FAQ: ҳисоблагичларни сертификатлаш. Асабларни тежаш учун нималарни билиш керак

Газ, электр, иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлари тўрт йилда бир марта текширувдан ва сертификатлашдан ўтиши керак. Жараён чўзилмаслиги ва ортиқча пул ҳамда асаб кетишидан сақланиш учун, бу босқичлар расмий ҳужжатларда қандай акс этганлигини ўрганамиз.

 

Счетчики

Facebookдаги “ТЧСЖ и как с ним жить” модератори Максим Черников жавоб беради.

Сув, электр энергияси, газ ҳисоблагичлари сертификацияси қанча оралиқда амалга оширилиши лозим?

Тўрт йилда бир марта.

Соз ҳолдаги ҳисоблагичлар яроқлилик муддати чегараланганми?

Йўқ.

Ҳисоблаш ускунасини сертификацияга топшириш учун истеъмолчи кимга мурожаат қилиши керак? Бу жараён қандай кечади: мутахассис уйга чақириладими? Ҳисоблагич пломбасини ким ечади – “Ўзстандарт” вакилларими ёки истеъмолчининг ўзи техникни чақириши керакми?

Коммунал хизматлар етказиб берувчи ҳисоблагич текширилганлиги муддати тугагунига қадар истеъмолчига билдиришнома йўллайди. Шундан кейин истеъмолчи етказиб берувчи вакилини пломбани ва ҳисоблаш ускунасини ечиш учун чақиради. Бунда икки томонлама акт тузилади. Истеъмолчининг ўзи пломбани ечиши қатъиян тақиқланади.

Иссиқ сув бўйича бу масала Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194- сон қарори 1- иловаси – “Кўпхонадонли уйларда исиқлик таъминоти хизматларини кўрсатиш қоидалари” билан тартибга солинган.

Ҳисоблагични сотиб олиш, ўрнатиш, текширтириш, таъмирлаш ёки алмаштириш учун иссиқлик энергияси етказиб берувчисига мурожаат қилинг, бу хизматларнинг барчаси учун тўловлар нархларни мувофиқлаштириш органи билан келишилган тарифлар асосида амалга оширилади. Бу мақсадларда сиз “Ўзстандарт” органларида аккредитациядан ўтган бошқа ташкилотларга ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.

“Иссиқликқуввати” ҳисоблагич эксплуатация муддати тугаётгани ҳақида ушбу санадан камида 10 кун олдин сизга билдиришнома йўллаши шарт. Уч кун давомида ҳисоблагични текширишга ечиб олиш аризаси, куни ва вақтини аниқлаб олиш керак. Бу билан “Иссиқликқуввати” вакиллари шуғулланади. Бунда икки томонлама акт тузилиши керак.

Агар узрли сабаблар (хизмат сафари, даволаниш, дам олиш)га кўра аризани уч кун ичида келишиб ололмасангиз, муддатни билдиришномани олган кунингиздан бошлаб чўздириш учун юқоридаги ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни келтиришингиз лозим.

Совуқ сув бўйича бу масала “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқава сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари”  билан тартибга солинади.

Таомил аввалгисига ўхшайди, фақат эксплуатация муддати охирлаб қолгани ҳақида “Сувсоз” ДУК нақ 30 кун олдин билдиришнома йўллаши керак. Акт тузиш ва ҳисоблагичларни пломбалаш – бепул хизмат. Ҳисоблаш ускуналари ва  пломбалари сақланиши ва бутлигига истеъмолчилар жавоб берадилар.

Электр энергияси бўйича бу борада 2736- сон “Маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини қиёслашдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”га асосан иш кўрилади.

Электр таъминоти корхонаси ўз маълумотлар базаси орқали ҳисоблаш ускуналари текширувлар оралиғи муддати тугашини кузатиб боради ва даврий текширувларнинг ўз вақтида ўтказилишига жавоб беради. Интервал муддати тугашига бир ой қолганда корхона истеъмолчига, имзо қўйиб олиш шарти билан, ёзма билдиришнома ва текширув нархи кўрсатилган тўлов ҳужжатини топширади.

Текширув ўтказилгани учун тўлов ишлар бошланишидан олдин тўланади. Кам таъминланган истеъмолчилар текширув тўловини олти ой давомида тўлашлари мумкин (уларнинг кам таъминланган эканликларини тасдиқловчи ҳужжат керак бўлади). Бунгача текширув электр таъминоти корхонаси ҳисобидан, кам таъминланган истеъмолчи билан шартнома асосида амалга оширилади.

Тўлов амалга ошгач, ҳисоблагич электр таъминоти корхонаси ходими томонидан уч кун ичида ечилади. Демонтаж пайтида 3 нусхада ҳисоблаш ускунаси ечиб олингани ҳақида акт тузилади, улардан бири маиший истеъмолчида қолади. Ускуна ечилгач, унинг ўрнига вақтинча электр таъминоти корхонаси алмаштириш фонди ҳисобидан, текширилгани ҳақида сертификатга эга ҳисоблагич ўрнатилади. Агар бундай фонд бўлмаса, маиший истеъмолчи ускунаси электр тармоғига тўғридан-тўғри уланади. Бунда электр энергияси учун тўлов қонунчиликда кўрсатилган миқдорда амалга оширилади.

Газ бўйича бу масала “Газни ҳисобга олиш приборларини текширувдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом”да тартибга солинган. Газ таъминоти ҳудудий корхоналари 30 кун олдин даврий текширув зарурлиги ҳақида истеъмолчини огоҳлантиради.

Истеъмолчи газ таъминоти корхонасига газ ҳисоблаш ускунасини текшириш учун ечиб олиш ҳақида илтимос билан мурожаат қилади.

“Тумангаз” мутахассислари ҳисоблаш ускунасини беш иш куни давомида ечиб оладилар, бунда истеъмолчи иштирокчида пломбанинг бутлигини текширадилар. Икки нусхада акт тузилади. Кейин, истеъмолчининг истагига кўра, мутахассис уни газ тармоғига ҳисоблагичсиз улаши ёки тармоқдан вақтинча узиб қўйиши мумкин. бу актда кўрсатилади.

Ҳисоблагичсиз тармоққа уланишда ишлатилган газ учун тўлов қонунчиликда белгиланган миқдорда олинади.

Ҳисоблагични текшириш қанча туради?

Ускунани текшириш ҳақи унинг тури (иссиқ сув учун, совуқ сув, электр энергияси ёки газ истеъмолини ҳисоблаш)га қараб, шунингдек қайси ташкилот – “Ўзстандарт” агентлиги ёки у аккредитациядан ўтказган ташкилот текширишидан келиб чиқиб, турлича бўлади.

Ушбу жараёнда яна қандай қўшимча харажатлар чиқиши мумкин?

Ҳисоблагич таъмирга муҳтож бўлиши мумкин. Таъмирлаш ҳақи текшириш ҳақи ичига кирмайди. Таъмирлаш учун шикастланишлар даражаси, алмаштириш керак бўлган деталлардан келиб чиқиб нарх белгиланади.

 

Энг кўп ўқилган