“Чиройли” авторақамлар жами 14,4 млрд сўмга сотилди

Савдоларда 249 га яқин талабнома, иккинчи ва учинчи тоифага ўртача 54-30 та нарх таклифи берилмоқда.

номер премиум

Онлайн-аукционлар очилганидан буён уларда сотилган 684 авторақамнинг қиймати 14,4 миллиард сўмдан ошди. Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси акциядорлик жамияти томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълум қилинди.

“Рақамларни сотиш бўйича янги савдо платформасининг ишга туширилиши автотранспорт эгалари орасида катта қизиқиш уйғотди, – дейди Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси акциядорлик жамияти мутахассиси Жасур Юнусов. – Рақамлар учта тоифага бўлинган ҳолда сотилмоқда. Мисол учун, учта бир хил сондан иборат авторақамнинг бошланғич нархи энг кам иш ҳақининг юз баробарига тенг”.

Харидорларнинг таркибий тузилмасида етакчи ўринни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти автоҳаваскорлари эгалламоқда. Avtoraqam электрон тизимида ҳар куни ўртача 10 та битим тузилмоқда. Кейинги ўринларда Фарғона, Самарқанд, Хоразм, Андижон, Наманган ва Сирдарё вилоятлари харидорлари жойлашган.
Ўтказилаётган рақобатли савдолар жараёнида авторақамларнинг олий тоифаси бўйича 249 га яқин талабнома, иккинчи ва учинчи тоифага ўртача 54–30 та нарх таклифи берилмоқда.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган