POSCO-Daewoo Тошкентда High Tech City қуради

Жанубий Корея сармояси иштирокида 60 гектардан зиёд майдонда 1,4 млрд долларлик кўп функцияли маъмурий-маиший мажмуа барпо этилади.

POSCO-Daewoo

Ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув 22 ноябрь куни Ўзбекистон Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва «POSCO-Daewoo» корпорацияси ўртасида имзоланди.

Президент ташрифини ёритиш бўйича матбуот марказининг хабар беришича, лойиҳа қиймати 1,4 млрд долларни ташкил этади. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида умумий майдони 60 гектардан ортиқ майдонда кўп функционал мажмуани ташкил этиш режалаштирилган. Хусусан, ултра-замонавий услубни ўзида уйғунлаштириш билан бирга, юқори технологияларни (шу жумладан, «ақлли» энергияни тежовчи технологиялар, биноларни автоматлаштириш ва бошқалар) қўллаган ҳолда нозик дид билан офис биноси, савдо ва кўнгилочар майдончалар, турар жойлар ва парк зоналари қурилиши режалаштирилган.

Айни вақтда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва «POSCO-Daewoo» компанияси вакиллари томонидан ташкил этилган қўшма ишчи гуруҳи ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича умумий консепцияни ишлаб чиқмоқда ва «High Tech City» мажмуасини келажакда жойлаштириш мумкин бўлган вариантларини кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон пойтахтида айни пайтда Tashkent City Халқаро маркази қурилиши олиб борилмоқда.

 

Ўхшаш материаллар
Энг кўп ўқилган