Шавкат Мирзиёевнинг 3 августда зиёлилар билан учрашувида энг оммабоп санъат турларидан бири – эстрада мусиқасини тарғиб этилиши муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ушбу йўналиш Маданият вазирлигининг эътиборидан четда қолаяпти. Ушбу соҳа ходимларининг аксариятига талабчанлик ва масъулият етишмайди.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари “Ўзбекконцерт” қошида “Ўзбекистоннинг Халқ артистлари” клубини яратиш таклифини киритди. Клубнинг яратилишидан мақсад ёш артистлар билан ишлаб, “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантиришдир.
Шу масалани муҳокама қилиш учун Маданият вазирлигида Бахтиёр Сайфуллаев ва “Ўзбекконцерт” директори Азамат Хайдаров иштирокидаги йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда, шунингдек, мамлакатнинг машҳур хонандалари ва ёш ижодкорлар иштирок этди. Уларга Президент қайд этган қатор муаммоларни бартараф этиш вазифаси юклатилди, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати. Хусусан малакали санъаткорлар ёш артистлар билан тажриба алмашиши, маҳорат дарслари олиб бориши, саҳна маданияти бўйича таълим бериши лозимлиги таъкидланди. Шу каби вазифалар “Халқ артистлари” клубига юклатилади. Клубга Фаррух Зокиров бошчилик қилади.