Ажралишлар сони ўтган йилга нисбатан 1,4 мингга камайди

Мажбурий ижро бюроси: Алимент қарзидан бўйин товлаган 24 шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган, 32 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

 f44n20il336392
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси иш юритувида алимент ва даврий тўловларни ундириш бўйича жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 24 мингдан зиёд ижро ҳужжати мавжуд бўлган. Алимент қарзидан бўйин товлаган 24 шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, 22-Меҳрибонлик уйи вакиллари иштирок этди.

– Аждодларимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни авайлаб-асрашга ҳаракат қилган, – дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова. – Бундай қадриятларни қадрлаш ва давом эттириш, ёшлар онгига чуқур сингдириш даркор. Таассуфки, ёшлар орасида қадриятларга беписандлик, катталарга қулоқ солиш ўрнига уларни менсимаслик каби такаббурлик ҳолатлари учраб туради. Айниқса, оила қураётган йигит ва қизлар сал ўтмай арзимас сабаблар билан ажрашишга қарор қилади. Ана шундай ёшлар билан давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида бевосита иш олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Натижада оилавий ажралишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 мингга камайишига эришилди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Аҳрор Ҳошимжоновнинг айтишича, ота-она вояга етмаган фарзандларини тарбиялаш, таълим бериш ва моддий таъминлаши шарт. Ушбу мажбуриятни ихтиёрий равишда бажармаганларга нисбатан суд қарори ёки буйруғига асосан алимент ундириш белгиланади. Жиноят кодексида эса вояга етмаган болаларга таъминот беришдан бўйин товлаган, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш мақсадида қабул қилинган суднинг ҳал қилув қарорини уч ойдан ортиқ муддат мобайнида бажармаган ота-оналар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур судда фарзанд олдидаги мажбуриятни бажармаганлик билан боғлиқ беш юздан зиёд иш кўрилган. 32 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида юзага келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, мажбурий ижро бюроси, бандлик, маҳалла, ёшлар ташкилотлари ҳамкорлигида “Суд қарорларини ижро қилиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратни янада кучайтириш тўғрисида”ги қўшма фармойиш қабул қилинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида суд қарорларини ижро этиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар ижроси устидан назоратни янада кучайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар дастури тасдиқланган. Шу асосда алиментларни тўлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорлар билан мунтазам равишда жамоатчилик ўртасида муҳокама ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Бу таъсирчан механизм амалда ўз самарасини бериб, кўпчиликнинг бола олдидаги масъулияти ошишига кўмаклашмоқда.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган