Иш бошлашга имкон/шароит/жиҳозлар ва бошқа нимадирлар етишмайди, деб ўтирмай, ишга киришиш кераклигини қуйидаги гигант-компаниялар фаолияти намойиш этмоқда.
Нақд пулингиз йўқми? Унда банк очинг!
Биткойн – бунга мисол. Инновациявий тўловлар тармоғи ва янги кўринишдаги пуллар мажмуи бўлган бу тизим, моҳиятан, дунёдаги энг катта банкдир. Шундай эса-да, унда бир тийин ҳам нақд пул мавжуд эмас.
Биткойн бирор-бир назорат органи ёки марказий банксиз фаолият юритади, транзакцияларни қайта ишлаш ва эмиссия тармоқ иштирокчилари томонидан жамоавий тарзда амалга оширилади.
Бугунги кунда 1 биткойн 4200 АҚШ долларига тенг деб баҳоланмоқда.
Машинангиз бўлмаса, йўловчи ташиш компаниясини ташкил қилинг!
Ҳа-ҳа, тўғри ўқидингиз, “такси қилай десам, машинам йўқ”,– дейсизми? Иш билганга бу муаммо бўла олмайди. Uber компаниясининг тажрибасидан шундай хулоса чиқарамиз. Дунёдаги энг йирик такси компанияси бўлса-да, у бирорта ҳам ўз транспортига эга эмас.
Uber иловаси орқали такси ёки хусусий ҳайдовчиларни буюртириш мумкин. Бу хизмат дунёнинг 600 дан зиёд шаҳарларида ишлайди. Илова ёрдамида мижоз машинани банд қилади ва белгиланган нуқтагача ҳаракатланишини кузатиб боради. Аксарият ҳолларда ҳайдовчилар ўзларининг машиналари ёки таксопарклар ва шериклар машиналарини ҳайдайдилар. Одатда йўл ҳақининг 80 фоизи ҳайдовчига, 20 фоизи Uber компаниясига тегишли бўлади.
Умрида қалам тебратмаганлар учун – медиа-бизнесга очиқ йўл!
Facebookдан ўрнак олинг ва қўрқмай медиа-майдон ташкил этинг.
Медиа деганда биз ахборот узатилишини назарда тутамиз. Facebook ижтимоий тармоғи бу борада дунёда ўзига хос рекорд ўрнатган – жаҳоннинг энг йирик медиа-компанияси эса-да, у бирорта матн ёзмайди. Миллиардлаб фойдаланувчилар бу ишни компаниянинг ўрнига бажарадилар. Бу “абадий двигатель”га ўхшайди – инсонлар бир-бирлари билан ахборот алмашадилар, ёзишадилар, даромадни эса уларга шу имкониятни берган Facebook кўради.
Тижорат билан шуғулланишга дўкон ва савдо расталарим йўқ, дейсизми? Куюнманг. Уларсиз ҳам иш битказса бўлади.
Alibaba савдо компанияси мана шундай йўл тутди. Унда на раста, на музлаткич ва ҳакозо дўкон инвентарлари бор. Шундай бўлса-да, у энг катта айланмага эга савдо компанияси дея эътироф этилмоқда.
Alibaba дунёнинг исталган бурчагидаги харидорга дунёнинг бошқа бурчагидан сотувчи топиш имконини беради. Мана шу “учраштириб қўйиш” ҳисобига ўзи миллионлаб доллар даромад кўради.
Уннаб кўринг, балки айнан сиз Alibabaни иккинчи ўринга тушириб қўярсиз?
Энг катта пул айланадиган бозорлардан бири – кўчмас мулк бозори. Энг қизиғи шундаки, бу бозорда мўмайгина даромад кўриш учун ўз мулкингиз бўлиши асло шарт эмас. Зеро кўчмас мулк бозори шунчалик каттаки, кўп ҳолларда харидор ва сотувчи бир-бирларини топа олмай сарсон бўладилар ва уларни учраштириб қўйган кишидан пулларини аямайдилар.
Air bnb қисқа муддатга турар жойни ижарага олиш имконини берувчи виртуал майдон. У орқали дунёнинг 191 та мамлакатидаги 65 мингдан зиёд шаҳарларда турар жойлар излаш ва ижарага олиш мумкин. Тўққиз йиллик фаолияти давомида Air bnb орқали 150 миллиондан зиёд киши турар жой топди. Ўз хизматлари учун Air bnb муайян фоиз олади – турар жой эгаларидан ижара суммасининг 3 фоизи, ижарага олувчидан – 6-12%.
Хулоса шу: ахборотларга тўлиб кетган бизнинг асримизда керакли маҳсулот ёки хизматни ишлаб чиқариш эмас, балки уни харидорга етказиб бериш муҳимроқ саналади. Шундай экан, атрофга назар ташланг – ҳали бошқалар илғамаган, тушуниб етмаган қанчадан-қанча имкониятлар сочилиб ётибди. Улардан бирини танланг-да, ишга киришинг. Биз сизга омад тилаб қоламиз.