Ўқув маркази қандай солиқ тўлайди?

Республикада ўқув марказлари борган сари кўпайиб бормоқда. Уларнинг ҳаммасини ҳам солиқ тўлаш масаласида етарли билимга эга деб бўлмайди. Қуйида нодавлат таълим муассасаларини солиққа тортиш масаласига бироз ойдинлик киритамиз.

финанс

Вазият. Уч дўст биргаликда ўқув маркази очишди. Ўзларидан ташқари яна уч нафар ўқитувчини ишга олиб, жами олти киши дарс берадиган бўлишди. Давлат реестридан нодавлат таълим муассасаси сифатида рўйхатдан ўтказишди (ИФУТ коди – 85590). Марказнинг ташкилий ҳуқуқий шаклини эса, нотижорат ташкилоти этиб белгиладилар.

Муаммо. Солиқ тўловини белгилашда тушунмовчилик юзага келяпти – микрофирма сифатида у ягона солиқ тўловини тўлайдими ёки умумбелгиланган солиқними? Қолаверса, Президентнинг қарори билан белгиланган солиқ имтиёзлари ушбу марказга ҳам жорий этиладими?

Ечим. Аввало таълим марказлари фаолиятининг қонуний асосларини аниқлаб оламиз.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни 6- моддасига мувофиқ, таълим муассасаси юридик шахс бўлиб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда барпо этилади. Нодавлат таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида белгиланган тартибда давлат аккредитациясидан ўтган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқлари ва таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур модда таълим муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, ишлаб чиқилган устав асосида фаолият кўрсатади ҳамда уставда белгиланган вазифаларига мувофиқ, пулли таълим хизматлари кўрсатиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг бошқа турлари билан шуғулланишга ҳақли экани белгиланган.

Бу билан биз ўқув маркази юридик шахс сифатидаги фаолиятида нималарга асосланишини аниқлаб олдик.

Энди унинг солиқ тўлаш субъекти сифатидаги мақомини кўриб чиқамиз. Содда қилиб айтганда, марказ ягона солиқ тўловини тўлайдими ёки умумбелгиланган солиқними?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 350-моддасига мувофиқ, микрофирмалар ва кичик корхоналар ягона солиқ тўловини тўловчилардир (ушбу модданинг иккинчи қисмида баъзи мустасно ташкилотлар кўрсатилган, лекин улар бизга тегишли эмас).

Микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. Айтиш керакки, ходимлар сонига чекловлар фаолият йўналишига қараб турлича этиб белгиланган. Лекин, аввало “ходим” деганда кимлар тушунилишини белгилаб олайлик.

Демак:

– ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;

– ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади;

– юридик шахсларни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда юридик шахснинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади.

Энди ўқув маркази микрофирма ва кичик корхоналар сирасига кириш-кирмаслигини аниқлаб олайлик.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги «Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 275-сонли қарори билан Кичик тадбиркорлик субектлари тоифасига тегишли бўлган ташкилотларнинг таснифлагичи тасдиқланган (қарорнинг 1-иловаси).

Бу таснифлагичда «II. Таълим» секцияси мавжуд. ИФУТ гуруҳларига изоҳларга (2-таҳрир) мувофиқ, мазкур секция кундузги ёки сиртқи шаклда, шунингдек радио ва телевидение, Интернет тармоғи ва почта ёзишмалари орқали давлат томонидан бериладиган ёки хусусий турли даражадаги таълимни ва турли касбларга ўргатишни ўз ичига олади.

Демак, ўқув марказ микрофирма сифатида, ягона солиқ тўловини амалга оширса бўларкан-да?

Хулоса чиқаришга эрта – чунки, бизнинг ҳолатимизда, таъсисчилар марказни “нотижорат ташкилоти” деб рўйхатдан ўтказганлар. Юқоридаги Таснифлагичда келтирилган Изоҳларнинг 2- бандига мувофиқ эса, кичик тадбиркорлик субъектларига кирувчи ташкилотларни таснифлаш нотижорат ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Нодавлат таълим муассасаси нотижорат ташкилоти сифатида давлат рўйхатидан ўтгани сабабли, у кичик тадбиркорлик субектлари жумласига кирмайди ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлаши лозим бўлади.

Нодавлат таълим муассасаси (содда айтганда, ўқув маркази) тадбиркорлик субекти (тижорат ташкилоти) сифатида рўйхатдан ўтганда эди (табиийки, кичик тадбиркорлик субекти мезонларига тўғри келса), у ягона солиқ тўловини тўлашга ҳақли бўларди.

Энди иккинчи саволга ўтайлик – солиқ имтиёзлари бу ўқув марказига жорий қилинадими?

Афсуски, йўқ. Гап шундаки, 2006 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-325-сонли қарори қабул қилинган, унда таълим муассасалари учун солиқ имтиёзлари кўзда тутилган. Бу имтиёзларнинг амал қилиш муддати Республика Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сонли қарори билан 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилган.

Лекин, ПҚ-325-сонли қарорида назарда тутилган имтиёзлар нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Хулоса шуки, биз олган вазиятда, ўқув маркази “нотижорат ташкилоти” сифатида рўйхатдан ўтганлиги боис, ягона солиқ тўлаш тизимини қўллашга ва 2006 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-325-сонли қарорига мувофиқ солиқ имтиёзлардан фойдаланишга ҳақли эмас.

Бу ҳолатни янги нодавлат таълим муассасаси очаётган тадбиркорлар инобатга оладилар, деб умид қиламиз.

Манба

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган