“Таксилар жанги”: нега “Яндекс. Такси” учун бозоримизда фойда кўриш шарт эмас?

Яқинда чоп этилган мақоланинг давоми. Бу гал ITга урғу берилади.

Kommersant Ўзбекистон такси бозори ва умуман, ички бозорда “Яндекс. Такси” кириб келиши шу сабабли қандай ўзгаришлар рўй бериши ҳақида ёзганди. Унда мамлакатдаги иқтисодий вазият ва чет эл компаниялари келтириши мумкин бўлган таҳдидлар батафсил ўрганилганди.

Навбатдаги материалда маҳаллий бозорда имкониятлар борми ёки йўқлиги IT нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.

2- қисм. Интеграциялашган компаниялар

Иккинчи қисмга ўтишдан олдин, материалнинг биринчи қисмига нисбатан муносабатлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Кўпгина одамлар материалда гўёки MyTaxiдан буюртма ва “Яндекс-Uber”ни тақиқлашга чорловни кўрибдилар.

Лекин материалнинг ғояси бутунлай бошқача эди: Ўзбекистон бозорида янги муаммо юзага келди ва ҳукумат уни ҳал қилмоғи лозим. Бунда кимнинг фойдасига қарор қабул қилинишининг аҳамияти йўқ, муҳими – ўйин қоидаларни белгилаш ва ҳам маҳаллий, ҳам чет эл компаниялари учун мавҳумлик даражасини камайтириш лозим. Шунда маҳаллий компаниялар ҳукуматнинг шундай масалалар бўйича мавқеини инобатга олган ҳолда ишларини режалаштирадилар. Чет эл компаниялари эса, ўйин қоидаларини билган ҳолда бозорга кирадилар ва кутилмаган тақиқларга дуч келиш хатаридан (бу мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига путур етказмай қўймайди) холи бўладилар.

Амалда, “Яндекс-Uber”, қоидалари ноаниқ бозорга кириб, ўзини хатарга қўйди. Uber дунёнинг 630 дан зиёд шаҳарларида фаолият юритади, қарийб 10 йилдан бериш ишлайди. Демак, Ўзбекистонда жаҳон мамлакатларининг ярми тўплаган тажрибани ўрганиш ва ўз қарорини ишлаб чиқиш имконияти бор, тақиқлар эса – энг ёмон вариант.

Муаммо такси агрегатлари бозори билан чегараланмайди. MyTaxiни мисол қилганимизнинг боиси – у маҳаллий компаниялар ичида биринчи бўлиб бу турдаги чет эл компаниясига йўлиқди.

Келгусида бозорга PayMe, Click ва бошқа тўлов тизимлари рақобатчиси – “Яндекс. Деньги/Касса”, MyTaxi Express, Stolik, Bringo рақобатчиси – UberEATS, Olx, Uybor рақобатчиси –  “Яндекс. Недвижимость/Авто” кириб келишини кутиш мумкин.

Венчур моделдан ташқари, мазкур хорижий IT-компанияларни (ва яна бошқаларини) яна бир жиҳат боғлаб туради – бу метаахборотдан фойда кўриш. Мақоламизнинг биринчи қисми умумиқтисодий масалаларга бағишланган бўлса, иккинчи қисмида IT-компаниялар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ва уларнинг ахборот билан ишлаш услубларига тўхталамиз.

Дастлаб реклама ва Facebook ҳақида

Яна гапни узоқдан бошлаймиз – бевосита такси агрегаторларига ўтишдан олдин, WhatsApp мессенжерининг Facebook компанияи томонидан ақл бовар қилмайдиган 22 млрд. долларга сотиб олингани ҳолатини кўриб чиқамиз. Битим тузилган пайтда мессенжердан фойдаланувчилар 500 млн кишини ташкил қилган, мессенжер хизматларига обуна бўлиш нархи эса, ҳар бир фойдаланувчи учун йилига 1 доллар эди.

Бундан келиб чиқадики, амалиёт харажатларини ҳисобга олмаганда ҳам, битим қийматини қоплаш учун 44 йил обуна пулини йиғиб боришга тўғри келарди. Бунинг ақлга сиғмаслиги табиий. Мессенжерни сотиш ёки инвессорлар жалб қилиш ҳам компания режаларига кирмайди. Унда бу харид ўзини қандай оқлайди?

Вертикал интеграция – маҳсулот ишлаб чиқаришдаги бир неча кетма-кет босқичларни (бир вертикалга) бирлаштириш. Масалан, шарбат ишлаб чиқарувчи компания фермер хўжалигини харид қилади ва шарбат учун мевалар етиштирилишини назоратга олади – чет етказиб берувчиларга боғланиб қолмайди.

fb-kupi-whatsapp-2

Иқтисодий нуқтаи назарга кўра, Facebook компанияси – бу реклама холдинги, унинг асосий маҳсулоти – таргетланган (аниқ мўлжалга йўналтирилган) реклама. Facebook ижтимоий тармоғи, Facebook сотиб олган Instagram, WhatsApp ва бошқа ўнлаб (агар юзлаб бўлмаса) компаниялар бир мақсадга –рекламанинг таргетлануви имкониятини оширишга, яъни ушбу рекламани керакли истеъмолчига йўналтиришга хизмат қилади.

Шу жиҳатдан Facebook учун WhatsApp – шунчаки мессенжер эмас, балки бу мессенжер фойдаланувчилари ҳақида ахборот (метаахборот – маълумот ҳақидаги ахборот) олиш учун хазинанинг ўзи. Бу маълумотларни big data услубида олиш ва таргетлаш учун ишлатиш мумкин.

Facebookдаги АҚШ аҳолиси учун реклама 98та жиҳат бўйича созланади (бу – минимум, 2016 йилги маълумот), бу реклама берувчига рекламани ҳаммага ёппасига эмас, балки, масалан, фақат яқинда уйланган қора танли, 30–40 ёшлар атрофидаги, олий маълумотли, Вашингтон яқинида хусусий уйда яшовчи эркакларгагина кўрсатиш имконини беради. Агар реклама берувчи айнан шу тоифа одамларга керакли ниманидир реклама қилаётган бўлса, рекламаларнинг харидларга айланиши натижавийлиги аъло даражада бўлади. WhatsApp компанияга одамларни турли тоифаларга “саралаш” иконини берувчи мана шундай фильтрларни шакллантириш ва сотишда ёрдам беради.

Win-win вазият юзага келади: реклама берувчи самарали рекламани харид қилади, Facebook шахсга йўналтирилган рекламани қимматга сотади, фойдаланувчи ҳаммага бирдек ёқмайдиган реклама баннерларини эмас, фақат ўзини қизиқтирадиган мавзудаги рекламани кўради.

“Яндек. Такси”нинг нима алоқаси бор?

Энди мавзуга қайтайлик. “Яндекс”ни ҳам интеграцияланган реклама холдинги сифатида кўриш мумкин (“Яндекс. Директ”). Реклама сотуви “Яндекс” даромадининг 94 фоизини ташкил қилади. “Яндекс” кўрсатадиган хизматлар кўлами жуда кенг (Googleнинг ҳаваси келса арзийди). Лекин бу ўнлаб турли сервислар компания даромадининг атиги олти фоизини келтиради.  Шу сабабли улардан кўзланган мақсад – даромад келтириш эмас, балки фойдаланувчининг максимал батафсил портретини шакллантиришдир.

“Яндекс. Деньги” – ким ва нимага сарафлашини, “Такси”, “Навигатор”, “Карты” – қаерда яшаши, ишлаши, қаерда харид қилишини кўрсатади. Қандай товарларга қизиқади, саломатлиги, кўчмас мулки, янгиликлар, саёҳат, кинолар кўриши, мусиқа, радио тинглаши… “Яндекс” хизмат кўрсатмайдиган соҳани топиш қийин. Бу сервисларнинг ҳаммаси ё арзон ёки бепул ва, ҳатто, зарар кўриб ишлайди, лекин “Яндекс. Директ” реклама таргетлови учун тўхтовсиз ахборот етказиб туради.

Шу сабабли “Яндекс. Такси” Ўзбекистонда пул топиш учун(гина) келмаган (ўзини қопласа – кифоя), балки асосий мақсад ким ва қаерга боради, қаерда яшайди, ишлайди, ўқийди – шуларни аниқлашдан иборат. Таксининг кетидан бошқа сервислар кириб келади –UberEATS (“Яндекс-Uber” альянсининг бир қисми) ёки «Яндекс. Еда» – у MyTaxi Express, Bringo, Stolik билан рақобатга киришади. Эҳтимол, кобейжинг карталар жорий этилгач, “Яндекс. Деньги”/“Касса” келади ва PayMe, Click ҳамда бошқа, банк қаноти остида бўлмаган  тўлов тизимларига рақобатчи бўлади. “Яндекс. Недвижимость”/“Авто” – UyBor, Olx.uz ва бошқалар била рақобатлаша бошлайди ва шу тарзда, “Яндекс”нинг ўзи билан кифояланиб қолинмайди.

UberEATS-Abu-Dhabi

Шу тариқа, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари баъзи компаниялар учун асосий ва, ҳатто, ягона даромад манбаи бўлиши мумкин. Бунда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари, уларни сақлаш, узатиш, сотиш, учинчи шахслар фойдаланиши, фойдаланувчиларнинг ўзлари улардан фойдаланиш ва уларни бошқариш имкониятлари муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Ўзбекистонда ҳали шахсий маълумотлар тўғрисида қонун қабул қилинмаган. Қонун лойиҳаси устида энди иш бошланди. Бу борада ҳам юртимизда АҚШ ва Европадаги тайёр ишланмалардан фойдаланиш имконияти туғилади, ваҳоланки улар ўз қонунларини ишлаб чиққунча, шахсий маълумотларга боғлиқ қанчалаб катта можароларни бошларидан ўтказдилар. Улар сирасига шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича Европа регламенти (GDPR) ҳам киради, тўғри, кўпгина компаниялар уни хуш кўрмайдилар.

 Нима бўлганда ҳам, бундай масалаларда бошқарувнинг йўқлиги, ҳукумат идораларининг сукут сақлаши ва ноаниқ мавқеда бўлиши бизнес (айниқса хорижий бизнес) томонидан нохуш қабул қилинади, қонунлар кўринишида тўлиқ ифодасини топмаган бўлса-да, аниқ курс ва равшан тамойилнинг мавжудлиги маъқулроқ саналади.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган