Милиция ходимига нисбатан 4 яшар қизини урганлиги учун жиноий иш очилган (видео)

Қизнинг отаси воқеа оммага тарқалгунича Миробод ТИИБда ишлаган. Хабар тарқалганидан сўнг у ишдан бўшатилди.

350B9DA2-0326-44CB-B17B-F76937A10B58_cx5_cy107_cw88_w1080_h608

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада ота ўзининг 4 ёшли қизини аёвсиз дўппослаган. Ушбу жирканч ҳодиса Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида рўй берди. Қизини урган эркак олдин ички ишлар органида хизмат қилган. Золим отага нисбатан жиноий иш очилган, қиз ва унинг акаси онага топширилган.

Золим отага нисбатан жиноий иш

Қатор манбалар хабар беришича, Х.А.Н. (исми маълум сабабларга кўра сир тутилмоқда) ўзининг Мўмина исмли 4 яшар қизини аёвсиз урган. Қизнинг отаси воқеа оммага тарқалгунича Миробод ТИИБда ишлаган. Хабар тарқалганидан сўнг у ишдан бўшатилди.

– 1986 йилда таваллуд топган Х.А.Н, милиция органларидан бўшатилган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг камида тўрт банди бўйича жиноий иш очилган. Жумладан 104- (“Қасддан оғир жисмоний шикаст етказиш”) ва 110- моддалар (“Қийноққа солиш”). У мамлакатдан чиқиб кетмаслик тўғрисидаги ёзма мажбурият остида қўйиб юборилди. Шунга қарамай прокурорнинг уни ҳибсга олиш ҳақидаги санкцияси кўриб чиқилаяпти, – деб хабар қилди “Озодлик“ка ҳуқуқни муҳофаза қилиш органидаги манбаси.

4 ёшли Мўминанинг отасига қарши жиноий ишни Чилонзор туманининг прокуратураси очди.

Болалар онасига топширилди

9 ноябрда Чилонзор туманининг “Нафосат” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд йиғилиши 4 ёшли Мўмина ва унинг 8 ёшли акасини онасига топшириш ҳақидаги қарор чиқарди.

Бироқ ҳикоямиз қаҳрамони фарзандларига оталик қилиши ҳуқуқидан маҳрум қилиндими-йўқми номаълум. Шунингдек Мўминанинг ота-онаси ҳозирча расмий равишда ажрашган эмас.

Кўпчиликни таъсирлантирган ҳолат

4 ёшли Мўминанинг отаси томонидан дўппосланаётгани акс этган видео “Ўзбекистон” телеканалининг “Учбурчак” кўрсатувида намойиш этилди.

Видеода ота бир неча дақиқа давомида ҳали мурғак қизини аёвсиз уради.

Сўнг болани қуйидаги сўзлар билан ҳақорат қилиб, уйдан ҳайдаб чиқаради:

“Ҳой исқирт, онанга керак эмассан, менга кераксан! Онанг бошқа давлатда, юрибди. Кетасанми? Қачон кетасан? Икки йилдан бери боқаяпман сени, раҳмат дедингми? Бундан буёғига итнинг кунини соламан! Йўқол уйдан!”, – деб бақиради у қизга.

Хабарларга кўра, видеотасма шу йилнинг апрелида суратга олинган.

Она болаларни икки йил аввал ташлаб кетган

“Нафосат” маҳалласида яшовчи ва қаҳрамонимиз оиласи билан яқиндан таниш одамларнинг айтишича, қизалоқнинг онаси Г.Ш.А. (исми маълум сабабларга кўра сир тутилмоқда) бунгача 2 йил Туркияда яшаб ишлаган, бироқ воқеадан сўнг Тошкентга қайтиб келди ва болаларини суд орқали эридан тортиб олишга уринди.

– Бу аёл икки йил аввал Туркияга кетганидан сўнг ундан ҳеч қандай хабар бўлмади. Октябрда Тошкентга қайтиб келганидан сўнг, эридан болаларини тортиб олмоқчи бўлди. Эшитишимизча, Мўминанинг отаси хотинининг 2 йил йўқ бўлиб кетганини қасдини боладан олиб, буни суратга олган ва хотинига жўнатган. Қизнинг онаси видеони ўша захотиёқ тегишли органларга топширди. Тасмани кўриб ҳайрон қолдик, чунки қизнинг отаси жуда яхши оиладан эди, – дейди оила яқини.

Болани беайб уриб, бундай ота-оналар кимга нимани исботламоқчи бўлади? Афсуски, отанинг қасд олиш истаги бўлмаганида қозон ёпиғлигича қолиб кетарди.

 

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган