Минтақа шарҳи: Наманган вилояти нимаси билан жозибали?

Ўзбекистон вилоятларидан Наманганнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Мамлакатда бизнес асосан пойтахтда жамланган, лекин бу Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида қиладиган иш йўқ, дегани эмас. Кўп вилоятларда эркин иқтисодий зоналар очиляпти, қўшимча имтиёзлар ва преференциялар жорий этилмоқда.

Kommersant мамлакатимиз минтақалари нималари билан қизиқарли эканлиги ва айнан ўша ерларда бизнес қилиш кераклиги ҳақида сўзлайди.

Маълумотнома: Наманган вилояти ҳақида қисқа сатрларда

Наманган вилояти Фарғона водийсида жойлашган, майдони – 7440 км². Унинг таркибига 11 та туман ва 8 та шаҳар киради, улар сирасида энг йириклари – Наманган, Чортоқ, Чуст, Косонсой. Вилоят маъмурий маркази – Наманган ш. Тошкентдан 305 км. масофада жойлашган.

Минтақа иқтисодий кўрсаткичлари

Наманган вилояти ва унинг маркази – Наманган шаҳри инвестициялар киритиш ва бизнес бошлаш учун ўз жозибасига эга. Ҳар йили турли мулкчилик шаклига эга кўплаб корхоналар очилади, бу аҳолининг фаровонлиги ва умумий кайфиятига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Аҳамиятлиси шундаки, корхоналарнинг аксарияти ўз ишини давом эттирибгина қолмай, янги ишлаб чиқаришлар жорий этиш ва янги маҳсулотлар яратиш орқали фаолиятини кенгайтирмоқда.

Наманган

Ўтган 2017 йил Наманган вилояти учун бир нечта йирик корхоналарни ишга тушириш билан аҳамиятли бўлди. Калава ип ишлаб чиқарувчи “UzTex Uchkurgan” ҚК, Голландиянинг “Buncra BV”  компанияси билан ҳамкорликда очилган “Chortoq” минерал суви чиқарувчи завод, Поп туманидаги “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси қошида ташкил этилган кўмир саноати корхонаси ва бошқа, аҳамияти уларникидан қолишмайдиган янги ишлаб чиқариш марказлари шулар сирасидан.

Статистикага кўра, ўтган йилда вилоятда 20 800дан зиёд компаниялар бўлиб, шулардан 60 фоизи енгил ва озиқ-овқат саноатига тегишли. Фарғона водийси минтақалари шартли равишда ишлаб чиқариш турларига кўра бўлинган – Андижон вилоятида машинасозлик ривожланган, Фарғонада – нефтни қайта ишлаш, Наманганда – тўқимачилик. 200 дан зиёд компания ўз товарларини экспорт қилади. Корхоналар жойлашуви зичлиги бўйича биринчи ўринда Наманган ш. туради, иккинчи ўринда – Наманган тумани, учинчи ўринда – Чуст. Фермерлик хўжаликларида пахта толаси етиштиришдан аста-секин картошка, гуруч ва бошқа экинлар етиштиришга ўтиш кузатилмоқда.

Имтиёзлар ва преференциялар

Минтақа бизнес ва экспорт учун махсус имтиёзлар билан ажралиб турмайди, фармацевтик ишлаб чиқаришни ривожлантиришга йўналтирилган эркин иқтисодий зона ташкил этилаётган Косонсой тумани бундан мустасно. Ушбу лойиҳага Президентнинг 2017 йил 3 майдаги “Еттита ЭИЗ ташкил этиш тўғрисида”ги фармони асос бўлди. Унда фармацевтика маҳсулотлари чиқарувчи “Косонсой-фарм” ҳам кўрсатиб ўтилганди. Ушбу фармон билан корхоналарнинг фаолият муддати белгиланди – узайтириш имконияти билан 30 йил, шунингдек алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари кўзда тутилди. Фармонда фаолият давомида солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилиши ҳам белгиланган.

ССП маълумотларига кўра, рўйхатдан ўтган 20 800 та корхонанинг 145 тасигина чет элга ўз маҳсулотларини экспорт қилади.ССП фикрига кўра, экспортчиларнинг сони камлиги асосий ишлаб чиқариш маҳаллий бозор, биринчи навбатда вилоятнинг ўзининг эҳтиёжини қондиришга қаратилгани билан боғлиқ. Бу ҳудудда фақат тўқимачилик ва озиқ-овқат эмас, балки бошқа соҳаларга ҳам ихтисослашувчи корхоналар очиш учун имкониятлар мавжуд.  Техника ва жиҳозлар, қоғоз ишлаб чиқариш, чорвачилик ўзлаштирилмаган ёки етарлича ўзлаштирилмаган йўналишлар саналади.

yz7

Наманган “Гуллар шаҳри” сифатида машҳур бўлишига қарамай, кенг кўламли гул бизнеси эндигина шуҳрат қозонмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги 830-сон қарорига мувофиқ, вилоятнинг барча 11 та туманида филиалларига эга бўлган давлат унитар корхонаси шаклидаги Гулчиликни ривожлантириш маркази тузилади. Унинг мақсади – илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, бу соҳада замонавий технологияларни жорий этишдан иборат. Бундан ташқари, тадбиркорларга иссиқхона ва плантациялар учун ер ажратилади. Шунингдек, Наманган муҳандислик-технология институтида 2018–2019 йилдаёқ “Декоратив боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш” йўналишига ўқишга кириш мумкин. Шу тариқа, вилоят бренди шаклланади ва гулчилик ривожланиши янги тараққиёт босқичига чиқади.

Минтақа ўзгариб бормоқда

Агар беш йил олдин тадбиркорлик фаолияти валюта айрибошлаш муаммоси, оғир солиқ юки, юридик шахс очишнинг узоққа чўзилиши каби кўплаб тўсиқларга дуч келган бўлиб, бу ҳоллар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қисқариб, жиҳозлар етишмовчиги ва корхоналар ёпилишига олиб келган бўлса, эндиликда, янги қонунчилик туфайли, ушбу муаммолар долзарблигини йўқотди. Лекин, асосан Хитой, АҚШ, Корея Республикасига боришда визалар олиш мураккаблиги сақланиб қолган.

Завод ёки фабрика қуриш учун ер олиш борасидаги муаммолар мутлақо қолмади. Бу борадаги жавобгарликни вилоят ва туманлар ҳокимиятлари ўз зиммаларига олдилар. Ер майдонларини танлаш анча соддалаштирилди ва эндиликда тадбиркорлар учун муаммо туғдирмайди.

Туман бўйича кўплаб масалаларни Telegramдаги гуруҳда аниқлаш ёки ҳал этиш мумкин, унда туман ҳокими ва тадбиркорлари қатнашадилар. У ерда хусусий муаммолар кўтарилади, ҳал этиш йўллари ўрганилади. Ҳар қандай потенциал тадбиркор Чуст тадбиркорлари гуруҳи маъмурининг ҳаволаси орқали ўзини қизиқтирувчи ахборотни олиши мумкин – @Chusttadbirkorlari.

Namangan-shahri

Бизнес – номларда

Намангандаги уй тўқимачилиги соҳасидаги кўзга кўринган компаниялардан бири “Aisha home textile” МЧЖ ҚК саналади. У 2013 йилда иш бошлаган бўлиб, ҳозирда 160 тонна тайёр пахмоқ ва вафелли мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг 90 фоизи чет элга экспорт қилинади. Асосий мижозлар Россия, Украина, Беларусь, Польша ва қўшни давлатлардир. Компания аста-секин Европа бозорига ҳам чиқмоқда. “Aisha home textile” менежерлари ҳар йили халқаро кўргазмаларда қатнашадилар, бу компаниянинг хорижда муносиб имижини шакллантиради.

Фабрика директори А.Мерганов фикрига кўра, корхона раҳбариятига айнан Наманганда бизнес юритиш ёқади, чунки ҳозирда вилоят бутун Ўзбекистон бўйича тўқимачилик ишлаб чиқариши борасида биринчи ўринда бормоқда. Бу ерда кўплаб юқори малакали мутахассислар (тикувчилар, тўқувчилар) мавжуд, жойлашув ҳам, иқлим ҳам қулай. Келгусида компания йигирув корхонасини очишни режалаштирган – бу 1000 та янги иш ўринли йирик лойиҳа бўлади.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган