Nestlé Uzbekistan қандай ишлайди: юксак вазифалар ва ривожланиш дастури

Kommersant.uz халқаро компания фаолиятининг нозик жиҳатлари, менежмент сирлари, ўсиш истиқболлари ва ишдан ҳайдалишга нималар сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида қизиқди.

Nestlé Uzbekistan: бозорда 20 йилдан зиёд фаолият юритади.
Заводлари – Наманганда иккита + Тошкентдаги офис.
Компания ходимлари сони – 400 кишидан ортиқ.
Таъсис этилган сана: 1999 йил.

“Нестле” Ўзбекистон бозорида қарийб 20 йилдан буён фаолият юритади. Ўзбекистонда компания Намангандаги иккита ишлаб чиқариш – ичимлик суви заводи ҳамда сут ва истеъмолга тайёр сут маҳсулотлари заводига эга.

Иш куни

Тошкентдаги офис ходимларининг иш кунлари кириш пунктидан бошланади – у ерга махсус қурилма ўрнатилган бўлиб, келиш ва кетиш назорат қилиб борилади. Меҳмонларга бейжик берилади, офис бўйлаб улар фақат компания ходими ҳамроҳлигида ҳаракатланишлари мумкин. Барча меҳмонлар мажбурий равишда “Нестле” ҳудудида хавфсиз ҳаракатланиш бўйича тренингдан ўтадилар. Масалан, зинадан чиқиш ва тушишда албатта тутқични ушлаб юриш кераклиги айтилади. Компания ундаги бахтсиз ҳодисалар сони минимал эканидан фахрланади. Бу ерда хавфсизликка эътибор жуда жиддий: ҳар қадамда ходимлар хавфсизлиги – компания устуворликларидан бири экани ҳақидаги эслатмаларга кўзингиз тушади.

Бўлимлар ва йўналишларга тақсимланиш анча мураккаб, лекин мантиққа эга. Компаниянинг барча иши бизнес йўналишлари бўйича тақсимланади: сув ва маҳаллий сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек болалар учун озуқа, қаҳва ва хорижда ишлаб чиқарилган шоколад. Ҳар бир йўналиш ўз бўлимига эга: молия ва назорат, сотув бўлими, нақлиёт ва харид, маркетинг, HR. Шунингдек, компанияда юридик бўлим, корпоратив алоқалар ва давлат идоралари билан ишлаш бўйича бўлимлар мавжуд.

Тошкент офисида иш эрталаб соат 9 да бошланади. Уй-рўзғор ташвишларини остонада ташлаб кириш талаб этилади – самарали жамоавий меҳнатга ҳеч нарса ҳалақит бермаслиги лозим. Эрталабдан ходимлар ўз иш кунини режалаштиради. Барча мулоқот корпоратив почта орқали амалга оширилади, сотувлар ёки транспорт бўлими каби ҳаракатдаги бўлинмалар мессенжерлардан фаол фойдаланади. Компанияда қоғозга тежамкорлик билан ёндашув тамойили ҳукм суради, умуман, сув, қоғоз, электр энергияси каби ресурсларга тежамкорлик билан ёндашиш меҳнат фаолиятидаги муҳим устуворликлар саналади.

Ишга қандай қабул қиладилар?

Компанияга ишга кириш анча қийин – номзодларга талаблар анчайин қатъий, танлов катта ва саралаш жиддий кечади.

Эльвира Шихбадинова
HR-менежер

“Номзодларни излашда биринчи бўлиб иш излашга ихтисослаштирилган сайтларда эълон берамиз. Келиб тушган резюмеларни дастлабки таҳлилидан кейин мутахассисимиз номзодларга биринчи қўнғироқни амалга оширади. Унинг натижасида ваколатлар бўйича суҳбатга таклиф қилинадиганлар сараланади. Ушбу интервью давомида биз резюмеда келтирилган кўникмалар ҳаётга қанчалик тўғри келишини тушунишга ҳаракат қиламиз. Интервьюнинг кейинги босқичи бўш ўрин мавжуд бўлим раҳбари иштирокида ўтказилади. Ушбу босқичда номзоднинг касбий салоҳияти, шунингдек аввалги тажрибасидаги ютуқлари ўрганилади.  Натижада битта номзод саралаб олинади ва у узоқ кутилган job offerга эга бўлиб, ишга жойлашади. Ёки, агар компенсациялар, лавозим даражаси ёки функционал мажбуриятлар борасида бошқача тасаввурларга эга бўлса, таклифни қабул қилмайди”.

Агар номзод компанияга маъқул келса ва ишга қабул қилинса, шу билан иш битди эмас. Узоқ ва мураккаб мослашув даврига тайёр туриш керак бўлади. Йирик компания, кўп сонли ходимлар, кўплаб бўлимлар, қатъий таомил ва сиёсат. Биринчи иш кунида янги ходимга ўнлаб сиёсат ва таомилларни тутқазадилар, уларда компаниянинг бутун дунёдаги ходимлари амал қилиши лозим бўлган тамойиллар ва қоидаларнинг кичик қисмигина ёзилган. Компаниядаги жараёнлар шундай қурилганки, ходим исталган пайтда ёрдам сўраб бевосита раҳбарига ҳам мурожаат қилиши, шунингдек масалани юқори даражаларга ҳам олиб чиқиши мумкин.

Тараққиётнинг янги босқичлари ва йиллик режалар

Компанияда йўналишлар ва мақсадларни белгилаб олишнинг энг муҳим жараёнлари барча бозорлар учун бир хил. “Нестле”нинг янги ходими лавозим йўриқномасини олибгина қолмай, ўз раҳбари билан биргаликда йиллик топшириқлар режасини ҳам ишлаб чиқади. Мақсадлар юқори раҳбариятдан бошлаб поғонама-поғона тушиб келади ва компаниянинг стратегик режаларига мувофиқ келиши лозим. Улар албатта эришила оладиган, ўлчаб бўладиган, тушунарли ва муддати аниқ белгиланган бўлиши шарт.

Ҳар чоракда бир марта раҳбар олдинга қўйилган мақсадларни кўздан кечириб, уларнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолайди. Улар ўзаро ёзишиб, йил охирида ходимнинг самарадорлигини аниқлаш учун бир тўхтамга келадилар. Шароитлар, бозор конъюнктураси ўзгарса ёки бошқа форс-мажор омиллар юзага келса, мақсадлар йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин. Йил охирида ходим билан қайта алоқа ўрнатилади ва у рейтингга эга бўлади, бу рейтинг маошнинг кейинги йилда кўриб чиқилишига таъсир қилади.

Йиллик вазифалар режасидан ташқари, ҳар бир ходим, ўз раҳбари билан биргаликда, ўзи учун ривожланиш режасини ишлаб чиқади, унда компаниядаги ўзининг келажаги бўйича тасаввурини, шунингдек ўзи танлаган порлоқ келажакка мувофиқ бўлиши учун шахсий камолоти йўлида нималар қилишини аниқ ва равшан баён этади. Ходим ўз ваколатини баҳолашни ўзи ўтказади ва унга зарур бўладиган кўникмаларни белгилайди.

“Нестле”да 70-20-10 тамойилига амал қилинади. Таълим олишнинг 70 фоизи мустақил ишлаш ҳисобига амалга оширилади, 20 фоизи – раҳбар ўртоқлашиши мумкин бўлган билимлар ва 10 фоизи – тренинглар. Ривожланишнинг барча шакллари тўпланганидан кейин бир йил учун режа тузилади ва бюджет ҳисоблаб чиқилади. Кейин эълон қилинган мавзулар бўйича гуруҳлар тузилади ва “Нестле” академияси (Москва) ёки Ўзбекистоннинг ўзидан тренерлар таклиф этилади. Кўплаб номзодлар ўта юқори тоифага эга мутахассислар меҳнат қиладиган академия ҳақида хабардор. Айнан мана шу тренинглар компания ходимларининг меҳнат бозорида тенгсиз бўлишини таъминлайди.

Компания йилда икки марта ходимлар салоҳиятини баҳолашни ўтказади. Бошқача айтганда, у ёки бу ходим бир неча йилдан кейин мураккаброқ лавозимни эгаллай оладими ёки ҳозирги мавқеи унинг учун юқори нуқта эканлиги таҳлил қилинади. Унинг ўзини англаши, ўзига нисбатан баҳоси, натижага йўналганлиги ва муомаласи самарадорлик нуқтаи назаридан ўрганилади.

Яна бир мезон – ворисийликни баҳолаш. Ҳар бир раҳбар ўзи учун ворис етиштириши керак. Агар раҳбар кимнидир кўз остига олган бўлса, бу жуда яхши. Бундай ҳолатда у бошқа бозордан таклифларни қабул қила олади. Агар ворис бўлмаса, таклиф ҳақида уни хабардор ҳам қилмайдилар, чунки бир бозорни бошқасининг зарарига ривожлантириш мумкин эмас.

Компанияда юқори салоҳиятга эга менежерларни тайёрлаш Management Trainee (MT) дастури мавжуд. Баҳолаш маркази натижаларига кўра, яқинда ОТМни тугатган ёки бироз меҳнат тажрибасига эга бўлган энг истиқболли мутахассислар танланади. МТда ходимнинг иш режаси ёзилади: қандай бўлимларда ва қанча муддат ишлайди. Шунингдек, ҳамма қатори, у маош олади, ишга жойлашуви Меҳнат кодексига мувофиқ амалга оширилади. Улар расман стажер саналсалар-да, ишлари стажировка дастуридан тубдан фарқ қилади. Стажировка ОТМ талабаларига йўналтирилган бўлиб, уч ой давом этади, унинг давомида стажерлар компаниядаги жараёнлардан бохабар бўладилар. Бу дастур эса,  келгусида компаниядаги етакчи раҳбар лавозимларини эгаллашлари мумкин бўлган ёш мутахассисларни тайёрлаш ва ривожлантиришга йўналтирилган. Дастурнинг ўзига хос томонлари бизнесни турли томондан ўрганиш, бўлинмалараро ротация, касбий камолот учун чекланмаган имкониятлар бериши саналади.

Компания маҳсулоти бозорларда қандай сотилади

“Нестле” фаолият юритадиган бозорлар кўлами жуда кенг – бутун дунёда жойлашган 460 та фабрика, амалда жаҳоннинг барча мамлакатларида сотиладиган 8500 та брендни қамраб олади. Ўзбекистондаги сотувларнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари мавжуд.

Абдулазиз Маҳмудов
Nestlé Uzbekistan сотувлар бўйича менежери

“Нестле” сотувлар бўлими фаолиятини энг мураккаб дейиш мумкин. Бўлимимиз ишлаб чиқаришни режалаштириш, кўзда тутилган сотувлар, пул оқимлари назорати, талабни прогнозлаш жараёнларига жалб этилган. Бу жараёнда хато жуда қимматга тушади – биз қанча ишлаб чиқарилган бўлса, айнан шунча сотишимиз керак. Шу билан бирга, out of stock – талаб таклифдан юқори бўладиган ва истеъмолчиларга ўз вақтида маҳсулот етказиб бера олмайдиган вазиятларга ҳам йўл қўймаслигимиз керак. Сотувлар жамоаси – компаниядаги энг фаол ва тиниб-тинчимас бўлинма. Дўконлар, ресторанлар ва меҳмонхоналарга маҳсулот ўз вақтида ва тўлиқ ассортиментда етказилганлигини назорат қилиш, ҳар бир мижоз билан тил топишиш, сақлаш муддатлари ва шарт-шароитларини кузатиб бориш, бунинг баробарида “Нестле” бутун дунёдаги озиқ-овқатлар бозорида корпоратив маданият борасида етакчи эканлигини унутмаслик – булар сотувлар жамоамиз мажбуриятлари ва миссиясининг бир қисмидир”.

Мулоҳазалар, шикоят ва тилаклар, эътирозлар ва буюртмалар биринчи бўлиб сотувлар жамоасига келиб тушади. Ходимларга қўйиладиган минимал талаблар – муомалага усталик, тартиблилик, интизомлилик, талабларга мувофиқ келиш, маҳсулот ва ўз ҳудудини жуда яхши билиш, дистрибьютор билан илиқ муносабатлар ва аъло даражада математик қобилият. Бундан ташқари, ҳар бир сотув мутахассисининг сотув ҳажми бўйича ўз мақсадлари бор, улар ҳақда унутиб бўлмайди. Компания маҳсулоти республиканинг бутун ҳудудида тақдим этилган. Қулайлик учун ва глобал бозорларда қабул қилинган сотув механизмларига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудуди шартли равишда учга бўлинган – марказий (Тошкент ва унинг атрофи), Фарғона водийси ва жануби-ғарб. Ҳар бир минтақа учун минтақавий менежер жавоб беради. Топширилган ҳудудда сотувларни ривожлантиришдан ташқари, ходимлар дистрибьюторлар персоналини ўқитиш бўйича ҳам катта ишлар олиб борадилар. Шу тариқа, улар ўз билимларини шерикларга етказадилар.

Ўзбекистон бозорининг ўзига хослиги шундаки, асосий сотув каналлари супермаркетлар савдо тармоқлари бўлган кўплаб бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, бизда ҳали ҳам асосий сотувлар анъанавий кичик дўкончалар орқали амалга ошади. Бу бир вақтнинг ўзида ишни мураккаблаштиради ҳам, осонлаштиради ҳам.

18:00да компанияда иш куни ниҳоясига етади ва офис тезда бўшаб қолади. Овертаймларни бу ерда маъқулламайдилар. Дам олиш кунлари ишга чиқиш – ўта зарур ҳолларда ва компания раҳбарияти ёки HR-менежернинг ёзма рухсати билангина амалга ошади. Компания ходимлар меҳнат ва дам олиш ўртасида мувозанат сақлашлари ҳақида қайғуради.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган