2018 йилда солиқлар қисқариши кутилмоқда

Вазирлар Маҳкамасида 2018 йил давлат бюджетии муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда солиқларни қисқартириш, маҳаллий бюджетларга кўпроқ мустақиллик бериш масалалари кўриб чиқилди.

taxes_singapore

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 9 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда 2018 йилги республика бюджети ва солиқлар миқдорини қисқартириш ҳақида қарор қабул қилинди, деб ёзмоқда Ҳукумат портали.

Хусусан, 2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатида солиқлар ва мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш, маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш мақсадида қуйидаги ўзгаришлар киритилиши мумкин:

Фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириш орқали умумий базавий ставкани 15,5 фоиздан 14,5 фоизгача камайтириш;

Пенсия, йўл жамғармалари, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш орқали умумий ставкани 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача камайтириш;

Жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобрақамларига ажратмалар миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш;

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқнинг аҳоли тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилган ставкасини ўртача 30 фоизга пасайтириш;

Маҳаллий ҳокимият органларига жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқлар бўйича белгиланган базавий солиқ ставкаларни 0,7 дан 1,3гача  камайтирувчи ва кўпайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда, – дейилган  хабарда.

Шунингдек, мажлисда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, даромад захираларини аниқлаш, маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини янада ошириш, инфляция даражасини кўзда тутилган параметрлар доирасида сақлаб қолиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадлари – давлат кафолатлари ва ҳимоясини кучайтириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, тадбиркорлик фаолияти, инвеситицияларни жалб этиш ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган