Тадбиркорлар йили. IT-соҳа вакиллари нималардан умидвор?

Kommersant “Тадбиркорлар йили: бизнес нимани кутмоқда?” махсус лойиҳасини давом эттиради.

2018-biznes

Бизнес бу йилга қандай умидлар боғлаганлиги, қандай режалар борлиги, шунингдек, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”дан нималар кутилаётгани ҳақида сўзлаймиз. Навбатда – Ўзбекистон IT-соҳаси вакиллари.

Телеком тармоғи:

Грюнберг 1 она лучшеТону Грюнберг
Ucell бош директори

2018 йилда биз Ўзбекистон вилоятлари ва минтақаларида тармоқ билан қоплаш бўйича етакчиликни сақлаб қолиш, шунингдек аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларда тармоқ қамровини кенгайтириш ниятидамиз. Интернетдан фойдаланиш тенденцияси ўсиб боришини инобатга олиб, Ucell 3G ва 4G тармоқларини ривожлантиришни давом эттиради, маълумотлар узатиш тезлигини оширади.

Тармоқнинг ривожланиши бевосита ўрнатилган база станциялари миқдори ортишига боғлиқ. Афсуски, уларни ўрнатишга рухсат берувчи ҳужжатларни олиш жараёни кўп вақт олади, баъзида бир йилгача чўзилиб кетади. Масалан, 150 дан зиёд база станциялари қурилган ва ишга туширилишини кутмоқда, лекин рухсат берилишининг чўзилиши абонентларга сифатли хизматлар тақдим этиш жараёнига салбий таъсир кўрсатади. 2018 йилда база станцияларини ўрнатиш бўйича таомилларнинг соддалашувини кўришни истардик.

____________

РахимовФахритдин Раҳимов
“Texnoprosistem” МЧЖ директори

Замонавий дунёда тадбиркорлик юксак технологиялар, жумладан телекоммуникация билан чамбарчас боғлиқ. Кўп ҳолларда бизнеснинг муваффақияти ахборот етказиш тезлигига, рўй бераётган жараёнларга ўз вақтида муносабат билдиришда ва ўзгариб бораётган шароитларда тезкор қарорлар қабул қилишга боғлиқ бўлади.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлар эканмиз, жорий йилда интернет-хизматлар сифатининг янада яхшиланиши учун керакли шарт-шароитлар яратилишини – ҳам ташқи тармоқларда, ҳам республика ичида маълумотлар узатиш тезлиги ортишини, алоқа инфратузилмаси ривожланиши учун қулай шароитлар яратилишини ва операторлар ўртасида алоқанинг мақбул тарифларда биргаликда фойдаланилишини кутмоқдамиз.

____________

шуковДмитрий Шуков
Beeline Uzbekistan бош директори

2018 йилдан нималар кутмоқдамиз? Кўп янгиликларни,  зеро у “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган. Бу чуқур рамзий маънога эга бўлиши баробарида, табиий ҳамдир – жамият интернетлашуви суръати ва мамлакат ЯИМ ўсиши ўртасида йиллар давомида синалган аниқ боғлиқлик мавжуд.

2018 йилдаги режаларимиз – ташқи канални ҳозирги 12 Гбит/сек.дан бир неча баробарга ошириш. Сўзсиз, бундай ўсиш абонентлар учун мобил интернет нархи пасайиши ва 1000 та атрофида янги 3G ва 4G база станциялари қурилиши билан биргаликда кечади. Huawei дан тортиб Apple гача бўлган энг йирик жаҳон ишлаб чиқарувчилари билан қатор лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз, IT-хизматлар экспортини кенгайтиришда қатнашиб, USENET ва MobiCon каби халқаро тадбирларда қатнашиш орқали Ўзбекистоннинг хорижда танилишига ҳисса қўшиш ниятидамиз.

Шу ўринда йил номининг биринчи қисми ҳақида фикр билдирмоқчиман: 2018 йил, аввало, фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йили бўлмоғи керак. Шу муносабат билан, бизнесга солиқ юкламасининг камайтирилиши ва мамлакат ҳамда жамият билан бирга ўзгаришни ва ривожланишни истамаётган амалдорлардан том маънода ҳимоялаш ҳақида ўйлаб кўриш ортиқчалик қилмайди.

Оддий мисол: ўтган йилда биз Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг компанияга нисбатан, уяли алоқага мутлақо алоқаси бўлмаган нормативларнинг гўёки “бузилганлиги” юзасидан тўқиб чиқарилган сабабларга кўра ниҳоятда йирик иқтисодий санкция қўллашга уриниши билан дуч келдик.  Ўша гал бизнинг асосли раддияларимиз ва инспекция раҳбариятининг ўзгариши Beelineни жаримага тортилишидан асради. Менимча, олдингидек инвесторлардан “пул ундириш” бир лаҳзалик тактик самара беради, лекин пировардида иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бузилишига олиб келади. Бундай юзсизларча ёндашув ўтмишда қолиши керак ва технологияларнинг ривожланишига бағишланган йилда ААТТНДИнинг янги раҳбариятидан ва тармоқ назорат органидан Президент томонидан соҳа олдига қўйилган вазифаларни адо этишда амалий ҳамкорлик кутиб қоламиз. Beelineга келадиган бўлсак, биз олдимиздаги вазифаларнинг уддасидан чиқамиз ва тармоққа ўз мақсадларига эришишда кўмак беришга тайёрмиз.
____________

Технологик бизнес:

юсуфовАзизбек Юсуфов
Lebazar.uz маркетинг бўлими бошлиғи

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”дан  lebazar.uz интернет-дўконининг умидлари катта.

Электрон тижорат соҳасидаги қонунчиликнинг такомиллашувини кутмоқдамиз. Гап шундаки,  ҳалигача электрон тижоратнинг аксарият қисми “Воситачилик хизматлари” тоифасига киритилади ва фойдадан 33 фоизлик солиқ тўланади. Электрон тижорат корхоналарини бирхиллаштириш ва тизимлаштириш учун “Электрон тижорат” тоифаси киритилиши лозим.

Электрон тижоратдаги ҳар қандай бизнес ривожланиш учун катта маблағ киритилишини талаб қилади. Қозоғистонда бўлгани каби, электрон тижорат соҳасидаги ёш компаниялар тикланиши учун солиқдан озод қилинадиган имтиёзли даврлар ёки солиқ таътиллари берилиши борасидаги қўшни мамлакатлар амалиётига эътибор бериш лозим. Масаланинг ечими ўлароқ, Ўзбекистонда Мирзо Улуғбек номидаги инновацион марказ ташкил этилди: электрон тижорат субъектларини ҳам ушбу марказ резидентлари қаторига қўшиш мумкин.

 Бу йилда электрон тижорат соҳасида кутилмаган ва асоссиз текширувлар бўлмайди, деб умид қиламиз.

Севимли истеъмолчиларимиздан ҳам интернетдан кўпроқ фойдаланишларини ва электрон тижорат орқали харид қилишларини кутиб қоламиз. Ўз навбатида, истеъмолчиларимиз бизнинг серивисимиздан доимо хурсанд бўлишларига интиламиз.
____________

шукуровИззат Шукуров
Newmax Technologies LLC директори

Маҳаллий ёки хорижий инвестор учун  энг муҳими – бу бозорда бир хил шартлар бўлишидир. Бунинг учун биз эркин бозор муносабатлари шароитида ишлашни бошлашимиз лозим. Мамлакатнинг истиқболи юксак ва мен иқтисодиётни бизнес шаффофлигига олиб борувчи йўл танланади, деб умид қиламан.

Солиқ ва божхона ислоҳотини кутмоқдаман ва шунга умид боғлаганман. Давлат муассасалари ва ташкилотлари самаралироқ ишлашни исташларини ва ўз жараёнларини автоматлаштириш учун инновациявий қарорлар жорий этишларини кутмоқдаман.

Банк тармоғи жонланиб қолади, деб умид қиламан. Афтидан шу кунлардаёқ банклар ўзларининг самарадорликлари ҳақида ўйлай бошладилар ва жисмоний шахслар бозори томон юзланмоқдалар. Бу – ажойиб қадам. Ҳар қалай, молиявий тармоқ ҳар қандай иқтисодиётнинг локомотивларидан бири ва бизда у ҳақиқатан кучли бўлмоғи лозим. Инновациялар йилида интернет тўрт баробар тезроқ ишлайди, дейишяпти. Ўн баробар тезроқ ва  ҳамёнбопроқ бўлсин!

Ўз томонимиздан, биз бир қанча инновацион ечимлар тайёрламоқдамиз ва бу йилда маҳсулотларимиз янада қулай, янада яхшироқ ва самаралироқ бўлади. Шундай экан, жорий йил бутун республика учун ўта муваффақиятли бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз.
____________

азамовМузаффар Аъзамов
Mato.uz директори

Давлат идоралари, бизнес ва аҳоли жорий йилда узоқ йиллик кутиш режимидан фаол ҳаракатлар режимига ўтиши керак бўлади.

Агар ислоҳотларга қаратилган курс қандайдир (балки қонуниятларга асосланган) тасодиф туфайли йўлдан оғишмаса, жамиятнинг мавқеи ошиб боргани сари давлат амалдорларининг тафаккури тобора тадбиркорлик руҳини касб эта бошлайди.  Бунда, ниҳоят, давлат илоралари бир-бирининг ишини такрорламай, бевосита функционал мажбуриятларини бажаришга ўтади.

Бошланган валюта ислоҳоти мантиқий давомига эга бўлишига катта умид боғламоқдаман, айниқса, узоқ кутилган солиқ ислоҳотлари ўтказилишининг эълон қилинганлиги, шунингдек, жорий йилда асоси барпо этиладиган бошқа ижтимоий-сиёсий соҳаларнинг модернизацияси қувонтиради.

Буларнинг бари, умид қиламанки, барча тадбиркорлар учун тенг ва адолатли имкониятлар тизимини яратиш имконини беради. Пировардида, янада кўпроқ фуқароларни тадбиркорликка жалб қилади ва фаровонлик даражасини оширади.

Биргина йил камлик қилади, лекин беш йилдан кейин дунё “ўзбек иқтисодий мўъжизаси” ҳақида, ўн йил ўтгач эса – “Осиё йўлбарси” дея сўзлаши ҳақидаги умид қалбимни ёндиради.
____________

АдхамовЛазиз Адҳамов
IT-эксперт

Энг катта муаммо иқтисодиёт реал секторида 2018 йил учун дастурий маҳсулотларни жорий этишга IT-бюджетлар белгиланмаган ва асосланмаган. Бу индустрияда қуруқ “инновация” ва “айти” сўзларидан бошқа ҳеч нарса йўқ, биз рақамли индустрия ёки рақамли ҳукумат бўйича реал дастурни кўрмаяпмиз. Инновация тушунчаси ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар, порталлар ва электрон навбат, шунингдек принтер, компьютер ва серверлар харид қилиш атрофида ўралашиб қолгандек тасаввур уйғонмоқда.

Инновациялар ва рақамлаштириш мамлакат олдида турган асосий вазифа – кимё, нефть-газ ва металлургия соҳаларида, нақлиётда меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам бериши мумкинлигини бизда тушунишмаяпти. Шу сабабли янги Инновациялар вазирлигида инновация кунини ўтказиш, рақамли ўзгаришлар бўйича жаҳон еткачиларини таклиф этиш зарур. Экспертлар инновация нима эканлигини сўзлаб бера оладилар. Масалан, Гарвард профессори, “Disruptive innovation”  атамаси муаллифи ва дунёнинг йирик компаниялари стратегик инновациялар бўйича маслаҳатчиси Клейтон Кристенсенни таклиф қилиш мумкин.

Вақт билан ҳамнафас юришга ҳалақит бераётган иккинчи омил – бу булутли технологияларга нисбатан гўёки империализм қутқусидек ёмон муносабатда бўлишимиз. Аслида, энг янги технологияларни жўшқин ва минимал харажатлар билан татбиқ этиш учун бутун дунёда CAPEX (ДТ жиҳозларига капитал харажатлар)дан OPEX моделига ўтилмоқда. Бу модель харажатлар қайта тақсимланиши ҳисобига маҳсулотнинг таннархини камайтириш имконини ҳам беради, бу маҳсулотларимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги учун муҳим саналади.

Ҳозирдаёқ барча стратегик ишланмалар ва янги технологиялар фақат булутли муҳитда тақдим этилмоқда. Ўзбекистоннинг булутли омборлар борасидаги қарашларини билишни истардим, агар ягона рақамли макон сифатида маҳаллий булутни ривожлантириш дастури бўлса, бу ҳақда IT-тадбиркорларни, дастурчиларни хабардор этиш лозим.

Мирзо Улуғбек инновациялар маркази яратилишини муносиб баҳоламай ўта олмайман. Бироқ ҳар бир туман ҳокимлигида IT соҳасидаги дастурчилар ва мутахассисларни тайёрлаш дастури бўлмоғи лозим. Шунингдек, минтақа ва вилоятларнинг рақамлаштириш бўйича мусобақалашуви фойдали бўлади. Бунда ушбу марказ ёшлар, мактаб ўқувчилари орасида айти-соҳада ишлашни фаол тарғиб этиш мақсадида минтақаларга чиқиб, фаол роль ўйнаши мумкин.

Президент интернет тезлигини камида тўрт мартага оширишни ваъда қилди в бу тўғри ва долзарб ечим бўлди – усиз юқоридагиларнинг бирортасига эришиб бўлмайди. Лекин бу жуда кам – тезликни 20 мартага ошириб, бир вақтнинг ўзида тўғри ва фойдали маҳаллий контент ва ресурсга фаол инвестициялар киритиш лозим. Акс ҳолда бутун трафик бефойда видео кўришга сарфлангани қолади.

Электрон тижорат тўғрисидаги қонунларни жадал қайта кўриб чиқиш керак – амалдаги қонун-қоидалар бу тармоқнинг фаол ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Жорий йилда кутилаётган солиқ ислоҳоти электрон тижорат ривожланишига туртки беради, деб умид қиламиз.

Венчур инвестициялари тўғрисидаги қонунсиз ёш тадбиркорлик ривожланиши бўлмайди – уни 2018 йил биринчи ярмида интиқлик билан кутмоқдамиз.

Рақамли технологияларни татбиқ этишда синаб кўришдан чўчимаслик керак – бу бир вақтнинг ўзида ҳам спринтер, ҳам марафондир, унда фикрлар кўлами ва жасорат талаб этилади. Лойиҳаларни бошқаришнинг турли инстанциялар билан концепциялар ва техник топшириқларни узоқ келишиб ўтирмай, мослашувчан бошқариш услуби ҳам талаб этилади.

Энг муҳими – мерос қолган инфратузилмани ўзгартиравериш ва эски, ишлаб турган плафтормаларга таяниш керак эмас. Ҳаммасини нолдан янгидан барпо этиш зарур. Фақат шунда рақамли трансформацияда илгари силжиш бўлади.
____________

азимходжаевВладислав Азимходжаев
Stolik.uz таом етказиб бериш хизмати ҳаммуассиси

Реалистлигимизга содиқ қолган ҳолда, биз соҳамизда катта ўзгаришлар ёки  туб бурилишларни кутаётганимиз йўқ.

Жорий йилда давлатдан бир қанча жуда муҳим ўзгаришларни кутмоқдамиз. Биринчидан, давлат идоралари билан ўзаро алоқа жараёнларининг соддалашувини кўриш истагидамиз.

Ишимизда интернет, эҳтимол, энг асосий ролни ўйнайди, шу сабабли, ваъда қилинганидек, интернет тезлиги ошса, нархи, ҳеч бўлмаганда, 1,5-2 баробарга камайса деймиз.

Ва, албатта, нафақат бу йил, балки кейингиларида ҳам назорат қилувчи идралар хусусий корхоналар ишига иложи борича камроқ аралашса айни муддао бўларди.
____________

Сиз Kommersant “Тадбиркорлар йили: бизнес нимани кутмоқда?” махсус лойиҳаси билан танишмоқдасиз. Лойиҳанинг бошқа материаллар билан бу ерда танишишингиз мумкин.

 

Ўхшаш материаллар
  • Бизнес-омадсизлик: Megaskidka.uz.   1053  06.06.2017

    Ғалаба ва муваффақиятларга қулоқ тутишни ҳамма ёқтиради, бироқ ютуқларни эмас, мағлубиятларни ўргани...

Энг кўп ўқилган