Маълумотнома: ХУМШ фаолиятига аниқлик киритамиз

ХУМШ – хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолият кўпчилигимизга тааллуқли. У қандай ишлайди, нега унга пул тўлаймиз ва оддий фуқаро ширкатга таъсир кўрсата оладими – Kommersant.uzнинг маълумотномаси шу ҳақда.

дом7

ХУМШ нима ва у нега керак?

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУМШ) – бир ёки ёнма-ён жойлашган, умумий ер майдонига эга бир нечта кўп хонадонли уйлар хонадонлари мулкдорларининг уюшмасидир. Ширкат мулкдорлар ташаббуси билан тузилади, у нотижорат ташкилот бўлиб, ўзини ўзи бошқаришга асосланади, ўз уставига эга бўлади.

ХУМШ раиси қандай сайланади? Яшовчилар ХУМШ бошлиғи ёки ишчиларини ишдан бўшатиш ҳуқуқига эгами? Бунинг учун нима қилиш керак?

Ширкат бошқаруви раиси унинг аъзолари ичидан умумий йиғилишда сайланади. ХУМШ аъзолари эса хондаонлар мулкдорлари ва уларда яшовчилардир. Яъни, ширкат бошқаруви раиси ХУМШга кирувчи уйлардан бирида шунчаки яшовчи эмас, балки унинг мулкдори бўлиши керак. ХУМШ аъзолари бошқарув раисини қайта сайлаш ҳуқуқига эгалар, бунинг учун умумий йиғилишда қарор қабул қилишлари лозим.

Нега биз мол-мулк солиғини, коммунал хизматлар ҳақини тўлаймиз ва яна “квартплата” ҳам тўлашимиз лозим? Бу тўлов расман қандай номланади?

Коммунал тўловлар уларни етказиб берувчилар ҳамёнига бориб тушади. Биз ўзимиз истеъмол қилган коммунал хизматлар – иссиқ ва совуқ сув, иситиш, канализация, газ, электр, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун ҳақ тўлаймиз. Лекин, бундан ташқари, бутун уй учун умумий мол-мулк ҳам бор, уни яроқли ҳолда ушлаб туриш, хизмат кўрсатиш, таъмирлаш керак бўлади. Бу мол-мулкни яроқли ҳолда сақлаш билан айнан ХУМШ шуғулланади. ХУМШнинг умумий мулкка қараш харажатлари  мажбурий бадаллар деб аталади.

Уй-жой кодекси 132- моддасига мувофиқ, кўп хонадонли уйлардаги хонадонлар мулкдорлари мажбурий бадаллар шаклидаги умумий харажатларни ўз зиммаларига оладилар, улар умумий турар жойни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ва жорий ва капитал таъмирлаш ва шу уйга туташ ер участкасини сақлашга харажатларни компенсациялаши лозим. ХУМШ тўғрисидаги қонун 30- моддасида ҳам шу ҳақда сўз боради.

Яшовчи қўшимча тўловларсиз қандай хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга?

Бу хизматларга умумий мол-мулк: хонадонлараро зинапоялар панжаралари, зинапоялар, лифтлар, лифт ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чордоқлар ва томлар, уй ичи муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, механик, электрик, санитар-техник ва бошқа жиҳозлар таъмири киради.

Масалан, иситиш, иссиқ сув ва совуқ сув асосий қувурлари – умумий мулкка киради, чунки улар қайси хонадондан ўтса, барчасига хизмат кўрсатади ва уларнинг сақланиши бўйича жавобгарлик ХУМШ зиммасида бўлади. Асосий қувурлардан тарқалган қувурлар ва сантехника эса, хонадон эгасиники, чунки улар фақат унинг уйига хизмат кўрсатади. Тегишлича, уларнинг таъмири учун фақат у пул тўлайди.

Яшовчилар ХУМШга тўлайдиган бадал қандай шакллантирилади?

Мажбурий тўлов миқдори ХУМШнинг тасдиқланган иш режаси, даромадлар ва харажатлар сметасидан шаклланади. ХУМШ даромадлари сметаси унинг аъзолари ва нотурар жой эгалари мажбурий бадалларидан шаклланади. Харажатлар сметаси эса, ХУМШ харажатларига боғлиқ бўлади – бунга умумий мол-мулкни бошқариш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, ХУМШ ходимлари иш ҳақи, солиқлар, ХУМШ банк ҳисобларига хизмат кўрсатганлиги учун банк фоизи кабилар киради.

Агар яшовчи ХУМШдан қарздор бўлса, ХУМШ унга хизмат кўрсатишдан бош тортишга ҳаққи борми?

ХУМШга қонун билан бундай ҳуқуқ берилмаган. Лекин Турар жой кодексининг 134- моддаси уч ойдан зиёд муддатга тўлов амалга оширилмаса, комунал хизматлар кўрсатишни тўхтатиб туриш имконини беради. ХУМШ коммунал хизматларга ва уларни тақдим этишга кирмаса ҳам, шу қоидага риоя этилади. Шунингдек, ХУМШ қарздорларга маълумотнома бермаслик ҳуқуқига эга эмас, ҳолбуки амалиётда, қарздорликка қарши курашдаги мажбурий чора сифатида, шундай қилинади.

Қонунга кўра, яшовчи ХУМШ маблағлари қандай сарфланаётганлигини билиш ҳуқуқига эга. Нега амалда бундай эмас?

ХУМШ тўғрисидаги қонун 18- моддасига мувофиқ, ширкат аъзолари умумий йиғилиши – ширкатнинг олий органи. Лекин амалда ҳар ерда ҳам бундай эмас. Бунда аввало ХУМШ аъзолари, яъни яшовчиларнинг ўзлари айбдор. Бунинг сабаби турлича: қонунни билмаслик, ҳуқуқий маданият пастлиги, фаол фуқаролик позицияси қўйлиги, аҳоли инертлиги – улар ўз ХУМШ ҳаётида қатнашишни истамайдилар, умумий йиғилишга келмайдилар.

Бундан ташқари, ХУМШ тўғрисидаги қонуннинг 4- моддасига кўра, ширкат харажатлари тўғрисидаги ахборот унинг аъзоларидан яширилиши мумкин эмас. Шу сабабли, исталган яшовчи ўз ХУМШга келиб, бу ахборот билан танишиши мумкин.

ХУМШ кимга бўйсунади?

ХУМШ тўғрисидаги қонун 18- моддасига мувофиқ, ХУМШ фақат ўз аъзоларига, хонадонлар мулкдорларига бўйсунади. Жойлардаги ҳокимият идоралари билан ўзаро муносабатлар эса, ортиқча ҳомийликсиз, ширкатнинг мустақил фаолият юритувчи турар жой мулкдорлари ўзини ўзи бошқариш институти сифатидаги мақомидан келиб чиқиб амалга оширилади.

 

Энг кўп ўқилган