1905 йилга қадар Тошкентда шаҳар соатлари вазифасини жанговар тўп адо этиб келган – у ҳарбий қалъада ўрнатилган бўлиб, ҳар куни қоқ пешинда бутун шаҳарни ларзага келтириб, ўт очилган. Қалъа Тошкент астрономия ва физика обсерваторияси билан боғлангани сабабли, тўп жуда аниқ ишлар эди. У пайтларда шаҳар аҳолиси Қуёш ва… тўпга қараб вақтни аниқлашар, фақат бойлардагина Романов кўчасидаги “Женева” дўконидан харид қилинган шахсий соатлар бўларди.
1905 йилда Марказий вокзал биносига биринчи шаҳар соатлари ўрнатилди, улар қарийб 40 йил давомида ягона бўлиб келди. Фақат 1947 йилдагина шаҳар марказида соат ва қўнғироқлар ўрнатилган минора бунёд этилди. Унинг баландлиги 30 метр бўлиб, ўша давр Тошкенти учун осмонўпар саналарди. Қўнғироқлар ҳар 15 дақиқада бонг урарди – шаҳар аҳли вақт бориши кузатибгина қолмай, тинглашлари ҳам мумкин бўлганди!
1940- йиллар Фото: Макс Пенсон
Бугунги Тошкент куранти – бу шунчаки пойтахт тимсолига айланган соатли минора эмас, балки у ўзида чуқурроқ маънони касб этади: курант – Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган (жумладан 430 минг нафар ўзбекистонлик) аскарлардан хотирадир.
Тошкент куранти тарихи узоқ 1945 йилда, Шарқий Пруссиядаги Алленштайн шаҳарчасида бошланади. Ўшанда 40 ёшли сержант Ишия Айзенштейн – тошкентлик соатсозлар сулоласи вакили бомбардимондан кейин соғ қолган соат механизмини яримвайрона ҳолдаги ратушадан ечиб олади ва уни она шаҳрига олиб кетишга қарор қилади. Айзенштейн керакли ҳужжатларни тўплайди ва ҳарбий қўмондонлик рухсатини олади – соат Тошкентга Айзенштейн полки номидан фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба тимсоли сифатида совға бўлди.
Бундай совға Тошкентда катта кўтаринкилик билан қабул қилинди, Айзенштейнни шаҳар курантини лойиҳалаштириш ва қуриш гуруҳига қўшиб қўйдилар, катта танлов ўтказдилар ва бўлажак курант учун марказий шаҳар боғига кираверишдан жой ажратдилар.
1947 йил, ноябрь. Фото: С. Безносов
Танлов якунига кўра архитектор Адгам Муҳамедшин лойиҳаси танлаб олинди. У кейинчалик узоқ йиллар давомида Тошкент бош архитектори ўринбосари лавозимида ишлади. Муҳандис В.Левченко бўлди (у ҳақда ҳеч нарса маълум эмас). Минорага миллий руҳ бағишлаш учун эса, машҳур ганчкор – уста Ширин Муродов таклиф этилди. У Ўзбекистондан ташқарида ҳам жонсиз алебастерни нақшинкор санъат асарига айлантириб юбориши билан шуҳрат қозонганди. Уста Навоий номидаги театр Бухоро залини, Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройини безашда ҳам қатнашган. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги кўчалардан бири унинг номи билан аталади.
1949 йил
Тошкент курантининг тантанали очилиши фашизм устидан қозонилган ғалабанинг иккинчи йили нишонланишидан 10 кун олдин ўтказилди. Ўша куни Айзенштейн шаҳар фахрий фуқароси этиб сайланди ва курантнинг расмий назоратчиси этиб тайинланди. Айзенштейн бутун умрини курант соатининг соз ишлашини таъминлашга бағишлади. Ўн йиллар давомида у маълум жадвал асосида бу ерга клеган, механизмни мойлаган, қўнғироқни тозалаган, соат мурватларини бураб созлаган. Курант унинг учун маданиятга, жамиятга қўшаётган ҳиссаси бўлган, у учун ўз фарзандидек эди. Курант биносида унинг исми-шарифи ёзилган мармар тахтаси ўрнатилган.
1952–1953 йиллар. Инқилоб хиёбонидаги курант
1954 йил. “Ўзбекистон архитектураси” китобидан сурат
1954 йил. Ўзбекистон пойтахтида тонг. Фото: Яков Рюмкин
1964 йил
1966 йилдаги зилзиладан кейин Айзенштейн ер ости силкинишларидан зарарланган механизмни қайта ишга туширди. Зилзила оқибатида қўнғироқлардан бири ишдан чиққанди, лекин тошкентлик усталар ундан асло қолишмайдиган янги қўнғироқ қуйишга муваффақ бўлдилар.
1971 йил
1978 йил. Фото: Герд Шприсс
1981 йил. Фото: https://prostislav1.livejournal.com/
1981 йил. Фото: https://prostislav1.livejournal.com/
Тошкент курантининг кейинги қайта қурилиши 90- йиллар охирларига тўғри келади, 2009 йилда эса, курант “эгизак”ли бўлди – бир пайтлар машҳур бўлган “Буратино” қаҳвахонаси ўрнига яна битта курант бунёд этилди.
Янги курант аввалгисига икки томчи сувдек ўхшаш қилиб қурилди.
2011 йил. Янги курант. Фото: Станислав Магай
Бу йил апрель ойида Тошкент курантига 70 йил тўлди. Унинг жарангли овози ҳалигача вақт ўткинчи эканлигини эслатиб, урушнинг миллионлаб қурбонларини ёдга солади, кимларгадир эса, шунчаки, ўз оҳанги билан кўтаринкилик бағишлайди.
Ҳозирги Тошкентда кўпқаватли бинолар ва замонавий фасадлар олдида курант минораси аввалгидек улуғвор кўриниш касб этмайди, унинг тагида севгига йўғрилган икки қалб учрашувлари кузатилмайди, аммо у тарихий обида сифатида ҳамон шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонларини мафтун этиб келмоқда.
2012 йил. Янги курант. Фото: Станислав Магай