Ўзбекистонда биринчи марта аҳолига акциялар оммавий тақдими ўтказилади

Аҳолида “Кварц”, “Шаҳрисабз шароб-ароқ” ва “Қўқон механика заводи” акцияларини сотиб олиш имконияти туғилди. IPO ва SPO усуллари билан акцияларнинг оммавий таклиф этилиши Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилмоқда.

биржевая аналитика РИА

Ўзбекистонда IPO ва SPO усуллари билан акцияларнинг оммавий таклиф этилиши биринчи бор ўтказилмоқда. Пилот лойиҳалар сифатида  “Кварц”, “Шаҳрисабз шароб-ароқ” ва “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятлари акциялари танланди. Бу ҳақда Давлат рақобат қўмитаси хабар беради.

“Кварц” ва “Қўқон механика заводи” акцияларини Миллий банк сотмоқда, “Шаҳрисабз шароб-ароқ” АЖ акциялари сотувининг ташкилотчиси эса “Асакабанк” бўлди.

“Кварц” АЖ кузатув кенгаши қарорига мувофиқ, IPO усули орқали аҳолига оммавий таклиф этиш учун 4,57 млн дона акциялар чиқарилди, бу жамият устав капиталининг 10 фоизига тенг бўлди.

5 декабрда инвестициявий воситачилар “Кварц” АЖ акцияларини харид қилиш учун буюртмалар тўплашни бошладилар, бу жараён 2018 йил 3 апрелгача давом этади. Аввалроқ акциялар сотилиш нархи диапазони 3000 сўмдан 9100 сўмгача қилиб белгиланган эди. Номинал қиймат бўйича жами чиқариладиган акциялар суммаси 7,84 млрд сўмни ташкил қилади.

“Акциялар инвесторлар учун ҳам, жамият акциядорлари учун ҳам манфаатли бўлиши лозимлиги ойдин масала. “Кварц” АЖ 1975 йилдан буён фоалият юритади ва ишлаб чиқаришнинг турли тармоқлари учун ойна маҳсулотлари чиқариш билан шуғулланади. Компания 2016 йилда 56,18 млрд сўм соф фойда олган, унинг 28,09 млрд сўми дивидендларни тўлашга йўналтирилган. Бунда бир акция учун ҳисобланган дивиденд миқдори 1172,3 сўм ёки акция номинал қийматининг 68,36%ини ташкил қилди, бу акциянинг анчайин ликвидли бўлишини таъминлайди”,– қайд этилади қўмита хабарида.

SPO усулида оммавий сотувга чиқарилаётган “Шаҳрисабз шароб-ароқ” ва “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамияти акциялари эгаси, тегишлича Давлат рақобат қўмитаси ва “Ўзнефтгазмаш” АЖ тимсолида, давлат саналади. Бу жамиятлар ҳам юқори рентабелли бўлиб, ўз тармоқларининг етакчиларидан саналади. Шу сабабли, улар акциялари ҳам жуда талабгир бўлиши кутилмоқда.

Компаниялар акцияларини харид қилиш учун исталган шахс, қимматли қоғозлар бозорининг инвестицион воситачи лицензиясига эга ҳар қандай профессионал иштирокчиси, шунингдек фонд бозорида хизматлар тақдим этувчи тижорат банки ва суғуртачи орқали, харидга буюртма бериши мумкин. Инвестицион воситачилар тўғрисидаги ахборот Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ва “Тошкент” республика фонд биржаси веб-сайтларида жойлаштирилган.

IPO (Initial Public Offering) – чекланмаган доирадаги инвесторлар учун акциядорлик жамияти акцияларини оммавий жойлаштируви таомили. SPO (Secondary Public Offering) – амалда мавжуд акциядорларга тегишли акцияларнинг оммавий жойлаштируви. Ушбу жойлаштириш туфайли эркин муомаладаги акциялар (free-float) сони ортади, чунки акцияларнинг умумий миқдори ўзгармайди, балки акциядорлардан бири ўз акцияларини чекланмаган доирадаги инвесторларга сотади.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган