Тадбиркорлар йили: Умумий овқатланиш тармоғи – 2018 йилдаги ўзгаришлар ҳақида

Жорий йилга боғлаган умидлари ҳақида республикадаги етакчи рестораторлар сўзлаб бердилар.

2018-biznes

Ўзбекистонда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бу умумий овқатланиш тармоғига ҳам тегишли эканлиги шубҳасиз.

чустийБаҳриддин Чустий
Ресторатор, Chustiy Cuisine, Tez food, Oshxona.uz
ва Sal-Sal юксак ўзбек таомлари ресторани
бренд-шефи ва ҳаммуассиси

2018 йилда биз солиқ соҳасида катта ўзгаришларни кутмоқдамиз. Бошқа мамлакатлар билан солиштирсак, бизда умумий овқатланиш муассасаларига солиқ юқори эканлигини кўрамиз. Умумий тушумнинг 10 фоизи – бу жуда кўп. Бу ҳатто Россия ва Қозоғистондагидан ҳам бир неча баробар юқори. Ходимлар бўйича солиқлар ҳам юқори.

Агар ресторан очсангиз ва 25 нафардан кўп одам ёлласангиз, солиқ фоизи сезиларли даражада ўсади.  Баъзи ресторанлар, бир неча нуқталардан иборат тармоққа эга бўлсалар, ҳар бирини алоҳида фирма сифатида расмийлаштириш орқали солиқ фоизини бироз бўлса-да камайтиришга уринадилар. Ўзгаришлар айнан мана шу йўналишларда бўлишини, натижада ишимиз енгиллашишини кутамиз.

абдуллаевТимур Абдуллаев
Ресторатор, Ресторан бизнеси академияси раҳбари,
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ресторан
ва меҳмонхона бизнесини ривожлантириш қўмитаси раиси

Мен бизнес ва давлат ўртасидаги мулоқот ахийри ўз самарасини беришидан умиддаман, аниқроғи, бунга ишонаман. Давлат идораларини бизни эшитибгина қолмай, тушунишларини ҳам хоҳлардим. Тадбиркорлар узоқ вақт ўз муаммолари ҳақида очиқ айтишга чўчиб келдилар.

Шунингдек, амалий муҳитни яхшилаш бўйича аниқ чоралар ва таклифларни ишлаб чиқишда бизнеснинг ўзи фаол иштирок этса, самаралироқ ва тўғрироқ бўларди, деб ҳисоблайман. Бу ерда  икки қўл иштирокисиз – давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигисиз қарс чиқмаслиги тамойилига амал қилиш керак. Шундай экан, Ўзбекистондаги HoReCa бозорида гулдурос қарсакларни кутиб қоламиз.

ильсурИльсур Гайфуллин
Caravan Group ҳамсоҳиби

Аҳолининг харид қобилияти ўсишидан умидвормиз. Ўзбекистонда ҳозирда рўй бераётган барча ўзгаришлар, кадрлар алмашинуви – булар инқилобий аҳамиятга эга, улар ҳақда орзу ҳам қила олмасдик. Агар улар шу суръатда давом этса, яқин келажакда атрофимиздаги олам бутунлай ўзгача тус олади. Менда ҳозирги вазиятни қиёслаш учун имконият бор.

Биринчи инқирозгача ресторан бизнеси қандай кўринишда бўлганлигини яхши эслайман – кўплаб муассасаларга кириш муаммо эди, меҳмонлар, жумладан чет элликлар жуда кўп бўларди. Ўшанда нафақат Ўзбекистонда , балки бутун Марказий Осиёда кўплаб хорижий компаниялар ва ваколатхоналар иш юритарди, улар айнан Тошкентда жойлашганди. Бизнес фаоллик юқори даражада эди.

Менимча, эндиликда бизнес фаоллик янада жадал суръатда ўсади ва одамлар молиявий аҳволи яхшиланади. Мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун кўп ишлар қилинмоқда, улар албатта бизнесменлар, инвесторлар ва сайёҳларни жалб қилади. Бу ҳол биз, рестораторларни жуда қувонтиради. Мамлакатимизнинг кўплаб меҳмонлари учун Caravan Group ресторанларига ташриф буюриш саёҳатларининг муҳим банди эканлигини ҳис этиш ёқмай қолмайди. Компаниямиз меҳмонларимиз истакларини ўрганишга кўп куч ва вақт сарфлайди, шу сабабли биз мунтазам равишда янги таомлар ўйлаб топамиз, улар билан менюимизни бойитамиз. Билим ва тажрибамиз етарли аммо керакли маҳсулот ва масаллиқлар бўлмай қолади. Агар меҳмонлар ўз шаҳрида ва ўз дастурхонида кўришга ўрганиб қолган  маҳсулотларга божлар пасайтирилса, вазият сезиларли ўзгаради.

Пишлоқлар, гўшт маҳсулотларининг айрим турлари, балиқ, денгиз маҳсулоти, шароблар, таомларнинг афзалликларини талаб даражасида етказиб бериш учун зарур бошқа масаллиқлар шулар жумласидан.

Бунга эътибор бериш муҳим, чунки биз – рестораторлар кўпинча ноқулай аҳволда қоламиз: пойтахтимиз меҳмонларига уларнинг ватанида 5 евро турадиган бир бутилка вино нега бизда $80 ва ундан юқори эканлигини тушунтириш қийин. Улар бунинг сабаби бизнинг пул ишлаб қолиш истагимизда эмас, балки турли акцизлар, божхона ставкалари ва шу кабилар нархга таъсир кўрсатганлигига ҳар доим ҳам ишонавермайдилар.

Бундан ташқари, яна бир муҳим масала мавжуд – ресторан бизнесида ишлаётган мутахассислар маълумоти. Ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг билим савияси пастлиги билан кўп тўқнаш келамиз. Олий таълим муассасалари ҳам бизнинг йўналишимиз бўйича саноқли, улардаги таълим услублари эскирган ва замонавий тенденциялар ҳамда бозор талабларига жавоб бермайди. Ресторан индустриясида етакчилик қилувчи мамлакатларда ошхонага оддий ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишга кириш учун ёшлар орасида машҳур махсус ўқув муассасаларида камида уч йил ўқиш керак бўлади. Бу муассасалар битирувчилари орасидан голливуд юлдузлари каби таниқли кўплаб ошпазлар чиққан. Бизда эса, бош ошпазлар ҳам СанПиН – умумий овқатланиш муассасаларида ишлаш қоидалари ва стандартларини белгиловчи асосий ҳужжат талабларини билмасликлари мумкин. Таълим масаласи билан жадал ва жиддий шуғулланиш керак. Акс ҳолда шоҳона зал ва антисанитар аҳволдаги хароб ошхона уйғунлигидан қутулиб бўлмайди.

Унутмаслигимиз керак: одамлар, албатта, умумий овқатланиш масканларида мусиқа тинглаб, роҳатланиб ҳордиқ чиқаришни истайдилар. Аммо, энг асосийси, ўз саломатлигига зарар келтирмаган ҳолда мазали овқатланиш учун келадилар. Ресторан бизнеси илғорларидан прогрессив тажрибани ўзлаштириш жуда муҳим. Қувонарлиси шуки, мамлакатимизда бу жараён амалга ошмоқда. Туркия, Италия, Франция, Исроил ва Германиядан келган ошпазлар шаҳримиз ресторанларида ўз билимлари ва тажрибалари билан ўртоқлашмоқдалар. Афсуски, сервис мутахассисларигача ҳали етиб борилгани йўқ. Яқин келажакда бу индустрия вакиллари ҳам мамлакатимизга келадилар ва ўз билимлари билан ўртоқлашадилар, деб умид қиламан. Бу ресторан бизнеси ва умуман жамият ривожи учун ниҳоятда аҳмиятли.

Шу билан бирга, кўп нарса ўз қўлимизда эканлигини ва енг шимариб, янада фаолроқ бўлишимиз ҳамда замон билан ҳамнафас қадам ташлашимиз лозимлигини яхши англаймиз. Истагимиз ҳам шу. Бир йил ичида кўрганимиз ўзгаришлар ўн йилда ҳам рўй бермаганди! Бу барча янги имкониятлар бизда ушбу оламшумул жараён иштирокчилари бўлиш истагини уйғотмоқда.

максудовСанжар Махсудов
Smart Group Restaraunt,
бошқарувчи шерик

Бу йилдан умидимиз жуда катта ва фақат сўқиргина рўй бераётган ижобий ўзгаришларни пайқамаслиги мумкин. Инвесторлар кела бошлади, анча олдин юртни тарк этган ватандошларимиз қайтмоқдалар,  сайёҳлар оқими жонланиб қолди. Ресторан бозори ҳам бунга дарҳол муносабат билдирмоқда. Жаҳон даражасидаги кўплаб янги ретсоранлар очилмоқда. Яқин ярим йил ичида биз ҳам тўртта йирик ресторан очишни режалаштирдик. Уларнинг ҳар бири катта воқеа бўлади.

Муаммоларга келсак, улар, ҳақиқатан, кундан-кунга камайиб бормоқда: кичик корхоналар учун ходимлар максимал сони оширилди, банкдан харидлар учун нақд пул берилиши масаласи ҳал бўлди, конвертация очилди ва бунинг натижасида бозорда олдин олиш қийин бўлган маҳсулотлар пайдо бўлди. Ҳозирда ресторанлар иш вақтини 24 соатгача узайтиришни режалаштирмоқдалар, бу бизни қувонтирмай қолмайди. Кўп сонли чет эллик меҳмонларимизга кеча энг қизиган пайтда зални бўшатишни сўраётганимиз сабабини узоқ тушунтиришга тўғри келарди.

Мавжуд муаммолар ичида ҳозирда энг долзарби, ўйлашимча, меҳнат бозорида малакали ходимлар йўқлигидир. Касб-ҳунар коллежлари, афсуски, билимли ходимлар етиштириб бермаяпти, уларни нолдан бошлаб ўргатишга тўғри келмоқда.

Яна бир муаммо – айланмадан 10 фоиз солиқ – бу ривожланаётган тармоқ учун кўплик қилади ва агар бизнес очиқ бўлишини истасак, фоизни камайтириш керак, деб ўйлайман. Умуман олган, ҳукмуатимиз юритаётган ҳозирги сиёсат бизларга оптимизм бахш этади ва биз келажакка астойдил ишонамиз.
____________

Kommersant.uzнинг “Тадбиркорлар йили: бизес нимани кутмоқда?” номли махсус лойиҳасини ўқимоқдасиз. Лойиҳанинг бошқа мақолалари билан бу ерда ва мана бу ерда танишишингиз мумкин.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган