Интернет нархи кескин арзонлашиб, тезлиги 4 баробар ошиши кутилмоқда

“Миллий Интернет орқали таклиф этиладиган хизматлар доираси жуда чеклангани сабабли, аҳолининг аксарият қисми Интернетдан фақат "Телеграм"да ёзишма учун фойдаланади, холос”, деди Шавкат Мирзиёев

pro Internet

9 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ахборот технологиялари соҳасининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши Жанубий Кореяда – 9 фоиз, Японияда – 5,5 фоиз, Хитой ва Ҳиндистонда – 4,7 фоиз, Ўзбекистонда атиги 2,2 фоизни ташкил этади. Буни ахборот-коммуникация ривожланиш индекси рейтингдаги 176 та мамлакат ичида Ўзбекистон 95-ўринни эгаллагани исботлаб турибди.

Йиғилишда Интернет тармоғига уланиш қамровини кенгайтириш ва тезлигини ошириш, дастурий таъминот, телекоммуникация соҳасида етакчи хорижий компаниялар билан алоқа ўрнатиш, “Электрон Ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

“Интернетдан 20 миллион аҳоли фойдаланади, деб ҳисобот бергансизлар. Бироқ, миллий Интернет орқали таклиф этиладиган хизматлар доираси жуда чеклангани сабабли, аҳолининг аксарият қисми Интернетдан фақат “Телеграм”да ёзишма учун фойдаланади, холос”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга Интернет нархини кескин арзонлаштириш, тезлигини камида 4 баробарга ошириш, 2020 йилгача эса МДҲ давлатлари даражасига етказиш чора-тадбирларини кўриш бўйича зарур топшириқ берилди.

“Хавфсиз шаҳар” ягона комплексини яратиш дастурига мувофиқ лойиҳанинг концепциясига кўра, Тошкент шаҳрида 16 мингдан ортиқ камералар ўрнатиш, Маълумотларни қайта ишлаш маркази ва Ситуация марказларини ташкил этиш белгиланган.

Шунингдек, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз ҳудуд”, “112” тизими, олий таълим муассасаларига имтихон топшириш жараёнларига видеокузатув ҳамда йўл ҳаракати қоидалари бузилишларини рўйхатга олиш тизимларини жорий этиш кўзда тутилган.

Йиғилишда “Хавфсиз ҳудуд” ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди.

 

Энг кўп ўқилган