Мигрантлар учун комплекс тест маркази очилди

Синовларнинг холислигини таъминлаш мақсадида тест CBT – Computer Based Testing усули бўйича замонавий дастурий таъминот асосида компьютерлар орқали амалга оширилади.

d49e3587d41671d7eea5fa15ca9161e5

13 ноябрда Комплекс тест маркази ўз фаолиятини бошлади. Тест синовларидан ўтадиган фуқаролар имтиҳон жараёнида қулайлик ва шароитни ҳис қилишлари учун Марказда барча тайёргарликлар юқори даражада амалга оширилди.

Эрта тонгдан Комплекс тест маркази сайтида тест синовларининг санаси ва сеансини банд қилган фуқаролар рўйхатдан ўтди. Тест синовининг биринчи сеанси банд қилинган вақтда бошланди. Тест синовлари жараёни муваффақиятли амалга оширилди. Тизим хатоликларсиз ишлади. Тест синовларидан ўтган шахслар имтиҳон жараёнларида юқори даражада қулайлик бўлиши учун яратилган шароитлардан кўнгли тўлди.

Жумладан, Фарғона вилоятилик Муҳаммаджон Абдуллаев Комплекс тест марказида яратилган шароитлардан кўнгли тўлганини айтди. “Рўйхатдан ўтиш жараёнидан тортиб, айнан тест синовларига қадар барчасида профессионал ёндашув ва қулайлик сезилади. Мен ўз натижаларимдан қониқиш ҳосил қилдим, барчаси сифатли ташкиллаштирилган”, – деди М.Абдуллаев.

Таъкидлаш жоизки, тест синовлари CBT – Computer Based Testing усули бўйича замонавий дастурий таъминот асосида компьютерлар орқали амалга оширилади. КТМ тестлари махсус дастурий таъминот билан бирга ишлаб чиқилган ва яхлит ҳолга келтирилган бўлиб, бу, ўз навбатида, тест синовини топшираётган шахслар билимлари холис баҳоланишини кафолатлайди.

Тест синовларининг биринчи куни муваффақиятли якунланди. Синовлар учта сеансда амалга оширилди. Комплекс тест маркази якшанбадан ташқари ҳар куни ишлайди.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган