ишчиси бўлиб ишга жойлашди, кейин товар кассири бўлди, сўнгра эса, истиқболли ходим сифатида, Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳига ўтди.

МВА олгач, Ёлқин Хитойда фойдали қазилма бойликлар қазиб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасидаги жаҳон етакчиларидан бири – ENRC вакили бўлиб ишлади. Компания қазиб чиқариш, қайта ишлаш, энергетика ва логистика корхоналари гуруҳини бошқарди. Охирги икки йилда кўмир ва ферроқотишмалар билан ишловчи Telf AG (Швейцария)нинг Шанхайдаги ваколатхонасига раҳбарлик қилди.

Сентябрда “Ўзметкомбинат” раиси ўринбосари лавозимига таклиф олди ва рози бўлди.

Ёлқинни Президент қарорига кўра “Ўзметкомбинат” устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқарувга олган SFI Management Group таклиф этди. Компанияларни бошқариш ва янги лойиҳалар яратиш соҳасида консалтинг хизматлари кўрсатувчи бу компания комбинат раҳбарлик лавозимларига номзодлар таклиф қилиш ҳуқуқидан шундай фойдаланди.

“Мен акциялари Лондон биржасида сотиладиган халқаро компанияда ишладим, дунёнинг етакчи компаниялари топ-менежерлари билан мулоқотда бўлдим. Бу қизиқарли ва фойдали тажриба бўлди,– дейди Ёлқин.– SFI Management Group таклифини дарҳол қабул қилдим. Бу – менежментни, инсонлар билан мулоқотни қурувчи истиқболли компания, у вазифани Ғарбдаги йирик корпорациялардаги каби тақдим этади. Менга ўз билим ва тажрибамни мамлакатнинг энг йирик корхонасида татбиқ этиш имкониятини  бердилар.

Гап мутлақо пулда эмас. Ўзбекистондаги ва, айтайлик, Швейцариядаги иш ҳақини таққослаш тўғри эмас. Ривожланган мамлакатларда даромад юқори бўлиши баробарида харажатлар ҳам катта.

Тўғри, иқтисодиёт етакчилари бўлган мамлакатларда ҳаёт тарзи юқорироқ, шаҳарлар чиройлироқ ва қулайроқ. Лекин бизда ҳам ривожланиш учун барча асослар бор, Ўзбекистонда ҳам жаҳон андозаларидан қолишмайдиган шароитлар ярата оламиз. Фақат бунга бош қўшиш керак, чет элда ижобий тажриба тўплаган мутахассислар ўз тажрибаларини она Ватанда татбиқ этишлари мумкин.

SFI Management Group томонидан менинг ва ҳамкасбларимнинг олдига қўйилган вазифа – “Ўзметкомбинат” АЖни талаб даражасига олиб чиқиш: жараёнларни оптималлаштириш, замонавий менежментни жорий этиш, халқаро тажрибани бизнинг менталитетимиз билан уйғунлаштириш.

SFI Management Group – ижтимоий масъулияти юқори компания. Биз умуман минтақадаги вазиятни, қолаверса, тармоқдаги ҳолатни яхшилашга интиламиз. Янги иш ўринлари яратилади, Бекобод аҳолиси ҳаёт тарзи яхшиланади, янги маҳсулотлар чиқарилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда хусусий мулк эгалари ва бошқарувчиларнинг янги синфи шаклланган – улар бизнесга асосланган, мақсад сари интиладилар, муаммо яратмайдилар, балки уни ҳал қиладилар. Яна беш йилдан кейин улар профессионал бўлиб етишадилар. Ҳозирданоқ Ўзбекистон иқтисодиёти тараққиётнинг янги босқичига чиқди дея оламан, бизнес учун кўп эшиклар очилди”.

Гарвард таклифини рад этди

Centil Sothis Advisory  тадқиқотлар бўлими бошлиғи, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ўқитувчиси Рауф Салахўжаев энг кучли ёш иқтисодчи олимларнинг RePEc рейтингидан жой олган биринчи ўзбекистонлик сифатида машҳур.

Rauf-Salahudzhaev_main

Тошкент молия институтини битиргач, у 2010 йилда Нью-Йорк давлат университетига Эдмунд Маски стипендия дастури бўйича ўқишга кирди ва магистр даражасини эгаллади.

Ўқиш давомида ўтказилган танлов якунларига кўра, Салахўжаев Корнел университети (АҚШдаги энг зўр ОТМлардан бири)нинг социология ва иқтисодиёт уйғунлашуви соҳасида фаолият юритувчи илмий-тадқиқот гуруҳига қабул қилинди. Айнан ўшанда у бизнес юритишдан кўра фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланиш уни кўпроқ қизиқтиришини тушунди.

Ўша ерда қолиши мумкинлигига қарамай, Рауф Ўзбекистонга қайтди: “Гарвардда менга “таклиф этилган олим” мақомида ишлашни, Жанубий Флорида, Корнел университети ва Сингапурдаги Наньян технологик университетида – аспирантура тўлови, суғурта ва йилига $20 мингдан юқори ҳақ таклиф этдилар”.

Унинг фикрига кўра, Ўзбекистонда ҳам “илм яратиш” мумкин ва лозимдир. Янги ғоялар ва услубларни ўзлаштириш ҳамда бизда ҳам катта салоҳият борлигини кўрсатиш учун, вақти-вақти билан чет элга чиқиш, хорижий ҳамкасблар билан мулоқотда бўлиш, қаердадир стажировка ўташ, бирор жойда таклиф этилган тадқиқотчи бўлиб ишлаш етарлидир.

Ўзбекистонда олий таълимдан кеийнги таълимнинг халқаро стандартлари татбиқ этилмоқда, ёш олимлар учун етакчи пуллик журналлар билан танишиш икони берилмоқда.

“Ғарбда яшаш мақсадим йўқ, акс ҳолда аллақачон ўша ерда бўлардим. Мақсадим – шу ерда қолиш, Ўзбекистонда илм-фан ривожига ўз ҳиссамни қўшишдир. Эҳтимол, айнан ҳозир  Ўзбекистон минтақадаги иқтисодий тараққиёт локомотивига айланаётган пайтдир, менга айнан шу жойда фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланиш қизиқарли. Ҳозирда патоген стресс назарияси устида ишлаяпман – бу эволюцион биология, психология ва иқтисодиёт бирлашадиган нуқтадаги янги йўналиш. Иқтисодиётдаги интеллектуал салоҳият (IQ) ролига бағишланган китоб ёзмоқдаман. Китоб 2018 йилда учта тилда чоп этилади, – дейди Рауф.– Бундан ташқари, Centil Sothis Advisory консалтинг компаниясида тадқиқотлар бўлимига раҳбарлик қиляпман, у ерда фундаментал билимларни амалий бизнес ва бозор иқтисодиётига оид тадқиқотларда ва аналитикада қўллайман”.

Германиядан қайтиб, Тошкентда стартап бошлади

Кимёгар-технолог, Tashkent Engineering компанияси асосчиси ва раҳбари Сардор Мавлонқориев Германиянинг дунёдаги энг йирик кимё концерни –  BASF SEдаги лавозимини тарк этиб, Ўзбекистонга, бизнес ва илм-фан билан шуғулланиш учун қайтиб келди.

Сардор

Германияда кимё саноати саноат йўналишлари ичида иккинчи ўринда туради. Ҳар йили мамлакат €80 млрд.лик кимё маҳсулотини экспорт қилади, ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди. Бу энг кўп ҳақ тўланадиган соҳалардан бири – мутахассислар ўртача йилига €40 минг оладилар.

Сардор Германияга 2008 йилда, Тошкент кимё-технология институтини битириб, Жанубий Кореядаги Кангвон миллий университети магистратурасини тугатганидан кейин кетганди. Берлин техник университетида кимёвий катализ соҳасида номзодлик дисертациясини ҳимоя қилди, Росток шаҳридаги Университетнинг Лейбниц номидаги Катализ институтида илмий ходим бўлиб ишлади, кейин BASF SE га ишга ўтди, у ерда ҳамкасблари билан бирга этилен олишнинг такомиллаштирилган технологиясини ишлаб чиқди ва патентлади.

Бугунги кунда Сардор Мавлонқориев кимё-технология жараёнларини математик моделлаштириш билан шуғулланиб, ўз фирмасини ривожлантирмоқда, Осиё тараққиёт банкининг Тошкентда қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизациялаш бўйича лойиҳасида консультант бўлиб қатнашмоқда ва шериги билан стартап устида иш олиб бормоқда.

Сардорнинг эътироф этишича, чет элдаги ҳаёт уни биринчи навбатда дунёга очиқ бўлишга, бошқа маданиятлар, анъаналар, ишлаш усулларига ҳурмат кўрсатишга ўргатди.

“Мен ривожланган, қудратли мамлакат – Германияда яшадим, ишладим. У ерда эканимда немис миллий терма жамоаси футболчилари жаҳон чемпиони ва Европа чемпиони бўлдилар, икки нафар олим Нобель мукофотини олди. Мен одамларнинг ўз юртдошлари билан фахрланишларини кўрдим. Ўшанда менинг мамлакатим ҳам дунё майдонида ялт этиб чиқишини, менинг қўшниларим, дўстларим ва умуман, барча ўзбекистонликлар “Бизникиларни кўриб қўй!” дея олишларини жуда-жуда хоҳладим. Ватанимга қайтганимдан ва ўз соҳамда фаолият юритиб, мамлакатга фойда келтира олишимдан хурсандман”,– дейди Сардор.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган