Оддий фуқаролар қанча солиқ тўлайди?

Янги солиқ тизими. Катта-ю кичик бизнес эгалари ўз фойда-зарарларини обдон ҳисоблаб ётишибди. Оддий халқ – сиз-у бизга бунинг қандай иссиқ-совуғи бор? Давлат солиқ қўмитаси мана шу дўлвори саволимизга содда қилиб жавоб берди.

Маълумки, шу кунларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси қизғин муҳокама бўлмоқда.

Тақдим этилаётган янги концепцияда юридик шахслар, тадбиркорлик субъектларига енгиллик яратиш билан бирга оддий фуқароларни солиққа тортиш йўналишида ҳам ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда, амалдаги солиқ қонунчилиги талабларига кўра жисмоний шахсларнинг иш ҳақи фондидан олинадиган солиқ ва мажбурий тўловлар икки қисмга бўлинади.

Биринчиси тўланиши бевосита жисмоний шахсларнинг зиммасига юклатилган солиқ ва мажбурий тўловлар бўлиб, булар тўртта шкаладан иборат даромад солиғи (0 фоизда 22,5 фоизгача) яъни:

soliq-1

Бундан ташқари, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали (8 фоиз) тўланади.

Иккинчиси микрофирма ёки кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари томонидан ҳар бир ходим учун 15 фоиз, бошқа турдаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан эса 25 фоиз миқдорда тўланиши лозим бўлган ягона ижтимоий тўловдир.

soliq-2

Намоён бўладики, бугунги кунда иш берувчилар томонидан жисмоний шахсларга ҳисобланган иш ҳақи фондидан жами 45-55 фоиз миқдорида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобланиб, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга ўтказиб келинмоқда.

Иш ҳақи фондидан ҳисобланадиган ягона ижтимоий тўлов ставкаларининг юқорилиги айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимларни ноқонуний равишда ишга ёллаш ва “конверт” усулида ҳақ тўлашга сабаб бўлмоқда.

Янги концепцияда эса, жисмоний шахслар томонидан тўланадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ҳамда Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини 25 фоиз миқдорида бўлган ягона солиққа бирлаштириш таклиф этилмоқда.

Юқоридагилардан кўринадики, таклиф этилаётган тартиб, фуқароларнинг солиқ юкининг камайишини таъминлаши билан бир қаторда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқишнинг соддалаштирилган механизмини яратади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва
ҳуқуқий ахборот бўлими

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган